Ўзбекистон судлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш имконият ва истиқболлари

08.10.13

Бухорода «Судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш – суд ишлари тезкорлигини оширишнинг муҳим омили: хорижий мамлакатларнинг илғор ажрибаси» мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилди. Унда мамлакатимиз Олий суди ва Олий хўжалик суди, умумий юрисдикция судлари судьялари, ҳуқуқшунос олимлар, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакиллари, Малайзия, Жанубий Корея, АҚШ, ГФР, Эстониядан экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Мустафоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш борасида ўз йўлини танлаган мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланганини таъкидлади. Судлар инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш тизимида муҳим ўрин тутмоқда.

Истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ соҳасини изчил демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинлигини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро нормаларга мос соҳа қонунчилиги шакллантирилиб, мунтазам такомиллаштирилмоқда. Чунончи, судлар жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштирилди, суд ишларини кўриб чиқишнинг апелляция ва кассация институти, ярашув институти жорий қилинди. 2008 йилнинг январидан Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилингани, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилгани суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, инсон ҳуқуқларини ишончли таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Эстония судларни бошқариш кенгаши аъзоси Мелис Ээрик. – Ўзбекистонда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича судья кадрларни танлаш тизимини қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш, уларнинг малакасини ошириш, судьялар ҳамда суд аппарати ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қаратилган зарур ташкилий чора-тадбирлар кўрилаётир.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилаётгани ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ошаётганидан далолат беради. Бу жараёнда замон талабларига мос суд-ҳуқуқ амалиётида янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ҳужжат айланишини электрон шаклга ўтказиш суд ишларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар чиқариш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, қоғоз сарфини камайтириш имконини беради.

Халқаро экспертлар ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган давлат бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, «электрон ҳукумат» ва электрон ҳужжат айланиши тизимларини ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базага юксак баҳо берди. Шу муносабат билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар судларни тўлиқ ахборотлаштириш учун зарур шароит яратаётгани ва бу, ўз навбатида, мамлакатимизда электрон судловни татбиқ этишни жадаллаштириш имконини бераётгани таъкидланди.

Қайд этиш жоизки, ушбу йўналишда муайян ишлар бажарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 2 августда қабул қилинган «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш вазифалари белгиланган бўлиб, бу уларнинг иш самарадорлигини ошириш, одил судловнинг барча учун очиқ-ошкоралик принципини ҳаётга тўла татбиқ этишга хизмат қилаётир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирларига оид қарорида суд ходимларини компьютер ва офис техникаси билан тўлиқ таъминлаш, судларнинг локал тармоғини бирлаштирадиган корпоратив тармоқни ташкил қилиш, судлар фаолияти ҳақида ахборот тўплаш, унга ишлов бериш, тизимлаштириш ҳамда сақлаш бўйича «Суд фаолияти» ва «Суд ҳужжатлари» тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилган. Судга электрон шаклда мурожаат қилиш имконини берадиган веб-ресурсларни модернизация қилиш режалаштирилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди фаолияти эътиборга лойиқдир. Унинг расмий сайтида ҳужжатларни қабул қилиш, суд ишлари иштирокчиларини хабардор қилиш ва уларга электрон шаклдаги суд ҳужжатларини юбориш имконини берадиган «Электрон қабулхона» очилган.

Халқаро илмий-амалий семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Фуқаролик судлов ишини ислоҳ қилиш: самарали судлов маъмурчилиги» лойиҳаси самаралари билан танишди. Жумладан, семинар арафасида улар Тошкент вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига ташриф буюриб, мамлакатимиздаги илк «E-SUD» электрон судлов тизими тақдимотида қатнашди. Ушбу тизим аҳоли, адвокатлар ва суд органлари ходимлари учун катта қулайликлар яратади.

«E-SUD» электрон судлов тизими судлар фаолияти ҳақида ахборот тўплаш, унга ишлов бериш, тизимлаштириш, сақлаш, даъво аризалари, илтимоснома ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклда қабул қилиш ва жўнатиш, фуқаролик ишлари жараёнини шахсан судга бормасдан ахборот тизими орқали кузатиш, суд иши иштирокчиларига турли хатлар юбориш, корпоратив электрон почтага эга бўлиш, электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда электрон ҳужжат айланишидан фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга, мазкур тизим судьялар ва суд ходимларига фуқаролик суди фаолияти тўғрисида статистика ва бошқа ҳисоботлар тузишни автоматлаштиришда ёрдам беради.

– «E-SUD» электрон судлов тизими қулайлиги ва ишончлилиги билан эътиборга молик, – деди Корея Республикаси Олий судининг Суд ахборот технологиялари бюроси бошлиғи Ко Бом Сок. – Менимча, бу тизим суд ходимлари, адвокатлар ва фуқаролар учун ҳам жуда фойдали бўлади. Ўз мамлакатим тажрибасидан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, ҳар йили даъво аризаларининг қирқ фоизи айнан электрон суд тизими орқали келиб тушмоқда. Яқин келажакда ушбу тизим Ўзбекистоннинг ҳам барча суд босқичларида ишга туширилишига ишонаман.

Экспертларнинг фикрича, одил судловнинг очиқ-ошкоралиги ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлаш электрон судлов тизимини жорий қилишнинг асосий самарасидир. Бу принципларни ҳаётга татбиқ этиш суд ахборотидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борадаги жамоатчилик фикри, шубҳасиз, судлар иши самарадорлигини, суд тизими ходимлари масъулиятини оширади, суд ҳокимияти нуфузининг юксалишига хизмат қилади.

– Суд жараёнларини бошқариш бўйича ишончли электрон тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш самарали, замонавий ҳамда ҳисоб берувчи суд тизимини шакллантиришда муҳим технологик асос бўлиб хизмат қилади, – деди Массачусетс штати олий суди судьяси Роберт Корди (АҚШ). – Бу судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва суд иши томонлари зиммасидаги юкни енгиллаштиришга ёрдам беради. Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда суднинг барча босқичлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда судлар фаолиятига электрон судловни жорий этиш амалдаги қонунчиликнинг қатор процессуал нормаларини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Шу сабабли халқаро илмий-амалий семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексига киритилган, хўжалик судига электрон мурожаат ва ҳужжатларни ахборот тизими орқали юборишни кўзда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар таҳлил этилди.

Юқори технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш баробарида ҳуқуқий шарт-шароитларни такомиллаштириш аҳолининг барча қатламлари учун ахборотдан тенг фойдаланиш имконияти таъминланган ахборот жамиятини шакллантириш, давлат тузилмаларининг ўзаро ва фуқаролар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконини беради. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутиши лозим. Зеро, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги судлар фаолиятининг очиқлиги ва сифатининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.

– Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар билан танишиш имкониятига эга бўлганимиздан ғоят мамнунмиз, – деди Малайзия Федерал суди раиси Тун Арифин бин Закария. – Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўлим жазосининг бекор қилиниши, судларнинг ихтисослашуви, кассация институтининг ислоҳ этилиши, ишларни қайта кўриб чиқиш бўйича апелляция тартибининг жорий этилиши ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган бошқа кўплаб изчил ишлар юксак эътиборга лойиқдир.

Семинар қатнашчилари судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича миллий ва халқаро тажрибани кенг муҳокама этиб, Ўзбекистонда суд ишини юритиш соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар нафақат судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш самарадорлигини оширишга ёрдам бериши, балки, энг муҳими – ишларни судда ошкора кўриб чиқиш принципини, ахборот очиқлиги, одил судловдан фойдаланиш ва унинг ошкоралигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

ЎзА, Сардор Тожиев