Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори

04.09.13

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 33-сон, 441-модда)
«Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда корпоратив бошқарув сифатини яхшилаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий аҳволи барқарорлиги юзасидан уларнинг раҳбарлари ва мулкдорларининг масъулиятини ошириш, шунингдек сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келинган ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бир ой муддатда:

  • Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари талабларини ҳисобга олган ҳолда тугатиш бошқарувчиларини тайёрлаш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
  • Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ


Тошкент ш., 
2013 йил 14 август,
224-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 августдаги 224-сон қарорига 
ИЛОВА
Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш 
ҚОИДАЛАРИ


I. Умумий қоидалар 

1. Мазкур Қоидалар суд бошқарувчиси ва давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан қарздорнинг молиявий-хўжалик фаолиятини сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш (кейинги ўринларда таҳлил қилиш деб аталади) тартибини аломатлайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган:
қарздор — пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор; 

тўлов қобилияти — қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришга ва (ёки) жиддий қийинчиликсиз ёки хўжалик фаолиятини тўхтатмасдан мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажариш имконияти;

тўловга қобилиятсизлик — қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондириш ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар улар томонидан мажбуриятнинг бошланган кунидан уч ой муддатда, шаҳар барпо этувчи ва унга тенглаштириладиган корхоналар учун эса — олти ой мобайнида тегишли мажбуриятлар ва (ёки) вазифалар бажарилмаса;
била туриб берилган ёлғон маълумот — кредиторлар билан битимлар тузиш ва уларни ҳақиқий молиявий ҳолатдан чалғитишга олиб бориш мақсадида қасддан бузиб кўрсатилган маълумот;

сохта банкротлик — хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилиши; 

банкротликни яшириш — хўжалик юритувчи субъектнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш, бухгалтерлик ҳисоботларини бузиб кўрсатиш йўли билан иқтисодий жиҳатдан ўзининг тўловга қодирлигини йўқотганлигини ёки иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда қасддан яшириши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилиши;

қасддан банкротликка олиб келиш — шахсий манфаатлари ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари учун якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахснинг бошқарув органи, кузатув кенгаши таркибига кирадиган шахс, муассис (иштирокчи) ёхуд юридик шахснинг мулкдори томонидан қасддан тўловга қобилиятсизлигини юзага келтириш ёки ошириш содир этилиши, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг иқтисодий ночорликка (банкротликка) олиб келиши; 

суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) — банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида хўжалик суди томонидан тайинланадиган шахс.

3. Суд бошқарувчиси, ўзи тайинланган вақтдан бошлаб, мазкур Қоидаларда назарда тутилган сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириши ҳамда чоралар кўриши шарт.

4. Суд бошқарувчиси томонидан банкротлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги 2 йилгача бўлган даврдаги фаолият таҳлил қилинади.

5. Таҳлил қилиш даврида қуйидагилар ўрганилади:

а) қарздорнинг таъсис ҳужжатлари;

б) қарздорнинг молиявий ҳисоботлари;

в) қарздорнинг мол-мулки ўзгаларга ўтказилганлиги ёки сотиб олинганлиги, активлар таркибининг ўзгарганлиги, кредиторлик қарзларининг кўпайганлиги ёки камайганлигига асос бўлган шартномалар;

г) қарздорнинг бошқарув органлари таркиби, шунингдек қарздор учун мажбурий кўрсатмалари ёхуд унинг ҳаракатини бошқача тарзда аломатлаш имкониятларини бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар;

д) қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисида ариза берилган санадаги қарздор мол-мулкининг рўйхати, шунингдек қарздорнинг текширилаётган даврда сотиб олинган ёки ўзгаларга берилган мол-мулкининг рўйхати;

е) қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисида ариза берилган санада ҳар бир дебитор бўйича дебиторлик қарзининг миқдорини кўрсатган ҳолда дебиторлар рўйхати, шунингдек текширилаётган даврда дебиторлик қарзларни талаб қилиб олиш бўйича кўрилган чораларни тасдиқловчи ҳужжатлар (қарздорлик миқдори умумий дебиторлик қарзларнинг 5 фоизидан кам бўлган дебиторлардан ташқари);

