Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

04.07.14

 

Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 26-сон, 316-модда) 

«Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. «Ўздавнефтгазинспекция», «Ўзбекнефтгаз» МХК манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсинлар.

Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ 

Тошкент ш.,

2014 йил 24 июнь,

169-сон

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2014 йил 24 июндаги 169-сон қарорига
ИЛОВА

Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш 

ҚОИДАЛАРИ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида», «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида», «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунларига ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва газ етказиб берувчилар ва ундан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгилайди.

Газ етказиб берувчилар ва ундан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

2. Ушбу Қоидаларни, уларнинг идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, газни етказиб берувчилар ва уни истеъмол қилувчилар, қурилиш-монтаж, лойиҳалаш, ишга тушириш-созлаш ташкилотлари томонидан бажариш учун мажбурий ҳисобланади.

3. Ушбу Қоидалар, газдан фойдаланувчи ускуналарнинг (қурилмаларнинг) ҳисобланган жами қуввати 100 кВт.гача бўлган тақдирда, газдан автоном ҳолда иситиш, иссиқ сув таъминоти ҳамда овқат тайёрлаш учун турар жойларда ва жамоат биноларида маиший эҳтиёжлар учун фойдаланувчи истеъмолчиларга татбиқ этилмайди.

II. Асосий тушунчалар

4. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

авария ҳолатларида газ етказиб бериш графиклари — авария ҳолатларида ёки магистрал ва тақсимлаш газ қувурларининг технологик иш режими бузилган ҳолатларда, уларни газ тармоқларидан (қисман ёки тўлиқ) узиб қўйиш навбатини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчиларга газ етказиб бериш графиклари;

газ — газ қазиб чиқарувчи, газ, нефть қазиб чиқарувчилар томонидан ёки газ-нефть қазиб чиқарувчи ташкилотлар, газни қайта ишловчи ташкилотлар, газ узатувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган табиий газ, нефть (йўлдош) гази, шунингдек ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган нефтни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган ёқилғи гази;

газ узатиш ташкилоти — газни қабул қилувчи, узатувчи ва истеъмолчиларга етказиб берувчи ташкилот;

газ таъминоти ташкилоти — газни қабул қилишни, тақсимлашни ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминловчи ташкилот;

газдан фойдаланиш ускунаси — буғқозонлар, ишлаб чиқариш печкалари, утилизаторлар, технологик линиялар ҳамда энергиядан самарали фойдаланиш ва энергияни тежаш талабларига жавоб берадиган ҳамда газдан марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш мақсадида ёқилғи сифатида, турли ишлаб чиқаришларнинг технологик жараёнларида газдан фойдаланувчи бошқа қурилмалар, шунингдек газдан хом ашё сифатида фойдаланувчи бошқа қурилмалар;

газ тармоғининг бўлиниш чегараси — газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиладиган жой уларнинг баланс бўйича масъуллигига кўра аниқланадиган газ узатиш ташкилоти, газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчилар ўртасида газ тармоғининг бўлиниш нуқтаси;

газни етказиб беришга шартнома — унга мувофиқ етказиб берувчи газни истеъмолчига ўзининг газ тармоқлари орқали бериш, истеъмолчи эса қабул қилинган табиий газ учун тўловни амалга ошириш, шунингдек шартномада назарда тутилган газни истеъмол қилиш режимига риоя этиш, ўзининг тасарруфидаги газ тармоқлари хавфсизлигини ҳамда газ истеъмоли билан боғлиқ ҳолда ўзи фойдаланадиган приборлар ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини оладиган битим;

етказиб берувчи — газни етказиб берувчи газ мулкдори ёки унинг ваколатли шахси;

истеъмолчи — газни етказиб берувчидан сотиб оладиган ва ундан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланадиган юридик шахс. Истеъмолчилар қуйидаги тоифаларга бўлинади:

стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчилар тоифаларига мансуб бўлмаган асосий истеъмолчилар;

узлуксиз фаолият кўрсатадиган ишлаб чиқариш-технологик объектларга эга бўлган, улар учун газ етказиб бериш рўйхати ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар;

газнинг узлуксиз етказиб берилишини талаб қиладиган, улар учун газ етказиб беришнинг рўйхати ва шартлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланадиган, ўз ичига ижтимоий соҳа муассасаларини ва бюджет ташкилотларини оладиган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар;

газни ҳисобга олиш приборлари — қуйидаги бир ёки бир нечта функцияларни: газ сарфини (ҳажмини), ҳароратини ва босимини ўлчашни; приборларнинг ишлаш вақтини ҳисобга олишни; ўлчанадиган кўрсаткичлар тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, сақлаш ва акс эттиришни бажариш учун мўлжалланган ўлчов техникаси воситалари;

ишга тушириш-созлаш ишлари — газдан фойдаланиш ускунасини коммуникациялар ва арматуралар билан ишлашга тайёрлашни ва ишга туширишни, газдан фойдаланиш ускунаси юкламасини газдан фойдаланиш ускуналари эгаси бўлган ташкилот билан келишилган даражагача етказишдан, шунингдек фойдали иш коэффициентини мақбуллаштирмасдан газдан фойдаланиш ускунасининг иситиш режимини созлашдан иборат бўлган ишлар комплекси;

ҳисоб-китоб ойи — йилнинг газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида етказиб берилган газ учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак бўлган ойи;

резерв ёқилғи — газ етказиб бериш қисқарадиган ёки тўхтайдиган даврда фойдаланиш учун мўлжалланган ёқилғи;

