Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида

27.01.14

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда хўжалик судларининг 2013 йилдаги фаолияти якунлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги “2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади” номли маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.

Раёсат мажлисида хўжалик судларининг мазкур даврдаги фаолияти хўжалик муносабатларида қонунчиликни мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилганлиги таъкидланди. 

Чунончи, ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорлар ва давлат органларидан хўжалик судларига келиб тушган 235 мингдан ортиқ ариза ва даъво аризалари мазмунан кўриб ҳал этилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 23 мингдан зиёд ишлар кўрилиб, уларнинг фойдасига 322,5 млрд. сўм маблағларни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Тадбиркорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида 84 мингдан ортиқ хўжалик ишлари бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Шунингдек, давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига хилоф равишда чиқарилган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш ва айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўллашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хўжалик судларида суд фаолиятига оид ишларни ташкил этиш, бу борадаги ички меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, хўжалик судлари суд мажлиси котиблари тўғрисида, хўжалик судлари судьяларининг фаолияти самарадорлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тўғрисида, судьялар ва суд ходимларининг касб малакасини ошириш ва стажировка ўтиш тартиблари тўғрисидаги Низомлар, Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари ходимларининг Касб ва ахлоқ одобномаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган маърузасида ўтган йили иқтисодиётнинг барча тармоқларига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига ўта муҳим эътибор қаратилганлиги, айни вақтда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича ишларни келгуси йилларда изчил давом эттириш лозимлиги кўрсатиб ўтилган эди.

Ўз ўрнида, Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этишда алоҳида аҳамият касб этганлигини қайд этиш зарур. Мазкур Фармон асосида 2013 йил 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини электрон шаклда қабул қилиш, 2013 йил 1 июндан бошлаб эса суд муҳокамаси иштирокчиларига суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарларни маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юбориш тартиби жорий этилган.

Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари учун катта қулайликлар яратилиб, уларнинг вақти ва маблағларининг тежалиши билан бирга одил судловнинг ошкоралиги ҳамда шаффофлиги таъминланмоқда. Жумладан, 2013 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан хўжалик судларига электрон шаклда юборилган даъво аризалар ва илтимосномалар сони 1800 тадан ошган бўлса, суд муҳокамаси иштирокчиларига 1600 га яқин суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарлар судлар томонидан маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юборилган.

Судларда иш юритиш самарадорлигини ошириш ҳамда электрон ҳужжат алмашинувини жорий этиш мақсадида Олий хўжалик суди ва барча қуйи хўжалик судлари фаолиятини бирлаштирган ягона электрон база ишга туширилди. Эндиликда мазкур электрон база воситасида қуйи хўжалик судларининг фаолияти Олий хўжалик суди томонидан мониторинг қилиб борилмоқда.

Айни чоғда 2014 йилда ҳам хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан, ишни кўраётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун улар жойлашган ҳудуддан чиқмасдан, вақтлари ва маблағлари тежалган ҳолда суд процессида иштирок этишлари имконини берувчи суд мажлисларини видеоконференция усулида ўтказиш амалиётини жорий этиш режалаштирилган. Судлар ўртасида видеоконференция алоқа тизимининг ишга туширилиши суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратиши баробарида Олий хўжалик суди томонидан ҳар қандай маълумотларни жойлардаги судларга тезкорлик билан етказиш, масофадан туриб йиғилишлар, семинарлар ва конференциялар ўтказиш имкониятини яратади.
Йиғилишда 2013 йил давомида амалга оширилган ишлар билан биргаликда, хўжалик судларида ишларни ташкил этиш борасида йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди ҳамда уларни бартараф этиш, судья ва суд ходимларининг масъулиятини янада ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди
Матбуот хизмати