ж) қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисида ариза берилган санадаги ва таҳлил қилинган санадан олдинги охирги ҳисобот санасидаги асосий қарзлар, жарималар, пенялар ва бошқа молиявий жарималар миқдорларини алоҳида кўрсатган ҳолда барча даражадаги бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги қарзлари тўғрисидаги маълумот;

з) ўрганилаётган даврда қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисида ариза берилган санада ҳар бир кредитор бўйича қарздорликнинг асосий суммаси, жарималар, пенялар ва мажбуриятлар зарур даражада бажарилмаганлиги учун бошқа молиявий санкциялар ҳамда уларнинг бажарилишини бошлаш муддатларини кўрсатган ҳолда қарздорнинг кредиторлари рўйхати (қарз миқдори умумий кредиторлик қарзларнинг 5 фоизидан кам бўлган кредиторлардан ташқари);

и) қарздорнинг бизнесини баҳолаш, мол-мулки тўғрисидаги ҳисоботлар, аудиторлик хулосалари, муваққат бошқарувчининг кузатув тартиботини ўтказиш тўғрисидаги ҳисоботи, тафтиш комиссиясининг протоколлари, хулосалари ва ҳисоботлари, қарздор бошқарув органларининг протоколлари ва қарорлари;

к) қарздорнинг аффилланган шахслар ва шуъба корхоналари тўғрисидаги, шунингдек улар билан тузилган битимлар тўғрисидаги маълумотлар;

л) қарздор иштирокидаги суд жараёнлари материаллари;

м) қарздорни солиқ юзасидан текширувлар материаллари;

н) қарздорга беғараз берилган ва у тугатилганда давлатга қайтарилиши зарур бўлган давлат мулки рўйхати;

о) қарздорга сақлаш учун берилган, уларнинг сақланиши ва бутлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган давлат захиралари, моддий бойликларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

п) қарздорнинг фаолиятини тартибга соладиган бошқа ҳисобга олиш ҳужжатлари, локал ҳужжатлар.

6. Суд бошқарувчиси томонидан таҳлил қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар қарздорнинг раҳбаридан, тегишли давлат органларидан ҳамда зарур маълумотларга эга бўлган бошқа шахслардан сўраб олинади.

Суд бошқарувчисига тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги юзасидан жавобгарлик қарздорга, давлат органларига ҳамда зарур маълумотларга эга бўлган бошқа шахсларга юкланади.

7. Суд бошқарувчиси ушбу Қоидаларнинг 5-бандида назарда тутилган маълумотлар ва ҳужжатларни ўрганиш учун аудиторлик ва баҳолаш ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

8. Банкротликнинг соддалаштирилган тартиботини амалга оширишда суд бошқарувчиси томонидан экспертиза тайинланган тақдирда харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан қопланади.

II. Сохта банкротлик аломатларини аниқлаш тартиби 

9. Қарздорнинг аризасига кўра банкротлик тўғрисида хўжалик суди томонидан иш қўзғатишнинг барча ҳолатларида сохта банкротлик аломатларини аниқлаш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади ҳамда кузатув тартиботи жараёнида рўёбга чиқарилади.

10. Қарздорнинг уни банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилган санада пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондириш ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш имкониятининг мавжудлиги сохта банкротлик аломати ҳисобланади.

11. Сохта банкротлик аломатларининг мавжудлигини (йўқлигини) аниқлаш учун қарздорнинг ўрганилаётган даврдаги тўлов қобилияти таҳлил қилинади.

12. Қарздорнинг кредиторлар олдидаги тўлов қобилияти даражасини тавсифлайдиган кўрсаткичларга қуйидагилар киради:

а) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлиги;

б) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлиги;

в) соф активлар миқдори.

13. Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлиги баланс валютасининг жорий мажбуриятлар суммасига тенг бўлган активлар балансининг нисбати сифатида аниқланади.

Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлиги қарздорнинг қарз бирлигига тўғри келадиган активлари миқдори билан тавсифланади.

14. Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлиги қарздорнинг қарз бирлигига тўғри келадиган жорий активлари миқдори билан тавсифланади.

Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлиги жорий активлар қийматининг жорий мажбуриятлар суммасига нисбати сифатида аниқланади.

15. Қарздорнинг соф активлари миқдори мажбуриятлар юкланмаган активлар мавжудлигини тавсифлайди.
Соф активлар қарздор активлари ва унинг мажбуриятлари умумий суммаси ўртасидаги тафовут сифатида ҳисобланади.

16. Таҳлил қилиш ушбу Қоидаларнинг 12-бандида кўрсатилган кўрсаткичлар динамикасини, шунингдек ўрганилаётган даврдаги (мутлақо, тез, жорий) ликвидлилик кўрсаткичларини ўрганишни назарда тутади.

17. Кредиторларнинг пул мажбуриятлари бўйича талаблари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар таъминланишини тавсифлайдиган кўрсаткичларни кўриб чиқишда мажбуриятлар таркибида асосий қарз қийматидан ташқари, эътироф этилган жарималар, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар миқдори ҳисобга олиниши керак.

18. Сохта банкротлик аломатлари мавжудлиги ва қарздорнинг тўлов қобилияти тўғрисида хулоса чиқариш учун қуйидаги шартларнинг мавжудлиги асос ҳисобланади:

а) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлик кўрсаткичи камида — 1 бўлганда;

б) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлик кўрсаткичи камида — 1.25 бўлганда;

в) соф активлар миқдори ижобий ва қарздорнинг устав капитали миқдоридан ортиқ бўлганда;

г) ликвидлилик кўрсаткичлари норматив қийматлар доирасида бўлганда;

д) банкротлик тўғрисидаги иш била туриб берилган ёлғон маълумот асосида қўзғатилганда.

19. Қарздорнинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш натижаларига кўра қуйидаги хулосалардан бири чиқарилади:

агар қарздорнинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ва (ёки) жиддий қийинчиликсиз ёки хўжалик фаолиятини тўхтатмасдан мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажариш имконияти мавжудлигини кўрсатса, қарздорнинг сохта банкротлик аломатлари мавжудлиги тўғрисида хулоса қилинади;

агар тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатлар асосида қарздорнинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш қарздорнинг ўз мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китоб қилиш имконияти йўқлигини кўрсатса, қарздорнинг сохта банкротлик аломатлари йўқлиги тўғрисида хулоса қилинади.

20. Агар қарздор томонидан қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондириш ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажариш имконияти мавжуд бўлгани ҳолда хўжалик судига ариза берилган тақдирда, ушбу аризани берган қарздор, суд қарорига кўра, бундай аризани бериш билан етказилган зарар учун кредиторлар олдида жавоб беради.

III. Банкротликни яшириш аломатларини аниқлаш тартиби 

21. Банкротликни яшириш аломатлари:

банкротлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги давр мобайнида, шунингдек банкротликнинг соддалаштирилган тартиботлари жараёнида давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан;

банкротлик тартиботлари жараёнида суд бошқарувчиси томонидан аниқланади.

22. Банкротликни яшириш хўжалик юритувчи субъект томонидан ўзининг тўловга қобилиятсизлигини яширишда вужудга келади ҳамда шахс талабни қондириш ёки тўлашдан бош тортишга уринаётган қарзга ёки ҳар қандай турдаги қарздорликка нисбатан қўлланилади.

23. Қарздорнинг кредиторлар талабларини қондиришдан қасддан бош тортиши, шунингдек ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиши, бухгалтерия ҳисоботларини бузиб кўрсатиши ёки ўзининг иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда бекитишга қаратилган хатти-ҳаракатлари банкротликни яширишнинг мажбурий аломатлари ҳисобланади.

24. Қуйидаги хатти-ҳаракатлар банкротликни яшириш усуллари ҳисобланади:

қарздорнинг кредиторлар олдидаги ўз мажбуриятларини яшириши;

қарздорнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ҳисобга олиш ҳужжатларини яшириши, йўқ қилиши, бузиб кўрсатиши, қалбакилаштириши;

бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулки (шу жумладан пул маблағлари)нинг берганлигини яшириши;

хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий қодирлигини кўрсатиш мақсадида молиявий ҳисоботларни бузиб кўрсатиши, яъни уларни қалбакилаштириши.