режимли-созлаш ишлари — иш юкламалари диапазонида лойиҳадаги (паспортдаги) фойдали иш коэффициентига эришиш мақсадида газдан фойдаланиш ускунасини созлашни, ёқилғи ёқиш жараёнларини тартибга солиш воситаларини, иссиқликни утилизация қилувчи ва ёрдамчи ускуналарни созлашни ўз ичига оладиган ишлар комплекси;

резерв ёқилғи хўжалиги — резерв ёқилғини сақлаш, узатиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ва қурилмалар комплекси;

газ тармоғига уланишга қўйиладиган техник шартлар — бошланғич рухсат бериш ҳужжати, унда кўрсатилган шартларга риоя этилган тақдирда истеъмолчининг газдан фойдаланиш ускунасини етказиб берувчининг газ тармоқларига улашнинг техник имконияти мавжуд бўлади ва у газлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

III. Табиий газга бўлган эҳтиёжни аниқлаш

5. Истеъмолчи жорий йилнинг 15 июлигача бўлган муддатда газ таъминоти ташкилотига чораклар бўйича (қиш даври учун — ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда келгуси йилда газ истеъмолининг прогноз қилинаётган ҳажми учун буюртманома беради.

6. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси (кейинги ўринларда «Ўзбекнефтгаз» МХК деб аталади) томонидан жорий йилнинг 1 августигача бўлган муддатда келгуси йил учун газни қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш ва тақсимлашдаги ўзининг газга бўлган эҳтиёжлари ва технологик йўқотишлар аниқланади.

7. Келгуси йилда газга бўлган эҳтиёж, ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлиги ҳисобига техник ва илмий асосланган нормалар асосида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинаётган ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги газ сарфи ва маҳсулот ишлаб чиқарилиши асосида тегишли ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлиши керак.

8. Газ таъминоти ташкилоти ҳар йили жорий йилнинг 1 сентябригача, чораклар бўйича (қиш даври учун — ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда, (келгуси йилда янгидан ишга тушириладиган объектлар учун резерв ҳажмларини назарда тутган ҳолда) келгуси йил учун газга бўлган эҳтиёж прогнозини шакллантиради ва кейинчалик «Ўзбекнефтгаз» МХКга тақдим этиш учун «Ўзтрансгаз» АКга юборади.

9. «Ўзбекнефтгаз» МХК тақдим этилган буюртманомалар асосида, ресурс ва газ узатиш имкониятларини, шунингдек ички тармоқ эҳтиёжини ва газ экспорти ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда чораклар бўйича (қиш даври учун — ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва уларни тақсимлаш балансини тузади ҳамда газ истеъмолининг прогноз қилинаётган келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва уларни тақсимлаш баланси лойиҳасини тайёрлаш учун жорий йилнинг 15 сентябригача Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этади.

10. Келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва уларни тақсимлашнинг тасдиқланган балансига мувофиқ «Ўзбекнефтгаз» МХК «Ўзтрансгаз» АКга, кейинчалик уларни газ таъминоти ташкилотларига юбориш учун, истеъмолчиларга газ етказиб беришнинг йиллик ва чораклик (қиш даври учун — ойлар бўйича) ҳажмларини тақдим этади.

IV. Ташкилотларни газлаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳужжатларни расмийлаштириш

11. Истеъмолчилар газдан фойдаланиш янги ускуналарини ишга тушириш, ишлатилаётган қувватларни реконструкция қилиш ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда газ таъминоти ташкилотларининг газ тармоқларига улаш тўғрисида қарор қилишда улар билан белгиланган шакл бўйича тақдим этилаётган ҳисоб-китобларга мувофиқ газ етказиб беришнинг техник имкониятларини келишиб олади.

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда газ таъминоти ташкилотлари томонидан истеъмолчига, ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, уланиш учун техник шартлар берилади.

12. Истеъмолчи уланишга техник шартларни (кейинги ўринларда ТШ деб аталади) олиш учун газ таъминоти ташкилотига юборилаётган буюртманомада табиий газдан фойдаланиш даврини кўрсатади ва унга ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашиш режасини, газдан фойдаланиш ускунасининг типи ва техник тавсифлари тўғрисидаги маълумотларни, резерв ёқилғидан фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда, газ истеъмолининг режалаштирилаётган ҳажмлари ҳисобини илова қилади. Уланиш учун техник шартлар муддатини узайтириш ва уларни такроран олиш учун ҳам истеъмолчи юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни тақдим этиши зарур.

13. Газ таъминоти ташкилоти техник шартларнинг амал қилиш муддати узайтирилган тақдирда уланиш учун янги, такрорий техник шартларни тўлов ундирмасдан ариза берилган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида беради ёки газ тармоқларига уланиш учун уларни беришни рад этади.

14. ТШни бериш рад этилган тақдирда газ таъминоти ташкилоти ариза берилган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида ариза берувчига рад этишнинг асослари билан бирга ёзма хабарнома юборади ва тақдим этилган ҳужжатларни қайтаради.

15. Истеъмолчи томонидан ушбу Қоидаларнинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги ТШни беришни рад этиш учун асос ҳисобланади.

