Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

08.07.14

Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва у 2015 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 2 июль,
176-сон

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сон қарорига
1-ИЛОВА


Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисида

НИЗОМ


I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда акциядорлик жамиятларининг (кейинги ўринларда жамият деб аталади) корпоратив веб-сайтларига ва ушбу сайтларда жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотга қўйиладиган талабларни белгилайди.
2. Акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган хўжалик бошқаруви органининг корпоратив веб-сайти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларга ҳам мувофиқ бўлиши керак.
II. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборот
3. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотга қуйидагилар тегишлидир:
жамият фаолиятининг предмети ва мақсадлари;
жамиятнинг устави, шу жумладан унга ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда жамиятнинг тасдиқланган бизнес-режалари;
жамиятни ривожлантириш стратегияси тўғрисидаги ахборот;
жамиятнинг ташкилий тузилмаси, унинг таркибий бўлинмалари, филиаллари, ваколатхоналари, шўъба ва тобе хўжалик жамиятларининг номи, уларнинг телефонлари рақамлари, манзили (почта ва электрон манзиллари), уларнинг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
жамиятнинг раҳбарлари (директор ва бошқарув раиси) тўғрисидаги маълумотнома ахборот;
бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;
жамият ёки унинг бошқарув органлари томонидан тузилган коллегиал ва маслаҳат органлари (комиссиялар, кенгашлар, қўмиталар ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;
жамиятнинг аффилланган шахслари рўйхати;
корпоратив бошқарув масалалари бўйича жамиятнинг ички ҳужжатлари, шу жумладан акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган корпоратив бошқарув кодекси (у мавжуд бўлганда);
«Қимматли қоғозлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига мувофиқ ошкор қилиниши керак бўлган жамият фаолиятидаги муҳим фактлар;
акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарорлар бўйича овоз бериш якунлари (ушбу қарорлар қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун мобайнида эълон қилинади);
акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши, санаси, вақти, ўтказиладиган жойи, кун тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
қимматли қоғозлар эмиссияси проспектлари, шунингдек қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиниши керак бўлган жамиятнинг чораклик ва йиллик ҳисоботлари;
жамият томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, семинарлар ва брифинглар, давра суҳбатлари, расмий ташрифлар) тўғрисидаги маълумотлар, матбуот-релизлар ва кундалик фаолият тўғрисидаги бошқа ахборот;
жамият томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар) рўйхати ҳамда улар тўғрисидаги маълумотлар;
товарларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича жамият ва унинг ташкилотлари томонидан ўтказиладиган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;
жамиятнинг молия-хўжалик ҳолатини ва уни ривожлантириш динамикасини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар тўғрисидаги муҳим маълумотлар, жамият фаолияти тўғрисидаги ахборот тусидаги таҳлилий шарҳлар;
охирги уч йилда ҳисобланган ва тўланган дивидендлар, шу жумладан қарздорлик миқдори тўғрисидаги маълумотлар, акциядорлар томонидан дивидендларни олиш учун боғланиш маълумотлари ва бошқа маълумотлар;
йиллик молия-хўжалик фаолиятни текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси;
жамият томонидан акциялар сотиб олиниши тўғрисидаги маълумотлар;
корпоратив веб-сайтдаги ахборот материалларидан бошқа шахслар фойдаланганда жамиятнинг корпоратив веб-сайтига мажбурий ҳаволалар кўрсатилиши тўғрисидаги талаб;
жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштиришни жамият зарур деб ҳисоблайдиган бошқа маълумотлар.
4. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида бошқа манбалардан маълумотларни жойлаштиришга фақат ахборот манбаи кўрсатилган тақдирда йўл қўйилади.
III. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтини юритиш бўйича талаблар
5. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида қуйидагилар бўлиши керак:
гуруҳлар бўйича жойлаштирилган ахборот таснифланган ҳолда қулай ва оддий интерфейс;
жамият веб-сайтининг фойдаланиладиган интерфейси унда жойлаштирилган ахборотнинг тузилиши тўғрисидаги кўргазмали тасаввурни, бўлимлар ва саҳифаларга дарҳол ва мантиқли ўтишни таъминлаши керак;
жамият билан қайта алоқа боғлаш, юридик ва жисмоний шахслардан мурожаатларни қабул қилиш имконияти;
жойлаштирилган ахборотни архивлаштириш, тиклаш ва такрорлаш имконияти;
электрон почта воситасида ҳамда янгилашлар ва янгиликларни етказиб беришнинг оммабоп автоматлаштирилган форматлари воситасида корпоратив веб-сайтнинг янгиланишларига ёзилиш имконияти.
6. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборотдан унинг томонидан базавий ахборот хизматлари кўрсатилиши доирасида фойдаланиш эркин ва бепул бўлиши керак.
Жамият базавий ахборот хизматларидан ташқари, жамиятнинг корпоратив веб-сайти орқали, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пулли асосда қўшимча хизматлар кўрсатиши мумкин.
7. Жамият ижро этувчи орган раҳбарининг қарори билан жамиятнинг корпоратив веб-сайтидаги ахборотни шакллантириш, жойлаштириш, шунингдек янгилаш учун масъул бўлган шахсни белгилайди.
8. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтидаги ахборот давлат тилида тақдим этилиши керак. Жамият корпоратив веб-сайтининг бошқа тиллардаги версиялари бўлиши мумкин.
9. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборот йўқ қилиниши, блокировка қилиниши, бузилиши ва қалбакилаштирилишининг, шунингдек рухсат берилмаган аралашувлар бошқа шаклларининг олдини олиш бўйича жамият томонидан ҳимоя қилишнинг тегишли чора-тадбирлари кўрилиши керак.
10. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жорий этиш учун мажбурий бўлган асосий функцияларга қуйидагилар тегишлидир:
жамиятнинг корпоратив веб-сайти бўйича излаш;
мобиль қурилмалар учун соддалаштирилган дизайнли жамият веб-сайти версияси;
имкониятлари чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратиш (контрастни қўшимча қилиш, шрифтни катталаштириш, овоз жўрлиги ва бошқа функциялар);
жамиятнинг веб-сайтидан хавфсиз фойдаланиш (махфий ахборотни беришни ёки пулли хизматлар кўрсатишни назарда тутувчи сайтлар учун);
фуқароларнинг мурожаатларини шу жумладан электрон почтага билдиришнома юбориш воситасида кўриб чиқишни ва вақтини кузатиб бориш;
жамоатчилик фикрини ўрганиш ва жамият фаолиятига тегишли масалаларни муҳокама қилиш воситалари (он-лайн-сўровлар, блоглар, форумлар);
ташрифларни ва статистикани назорат қилиш воситалари.
11. Устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бевосита ёхуд ўзининг идоравий мансуб ташкилотлари орқали хизматлар кўрсатувчи ва/ёки товарларни сотувчи жамиятларнинг корпоратив веб-сайтларида қуйидаги функциялар назарда тутилиши керак:
товарлар, ишлар ва хизматларнинг турлари ва қиймати (тарифлар) тўғрисидаги тўлиқ ва муҳим маълумотларни қулай шаклда тақдим этиш;
аризалар, декларациялар, сўровномалар, бланкалар ва бошқа зарур ҳужжатларнинг электрон шаклларини шу жумладан мобиль қурилмалар ёрдамида тўлдириш;
тўловларга шу жумладан мобиль қурилмалар ёрдамида он-лайн ҳақ тўлаш;
хизматлар кўрсатиш юзасидан сўровномани расмийлаштиришда (шаклларни тўлдиришда) ҳужжатларнинг электрон версияларини илова қилиш.
IV. Жамиятнинг корпоратив веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар
12. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши ва жамият фаолиятини холисона ёритиши керак.
13. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида давлат сирига ва хизматда фойдаланиш учун тегишли бўлган ахборот, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланган бошқа ахборот бўлмаслиги керак.
14. Жамият ижроия органининг раҳбари ушбу Низомга мувофиқ жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштириладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун жавоб беради.
V. Якунловчи қоидалар
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
16. Ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги махсус ваколатли орган билан биргаликда амалга оширилади.

Манба: lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=2420411