IV. Қарздорни қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш тартиби 

25. Қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб эътироф этилган ҳамда тугатишга доир иш юритиш бошлангандан кейин, қарздор учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ёхуд унинг хатти-ҳаракатларини бошқача тарзда аломатлаш имкониятига эга бўлган шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари асосида банкротликни келтириб чиқарилишини тахмин қилиш асослари мавжуд бўлганда амалга оширилади. 

26. Юридик шахснинг банкротлиги юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ушбу юридик шахснинг муассиси (қатнашчиси) ёки мулкдори томонидан фақат, агар у кўрсатиб ўтилган ҳуқуқдан юридик шахс томонидан бунинг оқибатида юридик шахснинг банкротлиги бошланишини олдиндан билган ҳолда юзага келтирилган хатти-ҳаракатлар содир этиш мақсадида фойдаланган бўлса, қасддан банкротликка олиб келиш деб ҳисобланади.

27. Қарздорнинг қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари бунинг натижасида қарздорнинг банкротлиги юзага келишини олдиндан билган ҳолда қуйидаги хатти-ҳаракатларни содир этишида ифодаланади:

пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан қарздорга қасддан зиён ёки зарар етказган ҳолда жиноий тарзда фойдаланиш;

тўлов интизомини бузиш ва шартнома мажбуриятларини бажармаслик;

мол-мулкни баланс қийматидан паст нархда сотиш ёки уни текин бериш;

муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзларни ундириш бўйича белгиланган муддатларда чора-тадбирлар кўрмаслик;

асосий фаолиятга (ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга) жалб этилган қарздор активларининг 50 фоиздан ортиғини бошқа шахсларга бериш; 

ижро этувчи орган ва/ёки кузатув кенгаши томонидан тегишли равишда уларнинг ваколатига кирмайдиган йирик битимлар тузиш. 

28. Қарздорни қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш мақсадида таҳлил ўтказилади, у икки босқичга бўлинади.

29. Биринчи босқичда ушбу Қоидаларнинг 13 ва 17-бандларида кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича қарздорнинг тўлов қобилияти таҳлил қилинади ва қарздорнинг ўз кредиторлари олдидаги мажбуриятлари таъминланганлигидаги ўрганилаётган даврда юз берган ўзгаришларни тавсифловчи кўрсаткичлар ҳисоблаб чиқилади.

30. Биринчи босқичда мажбуриятлар таъминланганлиги кўрсаткичларида жиддий ёмонлашиш аниқланган тақдирда, иккинчи босқичда шу даврнинг ўзида қарздорнинг ўз кредиторлари олдидаги мажбуриятлари таъминланганлиги кўрсаткичларидаги жиддий ўзгаришларга олиб келган битимларни содир этиш шарт-шароитлари таҳлил қилинади.

31. Кўрсаткичларнинг жиддий ёмонлашиши деганда бирор-бир чораклик даврда уларнинг пасайиши суръати ўрганилаётган даврда ушбу кўрсаткичлар қийматлари пасайишининг ўртача суръатидан ошгандаги пасайиш тушунилади.

32. Қарздорнинг битимларини таҳлил қилиш давомида битимлар ва қарздорнинг бошқарув органлари ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек бозор шартларига мувофиқ бўлмаган шартларда тузилган ёки бажарилган, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келишига ёки кўпайишига сабаб бўлган ва унга аниқ зиён етказган битимлар аниқланади.
33. Бозор шартларига мувофиқ бўлмаган шартларда тузилган битимларга қуйидагилар киради:

а) қарздорнинг олди-сотди битимлари ҳисобланмаган, қарздорнинг активларини камроқ ликвидли активларга алмаштиришга йўналтирилган мол-мулкни ўзгага бериш бўйича битимлари;

б) қарздорнинг мол-мулки билан амалга ошириладиган, қасддан қарздор учун фойда келтирмайдиган шартларда тузилган ёки қарздорнинг хўжалик фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлган олди-сотди битимлари;

в) қарздорнинг мол-мулк билан таъминланмаган мажбуриятлари пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлган, шунингдек ликвидли бўлмаган мол-мулк сотиб олинишига сабаб бўлган битимлар;

г) баъзи мажбуриятларни қасддан фойда бермайдиган шартларда бошқа мажбуриятлар билан алмаштириш бўйича битимлар.