16. ТШ газлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

17. Газ қувурига уланиш учун техник шартларда қуйидагилар кўрсатилади:

газ қувурига уланиш жойи;

газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш жойи;

уланаётган газ қувуридаги газнинг энг кўп соатлик, суткалик, йиллик сарфи ва ишлатиладиган босими, шунингдек ушбу босимнинг ўзгариш чегаралари;

газ тақсимлаш пункти иншоотининг зарурлиги, газ тақсимлаш пунктига бўлган техник талаблар, автоматика типи, газ қувурлари сони ва уларнинг ҳар биридаги газ босими, коррозиядан ҳимоялаш чора-тадбирлари ва шу кабилар;

газ қувурларини қуриш бўйича қўшимча ишлар;

газдан фойдаланиш ускунасига ва газ ёндириш қурилмаларига қўйиладиган талаблар (типи, маркаси, сони), техник талабларга мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги;

газни ҳисобга олишга қўйиладиган талаблар;

асосий ёқилғи тури сифатида табиий газдан фойдаланиш даври (ойлар бўйича);

резерв ёқилғидан фойдаланиш даврини кўрсатган ҳолда, резерв ёқилғи хўжалигига қўйиладиган талаблар.

ТШнинг амал қилиш муддати улар берилган кундан бошлаб 2 йилни ташкил қилади. Белгиланган муддат ўтгач истеъмолчи уланишга техник шартларнинг амал қилиш муддатини узайтириши ёки уланишга янги ТШни олиши шарт.

18. ТШ талабларини бажариш зиммасига газлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш юкланадиган лойиҳалаш ташкилоти ва истеъмолчилар учун мажбурий ҳисобланади. Техник шартлардан чекинишга фақат газ таъминоти ташкилоти билан келишилган тақдирда йўл қўйилади.

19. Газ таъминоти ташкилоти томонидан берилган ТШга тегишли ўзгартиришлар киритмасдан газдан фойдаланиш ускунаси қувватини кўпайтириш томонга ўзгартириш тақиқланади.

20. Юридик шахснинг мақоми ёки мулк эгаси ўзгарган тақдирда газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома янги истеъмолчи ёки мулкдор билан қайта тузилади. Бунда ТШни такрорий расмийлаштириш талаб қилинмайди.

V. Газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатларига қўйиладиган талаблар

21. Газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатларида қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

тушунтириш хати;

иссиқлик-механика қисми;

технология қисми;

назорат-ўлчов приборлари ва автоматика қисми;

газ таъминоти қисми;

резерв ёқилғи хўжалиги қисми;

ускуналар ва материаллар спецификаси қисми;

электр қисми ва бошқалар.

22. Газ таъминоти (корхоналарнинг газдан фойдаланиш ускунаси, қурилмалари, узатиш, тақсимлаш ва ички цех газ қувурлари) лойиҳаси газ таъминоти тизимларини лойиҳалаш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган лицензияга эга бўлган лойиҳалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади.

Лойиҳалаш ташкилоти газ таъминоти бўйича ишлаб чиқилган лойиҳанинг амалдаги норматив-техник нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги юзасидан жавоб беради.

23. Газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатларида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

газдан фойдаланиш ускуналари ва газ горелкаси қурилмаларининг энг тежамли технологик схемаларини, энергетикадан самарали фойдаланиш жараёнларини ва сертификатланганларини қўлланиш;

истеъмол қилинаётган газ сарфининг ҳисобланган диапазонида ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини стандарт шартларга келтириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган газни ҳисобга олиш приборларини қўллаш;

иккиламчи энергия ресурсларидан иқтисодий асосланган ва техник жиҳатдан мумкин бўлган тарзда фойдаланиш;

хавфсизлик автоматикаси приборларининг мавжудлиги;

иссиқлик жараёнларини автоматик тарзда тартибга солиш ва назорат қилиш тизимларини қўллаш;

газнинг ва газдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган маҳсулотнинг ҳисобга олинишини таъминлаш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (бажарилаётган ишлар, хизматлар) бирлигига ёқилғи-энергетика ресурсларининг норматив бўйича сарфланиши кўрсаткичлари;

амалдаги лойиҳалаш нормаларига мувофиқ иссиқлик агрегатлари ва иссиқлик қувурларининг қизиш юзасини сақловчи иссиқлик изоляцияларини қўллаш;

газнинг ёниш маҳсулотлари таркибини ва ҳароратини назорат қилишни таъминлаш;

бинолар ва иншоотларнинг иситиладиган ҳажмлари, шунингдек объектлардан газ қувурларигача бўлган масофалар тўғрисидаги маълумотлар.

24. Хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервация қилиш ва тугатиш лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги юзасидан экспертизадан ўтказилиши керак.

25. Газ таъминотининг (корхоналарнинг газдан фойдаланиш ускунаси, қурилмалари, узатиш, тақсимлаш ва ички цех газ қувурларининг) лойиҳа-техник ҳужжатлари техник шартлар берилган кундан бошлаб 24 ойдан кечикмай рўйхатдан ўтказилиши керак. Агар ишлар ушбу муддат мобайнида бошланмаса лойиҳа такроран келишилиши керак.

Лойиҳа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан кейин истеъмолчининг ёзма шаклдаги мурожаати асосида газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатлари барча тоифадаги истеъмолчилар учун тегишли газ таъминоти ташкилотида 5 иш кунидан кечикмай рўйхатдан ўтказилади.

Агар қурилиш рўйхатдан ўтказишнинг олдинги санасидан бошлаб 24 ой мобайнида бошланмаган бўлса, ёхуд уланишга техник шартлардан чекланишнинг лойиҳалаш жараёнида зарурлиги аниқланган бўлса газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатлари газ таъминоти ташкилотида қайта рўйхатдан ўтказилади.

Газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда газ таъминоти ташкилоти 5 иш куни мобайнида истеъмолчига, рад этиш сабабларини ва бартараф этилиши керак бўлган камчиликларни асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади.

Газ таъминотининг лойиҳа-техник ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.

26. Газ таъминоти бўйича қурилиш-монтаж ишлари, тегишли ижро-техник ҳужжатларни тузган ҳолда, ушбу ишларни амалга ошириш учун лицензияга ёки рухсатномага эга бўлган ихтисослаштирилган корхона томонидан бажарилади.

27. Газ таъминотининг мавжуд тизимларини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда қурилишга ва фойдаланишга топширишга талаблар янги қурилиш объектларига каби тақдим этилиши керак.

28. Объектнинг газдан фойдаланиш ускунасини газ таъминоти тармоқларига ўзбошимчалик билан улаш қатъиян тақиқланади.

29. Объектнинг газдан фойдаланиш ускунасини мавжуд газ таъминоти тармоқларига улаш қоидалари бузилган тақдирда бундай ҳаракатларга йўл қўйишган шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий, интизомий ва жиноий жавобгарликка тортилади.

VI. Газдан фойдаланиш ускунасида ишга тушириш-созлаш ишларини ҳамда режимли-созлаш ишларини амалга оширишга қўйиладиган талаблар

30. Газ қувурлари ва улардаги ускуналарда, янгидан қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган газдан фойдаланиш ускунасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси деб аталади) рухсатномасига эга бўлган созлаш ташкилоти ёки истеъмолчининг созлаш хизмати томонидан бажариладиган ишга тушириш-созлаш ишлари ва режимли-созлаш ишлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.

31. Газдан фойдаланиш ускунасида ишга тушириш-созлаш ишларининг ва режимли-созлаш ишларининг туганланганлиги тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилади.

Ишларнинг натижалари бўйича техник ҳисобот тузилади, унда газдан фойдаланиш ускунасининг турли иш режимларида газдан оқилона фойдаланишга, хавфсизлик ҳамда ёқилғини ёндириш жараёнларини автоматик тарзда тартибга солиш приборлари ва воситаларини, иссиқликни утилизация қилиш ва ёрдамчи ускуналарни ҳамда буғқозонлар учун сув тайёрлаш тизимлари ускунасини созлашга таъсир кўрсатадиган энергия самарадорлигининг барча кўрсаткичлари қайд этилади.

32. Бажарилган ишларнинг натижалари асосида созлаш ташкилоти истеъмолчи томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик режим (технология) хариталарини беради.

33. Вақтинчалик режим (технология) хариталарининг асл нусхалари ташкилотнинг тегишли бўлимларида сақланади, иш жойларида эса уларнинг дубликатлари осиб қўйилган бўлиши керак.

34. Ишлаётган газдан фойдаланиш ва ёрдамчи ускунада ҳар 3 йилда камида бир марта, газдан энергия сифатида фойдаланувчи ускунадан фойдаланувчи ташкилотларда эса (мукаммал ва жорий таъмирлашни ўтказиш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда) ҳар 4 йилда бир марта режимли-созлаш ишларининг қуйидаги турларини ўтказиш назарда тутилиши керак:

газдан фойдаланиш ускунасини иссиқлик техникаси (режим) жиҳатидан созлаш;

ёниш жараёнини назорат қилиш ва автоматик тарзда тартибга солиш воситаларини созлаш;

иссиқликни утилизация қиладиган ва ёрдамчи ускуналарни созлаш;

сувни тайёрлаш тизимларини созлаш;

резерв ёнилғи хўжалигини созлаш;

газ ва резерв ёқилғини биргаликда ёндиришда ёниш жараёнини созлаш.

35. Газдан фойдаланиш ускунасида ва ёрдамчи ускунада режимли-созлаш ишлари қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

газдан фойдаланиш ускунасини мукаммал ёки режадан ташқари таъмирлашдан кейин;

газдан фойдаланиш самарадорлигига таъсир кўрсатадиган конструктив ўзгаришлар киритилгандан кейин;

газдан фойдаланиш ускунаси режим (технология) хариталари талабларидан мунтазам равишда чекинилган ҳолда ишлаганда;

фойдаланилаётган ёқилғининг тури ва тавсифлари ўзгарганда.

VII. Ташкилотларнинг газдан фойдаланиш ускунасини фойдаланишга қабул қилиш

36. Янгидан қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган газдан фойдаланиш ускунасини, газ қувурларини ва улардаги ускуналарни фойдаланишга қабул қилиш ишлари қабул қилиш комиссияси томонидан КМК 3.05.02-96 «Газ таъминоти. Ишларни ташкил этиш, амалга ошириш ва қабул қилиш», ШНК 3.01.04-04 «Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш»га, шунингдек бошқа амалдаги норматив ҳужжатларга ва ушбу Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

37. Қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган газдан фойдаланиш ускуналарида қурилиш-монтаж ишлари тугагач ишга тушириш-созлаш ишлари ва режим-созлаш ишлари мажбурий равишда амалга оширилади.

38. Ишга тушириш-созлаш ишлари ва режимли-созлаш ишларини ўтказиш учун газ бериш:

а) «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан берилган ишга тушириш-созлаш ишларига;

б) бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган ёқилғи истеъмол қилувчи корхоналарга қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш тугаллангач газ бериш ва режимли-созлаш ишларини ўтказиш учун ҳамда технологик нефть-газ объектларига (қурилмаларига) ускуналарни комплекс синаб кўриш, режимли-созлаш ишлари ҳамда восита сифатида газни қўлланган ҳолда газ қувурларини тозалаш ишлари учун — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш бўйича давлат инспекциясининг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан бериладиган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

39. Газдан фойдаланиш ускунасини кўрикдан ўтказиш ва газ узатишга рухсатнома бериш истеъмолчининг газ беришга рухсатнома олиш учун аризаси тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Объектни кўрикдан ўтказишда истеъмолчи «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан берилган рухсатномаларни, ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш учун газ беришга рухсатномани, газдан фойдаланиш ускунасидан узоқ вақт (ёки мавсумий) хавфсиз фойдаланиш имконияти тўғрисида режимли-созлаш ишларини амалга оширишга «Ўздавнефтгазинспекцияси» томонидан берилган рухсатномани ҳамда лойиҳа ва ижро-техник ҳужжатларни тақдим этади.

Ҳужжатлар ёзма шаклда тақдим этилиши керак.

40. Газдан фойдаланиш ускунасига «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг ва «Ўздавнефтгазинспекция»нинг рухсатномаларисиз газ бериш тақиқланади.

41. «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси ва «Ўздавнефтгазинспекция»нинг тегишли рухсатномаларисиз газ берилган ҳолатларда газдан фойдаланиш ускунасига газ бериш тўхтатилади. Газдан фойдаланиш ускунасига газ бериш фақат газ манбаига ўзбошимчалик билан уланишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилгандан кейин, шунингдек «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг ва «Ўздавнефтгазинспекция»нинг тегишли рухсатномалари олингандан кейин амалга оширилади.

42. Газ таъминоти ташкилоти янгидан қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газдан фойдаланиш ускунасига, газ қувурлари ва улардаги ускуналарга газ узатишни ушбу Қоидаларнинг 39-банди талаблари бажарилган тақдирда амалга оширади.

43. Истеъмолчида ундаги газдан фойдаланиш ускунасининг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ газ тармоғига уланишга рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда ишга тушириш-созлаш ишлари ва режимли-созлаш ишларини амалга ошириш учун кўрсатилган ҳажм юзасидан етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида газ етказиб беришга шартнома тузилади.

44. Истеъмолчи режимли-созлаш ишлари тугаллангач созлаш ташкилоти томонидан бажарилган ишларнинг сифатини баҳолаш учун «Ўздавнефтгазинспекция»нинг ҳудудий бўлинмасига ёзма шаклда мурожаат қилиши мумкин. Хатга созлаш ташкилотининг техник ҳисоботи илова қилинади.

Бажарилган созлаш ишларининг сифати паст бўлган тақдирда «Ўздавнефтгазинспекция» ҳудудий бўлинмаларининг кўрсатмасига асосан созлаш ишларини бажарган ташкилот ҳисобидан газдан фойдаланиш ускунасини такрорий созлаш амалга оширилади.

«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан берилган рухсатномаларда уланаётган газдан фойдаланиш ускунасининг тури, сони ва рухсатноманинг амал қилиш муддати, «Ўздавнефтгазинспекция» томонидан берилган рухсатномада эса — уланаётган газдан фойдаланиш ускунасининг тури ва сони кўрсатилади.

Ҳужжатлар ёзма шаклда тақдим этилиши керак.

VIII. Табиий газни етказиб бериш ва қабул қилиш юзасидан шартнома тузиш

45. Табиий газни етказиб беришга ва қабул қилиш юзасидан шартнома ушбу Қоидаларга 2-иловага мувофиқ намунавий шартнома асосида тузилади.

46. Газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасидаги табиий газни етказиб бериш ва қабул қилиш юзасидан намунавий шартномада қуйидагилар назарда тутилиши керак:

шартнома мавзуси;

газни етказиб бериш ва қабул қилиш тартиби;

табиий газ нархи ва ҳисоб-китоблар тартиби;

газ етказиб беришни тўхтатиш ва уни узиб қўйиш тартиби;

тарафларнинг моддий жавобгарлиги;

тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

низоларни ҳал этиш тартиби;

форс-мажор ҳолатлари;

шартноманинг амал қилиши;

якуний қоидалар;

тарафларнинг банк реквизитлари ва манзили.

47. Барча тоифалардаги истеъмолчиларга газ етказиб бериш газ таъминоти ташкилоти билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

48. Шартнома тузмасдан табиий газни етказиб бериш ва қабул қилиш тақиқланади.

49. Газни истеъмолчиларга етказиб бериш ушбу Қоидаларнинг 7-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ уларнинг буюртманомалари асосида, давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган истеъмолчилар учун эса — бюджет маблағлари доирасида тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

50. Табиий газни етказиб бериш ва қабул қилиш юзасидан шартнома 2 нусхада, тарафларнинг ҳар бири учун бир нусхадан тузилади.

51. Табиий газни етказиб бериш ва қабул қилиш юзасидан шартнома газ тармоқларига улаган ҳолда газ етказиб беришга техник шартлар, газдан фойдаланиш ускунасини қуриш, монтаж қилиш, ишга тушириш, созлаш ва фойдаланишга киритиш бўйича лойиҳа-смета ҳамда ижро-техник ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда тузилади.

IX. Истеъмолчиларга газ етказиб бериш тартиби

52. Газ етказиб бериш газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган газ етказиб бериш шартномаси асосида, ушбу Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

53. Етказиб берувчи газни ўртача суткалик норма доирасида ой мобайнида бир хил миқдорда етказиб бериши, истеъмолчи эса уни олиши, истеъмол қилишнинг суткалик нормасидан чекиниш зарурати бўлган ҳолатларда эса — томонлар ўртасида келишилган диспетчерлик графиклари бўйича етказиб бериши шарт.

54. Истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотидан тартибга солинадиган нархлар бўйича олинган газдан фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади ва у қайта сотилмайди.

55. Газ таъминоти ташкилотининг тақдимномаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари истеъмолчиларга газ етказиб бериш жадвалларини ва авариялар рўй бериши ёки магистрал ва тақсимловчи газ қувурлари ишида технологик режим бузилишлари оқибатида газ тармоқларидан уларни (қисман ёки тўлиқ) узиб қўйиш навбатини тасдиқлайдилар.

Тасдиқланган авариялар пайтидаги газ етказиб бериш жадваллари тегишли ташкилотларга юборилади ва етказиб берувчининг объектларида, магистрал ва тақсимловчи газ қувурларида авария вазиятларида газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга киритилади.

Авариялар натижасида етказиб берувчиларнинг объектларининг, магистрал ва тақсимловчи газ қувурларининг технологик иш режимлари бузилган тақдирда газ таъминоти ташкилотларининг диспетчерлик бошқармалари истеъмолчиларга кўрсатиб ўтилган авариялар пайтидаги графикларни амалда жорий этиш тўғрисида, истеъмолчиларга суткалик газ етказиб бериш ҳажмларидаги тегишли ўзгаришлар билан бирга кўрсатмалар берадилар, бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини хабардор қиладилар.

Газ етказиб беришнинг мўлжалланаётган қисқариши ёки тўхтатилиши тўғрисида:

етказиб берувчилар газ узатиш ташкилотини — 2 соат мобайнида;

газ узатиш ташкилоти газ таъминоти ташкилотларини — 2 соат мобайнида;

газ таъминоти ташкилотлари истеъмолчиларни — 1 соат мобайнида хабардор қилиши керак.

56. Газ етказиб бериш шартлари етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномаларда назарда тутилади.

57. Газни қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш режимининг ягона узлуксиз технологик жараёнини ҳисобга олиб, етказиб берувчининг, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотларининг кўрсатмаларини бажариш истеъмолчилар учун мажбурий ҳисобланади.

X. Етказиб берилган газ учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

58. Истеъмолчи етказиб берилган газ учун тўловни газ етказиб беришга тузилган шартнома асосида амалга ошириши шарт.

59. Газдан фойдаланишда истеъмолчининг айби билан газ етказиб беришга шартномада кўрсатилганидан кам ҳажмларда фойдаланилган тақдирда аванс тарзида тўланган маблағлар қайтарилмайди, кўрсатиб ўтилган маблағлар эса келгусида газдан фойдаланишда ҳисобга олинади.

60. Истеъмолчи томонидан газ етказиб беришга тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан газ олинган тақдирда истеъмолчидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига нисбатан 2 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади.

61. Газ учун истеъмолчида тўлов муддати ўтган қарз мавжуд бўлган тақдирда унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари, истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, тўлов муддати ўтган қарзни тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

62. Ваколатли орган томонидан газ учун амалдаги тарифлар (нархлар) ўзгаришлари тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ушбу ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар газ таъминоти ташкилоти томонидан ўзгаришларнинг кучга киришидан олдин ўн беш кундан кечикмай оммавий-ахборот воситаларида эълон қилинади.

Бунда, газ учун тарифларнинг ўзгарган санасидан қатъи назар, газ етказиб беришга шартнома ўз кучида қолади, истеъмолчи эса истеъмол қилинган газ учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, у кучга кирган кундан бошлаб янги тариф бўйича тўловни амалга ошириши шарт.

63. Тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзлари бўлган истеъмолчиларни газ тармоқларидан узиш ва уларни такрорий улаш бўйича харажатлар истеъмолчиларнинг ҳисобидан қопланади.

64. Шартномада кўрсатилган муддатларда етказиб берилган газ қиймати ўз вақтида тўланмаган тақдирда истеъмолчи етказиб берувчига газ етказиб бериш юзасидан шартномага мувофиқ пеня тўлайди.

65. Навбатдаги ой (чорак) учун кўрсатилган газ ҳажмлари бўйича газ етказиб беришга шартномада истеъмолчининг таклифига кўра мўлжалланаётган ўзгартиришларгача 10 кундан кечикмай киритилган ўзгартиришлар ортиқча олинган миқдор деб ҳисобланмайди.

66. Барча тоифадаги истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошлангунгача камида 5 кун олдин тузилган шартномада кўрсатилган ойлик газ ҳажми қийматининг 100 фоизи миқдорида етказиб берувчининг ҳисоб рақамига олдиндан тўловларни амалга оширишлари шарт.

67. Истеъмолчиларга газни олдиндан тўловсиз бериш тақиқланади.

68. Олдиндан тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда барча асосий истеъмолчиларга газ етказиб бериш амалга оширилмайди.

69. Асосий истеъмолчилар томонидан олинган газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача амалга оширилади.

70. Ижтимоий аҳамиятга ва стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар олинган газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб қилишни, ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 30 кун ўтгунгача амалга оширадилар.

71. Ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган газ ҳажми ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари асосида аниқланади ва ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 5 кун мобайнида истеъмолчи ва етказиб берувчи ўртасидаги газни етказиб бериш-қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади. Газни етказиб бериш-қабул қилиш далолатномасини имзоламаслик ёки уни эътирозлар билан имзолаш истеъмолчини унинг учун газ етказиб берувчи томонидан белгиланган ҳажмларда тўловни тўлашдан озод қилмайди. Берилган ёки қабул қилинган газ миқдорини аниқлашга рози бўлмаган тараф бу тўғрида бошқа тарафга ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейинги ойнинг 10-кунигача далолатномада эътироз сабабини албатта кўрсатиш йўли билан маълум қилади. Тарафларнинг розилигига эришилмаган тақдирда эътирозлар сабаблари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

72. Истеъмолчилардан келгусида дебиторлик қарзларни ундириш етказиб берувчи томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

73. Истеъмолчи томонидан газдан фойдаланиш ускунаси газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган тақдирда етказиб берувчи уни газ тармоғидан дарҳол узиб қўяди, истеъмолчидан эса рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қиймати истеъмолчи давлат рўйхатидан расмий равишда ўтказилган кундан бошлаб (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ўтган вақт мобайнида газдан фойдаланиш ускунасининг сутканинг 24 соатидаги ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ёки даъво билдирилган муддат учун ундирилади.

Бунда рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг ундирилиши истеъмолчини қоидани бузганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликдан озод қилмайди.

XI. Газни ҳисобга олиш тартиби

74. Газнинг ҳисобга олмасдан етказиб берилишига йўл қўйилмайди.

75. Етказиб берилаётган газ миқдори газ тармоқларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича, етказиб берувчининг газни ҳисобга олиш приборлари бўйича, у мавжуд бўлмаган тақдирда эса — истеъмолчининг газни ҳисобга олиш приборлари бўйича аниқланади ва иккала тараф имзолайдиган газни етказиб бериш — қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Етказиб берилган газ учун ҳисоб-китоб стандарт шартларга нисбатан газ ҳажмини — куб метрларда келтирган ҳолда (ГОСТ 5542-87нинг 1.1-банди ва ГОСТ 2939-63 асосида), яъни Т = 20 оС, Р = 760 мм симоб устуни ҳисобида амалга оширилади.

Истеъмолчида газнинг ҳарорати ва босими бўйича автоматик коррекциясиз ҳисобга олиш прибори ўрнатилган тақдирда етказиб берувчининг истеъмолчи билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишида ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичларига белгиланган тартибда ҳисобланган тузатиш коэффициенти қўлланади.

76. Олинган газ учун ҳисоб-китоб қилиш пломбаланмаган газдан фойдаланиш ускунасининг сутканинг 24 соатида ишлаши ҳисобидан қуйидаги ҳолатларда:

газни ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказиш муддати ўтганда, бунда тегишли ҳисоб-китоб текшириш муддати ўтган пайтдан бошлаб қиёслов ўтказилгандан кейин газни ҳисобга олиш прибори ўрнатилган пайтгача амалга оширилади;

газни ҳисобга олиш приборининг носозлиги, пломбасининг бутлиги бузилганлиги, газни ҳисобга олиш прибори ўзбошимчалик билан жойидан олинганлиги аниқланганда, шунингдек истеъмолчида ва етказиб берувчида газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда етказиб берувчи вакилининг охирги марта келган кунидан бошлаб амалга оширилади.

77. Газни ҳисобга олиш приборларини монтаж қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни текшириш амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

78. Газни ҳисобга олиш приборларининг техник ҳолати ва текширишнинг ўз вақтида ўтказиши юзасидан масъулият газни ҳисобга олиш прибори ўзининг балансида бўлган ташкилотга юкланади.

79. Шартнома тарафларидан ҳар бири газни ҳисобга олиш приборларини сутканинг исталган вақтида тўсқинликсиз кўздан кечирилишини ва текшириш имкониятини таъминлаши шарт.

80. Газни ҳисобга олиш приборларини қиёсловдан ўтказиш Давлат метрология хизмати органлари томонидан, Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

XII. Етказиб берувчининг, истеъмолчининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари

81. Етказиб берувчи қуйидагиларга мажбур:

ўз балансидаги газ тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва уларни ўз ҳисобидан таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш;

ўз балансидаги газ тармоқларининг техник ҳолатини ва улардаги рухсатсиз уланишларни аниқлаш учун, агар бундай ҳолатлар мавжуд бўлса, уларни даврий равишда кўздан кечириш;

газ етказиб бериш қисқарган ёки тўхтаган тақдирда бу тўғрида истеъмолчини хабардор қилиш;

газнинг рухсатсиз истеъмол қилинганлиги, газ тармоқлари моддий бойликларининг ўғирланганлиги тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилиш;

истеъмолчига газ етказиб беришни газ етказиб бериш юзасидан шартномада кўрсатилган параметрларда амалга ошириш. Газни барча истеъмолчиларга етказиб бериш учун ресурслар ва қувватлар етарли бўлмаган ҳолатларда газни истеъмолчилар ўртасида тақсимлашни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилади;

реестрни Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган ваколатли органлар томонидан берилган, рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар реестрларини юритиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ юритиш.

82. Етказиб берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

техник заруриятга кўра ушбу Қоидаларга мувофиқ белгиланган тартибда истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, газ етказиб беришни қисқартириш ёки тўхтатиш;

истеъмолчиларнинг газ таъминоти тармоқларига рухсатсиз улангани аниқланган тақдирда уларни газ тармоғидан узиб қўйиш ва ушбу Қоидалар билан белгиланган санкцияларни қўллаш;

газни ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ўзгартириш, ўрнатилган пломбаларнинг бутунлигини бузиш, пломбаларни узиш мақсадида газ сарфини ҳисобга олиш приборларига ташқаридан таъсир кўрсатилган тақдирда рухсатсиз уланиш ҳолатидаги каби ушбу Қоидалар билан белгиланган санкцияларни қўллаш.

83. Истеъмолчи қуйидагиларга мажбур:

газдан оқилона ва самарали фойдаланиш;

газ қувурлари ва газ хўжалиги ускунасини «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг 2014 йил 22 январдаги 13-сон буйруғи билан тасдиқланган Газ хўжалигидан техник фойдаланиш қоидаларига ҳамда ушбу Қоидаларга мувофиқ техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш;

газ тармоқларида ёки газдан фойдаланиш ускуналарида пайдо бўлган газ сизиб чиқиши тўғрисида газ таъминоти ташкилотининг диспетчерлик хизматларини зудлик билан хабардор қилиш;

ўзининг газ тармоқлари дахлсизлигини таъминлаш ва эҳтимоли бўлган рухсатсиз уланишларни аниқлаш мақсадида уларни ва улардаги ускуналарни мунтазам равишда кўздан кечириб чиқиш;

газ таъминоти лойиҳасига ва Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ бўлмаган, сертификатланмаган газдан фойдаланиш ускунасининг газ таъминоти ташкилотининг газ билан таъминлаш тармоғига уланишига йўл қўймаслик;

етказиб берувчининг вакилларини (тегишли гувоҳнома кўрсатилган тақдирда) газни ҳисобга олиш приборларини ва/ёки газдан фойдаланиш ускунасини кўздан кечиришга сутканинг исталган вақтида эркин қўйилишини таъминлаш;

газдан фойдаланиш ускунасидаги носозликларни (бундай турдаги ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган бригадалар ёки ходим ёрдамида) бартараф этиш;

газни ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига четдан аралашмаслик, уларнинг қасддан бузилишига йўл қўймаслик ва ўрнатилган пломбаларнинг бутунлигини таъминлаш;

газни ҳисобга олиш приборлари ишларининг носозлиги аниқланган тақдирда етказиб берувчини ёзма шаклда дарҳол хабардор қилиш.

84. Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

етказиб берувчидан қуйидагиларни:

етказиб берилган газнинг аниқланган ҳажмига ва бошқа параметрларга норози бўлган тақдирда етказиб берувчининг газни ҳисобга олиш приборлари ишлашининг ишончлилигини текшириш учун комиссия ташкил этишни;

газ етказиб беришга шартнома муддатини узайтириш ёки бекор қилишни;

шартномадаги мажбуриятларга риоя этишни;

газ етказиб беришни вақтинчалик тўхтатишни талаб қилиш.

Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

XIII. Газдан оқилона, хавфсиз фойдаланиш ва уни нормалаш

85. Газдан оқилона, самарали ва хавфсиз фойдаланиш юзасидан давлат назоратининг амалга оширилиши истеъмолчиларни фойдаланилаётган газ хўжаликларининг ҳолатини техник жиҳатдан назорат қилиш ҳамда газдан хавфсиз фойдаланиш нормалари ва қоидаларига, газдан фойдаланиш ускунасидан газдан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича техникавий фойдаланиш қоидаларига риоя этиш бўйича жавобгарликдан озод қилмайди.

86. Юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи (газдан фойдаланиш ускунасининг белгиланган қуввати 100 кВт.дан кўп бўлган) корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, жисмоний шахслар ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (газдан фойдаланилган ҳолда) ёки бажарилаётган ишлар (хизматлар) бирлигига натура ҳолида ва шартли равишда ҳисобланган газ сарфининг тасдиқланган нормаларига эга бўлишлари керак.

87. Ишлаб чиқаришнинг барча даражаларида газ сарфини нормалаш амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

88. Газдан фойдаланиш ускуналарини ишлатадиган ташкилотлар ушбу ускуна учун газ сарфининг индивидуал нормаларига эга бўлиши, улар мавжуд бўлмаганда эса, лойиҳалаш ёки ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этган ҳолда, уларнинг техникавий асосланган нормаларини ишлаб чиқиши керак.

89. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш қоидаларига мувофиқ истеъмолчилар ташкилотларни (энергоаудиторларни) жалб этган ҳолда ёқилғи-энергетика ресурсларидан (кейинги ўринларда ЁЭР деб аталади) оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида энергетика текширувини ўтказиши керак.

ЁЭРнинг ёки улар турларидан ҳар бирининг жами истеъмоли йилига олти минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғини ташкил қиладиган ЁЭР истеъмолчилари энергетика текширувларидан мажбурий ўтказилиши керак.

ЁЭРни текширишлар натижалари бўйича энергоаудиторлар томонидан ЁЭРдан фойдаланишдаги қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича тавсиялар ҳамда техник имконият мавжуд бўлганда, иккиламчи энергетика ресурсларидан фойдаланган ҳолда, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар рўйхати берилади.

90. Газ сарфи нормалари истеъмолчи томонидан тасдиқланади ва газдан самарали ва оқилона фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, такомиллаштирилиши керак.

91. Йил мобайнида тасдиқланган нормаларни қайта кўриб чиқиш ускуналар алмаштирилган ёки реконструкция қилинган, буюмлар турлари, фойдаланиладиган хом ашё таркиблари ўзгарган ҳолларда, газ сарфининг ўзгаришига сабаб бўлган ЁЭРни тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

92. Газ сарфи нормаларига риоя қилиниши ҳамда газдан самарали ва оқилона фойдаланилиши юзасидан ички назорат ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

XIV. Газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

93. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Манба:lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=2416418