34. Қарздор учун олдиндан маълум бўлган фойда бермайдиган шартлардаги битимларга қуйидагилар киритилиши мумкин:
вужудга келган бозор коньюнктурасига нисбатан етказиб бериладиган (сотиб олинадиган) товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг пасайтирилиши ёки оширилиши;

тўловнинг қарздор учун ноқулай муддатлари ва (ёки) усуллари;

қарздор мол-мулкининг ўзгага берилиши ёки мол-мулкка мажбуриятлар юкланишининг ҳар қандай шакллари, агар улар қарздорлик тенг даражада қисқариши билан бирга кечмаса.

35. Қарздорнинг тўловга қобилиятини ва қарздорнинг битимларини таҳлил қилиш натижалари бўйича қуйидаги хулосалардан бири:
агар қарздорнинг бошқарув органлари, якка тартибдаги тадбиркор, қарздорнинг муассиси (қатнашчиси) ёки мулкдори томонидан қарздорнинг банкротлиги юзага келишига сабаб бўлган, уларни содир этиш пайтида мавжуд бўлган бозор шартларига ва иш муомаласи одатларига мувофиқ бўлмаган хатти-ҳаракатлар ёки битимлар содир этилган бўлса, қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги тўғрисида;
агар суд бошқарувчиси томонидан тегишли битимлар ёки хатти-ҳаракатлар аниқланмаган бўлса, қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисида;

таҳлил қилиш учун зарур ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда қарздорнинг қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлигини (мавжуд эмаслигини) аниқлашнинг имконияти йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилади. 

36. Қарздор унга мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ёхуд унинг хатти-ҳаракатларини бошқача тарзда аломатлаш имкониятига эга бўлган унинг муассислари (қатнашчилари) ёки мулкдорининг айбига кўра банкрот бўлганда, қарздорнинг муассисларига (қатнашчиларига) ёки мулкдорига — юридик шахсга, қарздорнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, қарздорнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юкланиши мумкин.

V. Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса тайёрлаш 

37. Таҳлил натижалари бўйича суд бошқарувчиси томонидан сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги тўғрисидаги хулоса ёхуд ушбу аломатларнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек таҳлил қилиш учун зарур маълумотлар ва ҳужжатларнинг йўқлиги тўғрисидаги хулоса тузилади.

Хулоса қуйидагилардан иборат:

а) хулоса тузилган сана ва жой;

б) суд бошқарувчиси тўғрисидаги маълумотлар;

в) хўжалик судининг номи, иш сони, хўжалик судининг банкротликнинг тегишли тартиботини жорий этиш тўғрисидаги қарори (ажрими) чиқарилган сана ва хўжалик судининг суд бошқарувчисини тайинлаш тўғрисидаги ажрими чиқарилган сана;

г) қарздорнинг тўлиқ номи ва бошқа реквизитлари;

д) сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса;

е) ҳисоб-китоблар ва сохта банкротлик аломатлари мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани асослаш;

ж) ҳисоб-китоблар ва ҳисоб-китоб билан биргаликда қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши ёки кўпайишининг сабабига айланган ёки сабаби бўлиши мумкин бўлган ва/ёки қарздорга зарар етказган қарздорнинг битимлари ва/ёки қарздорнинг бошқарув органлари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) кўрсатилган ҳолда қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани асослаш;

з) таҳлил ўтказишнинг мумкин эмаслигини асослаш (зарур ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда).

38. Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги тўғрисидаги хулоса имзолангандан кейин 10 иш кунидан кечикмай кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига ва прокуратура органларига тақдим этилади.
Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса имзолангандан кейин 10 иш кунидан кечикмай кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига тақдим этилади.

39. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида хулосани ҳамда унга илова қилинган материалларни кўриб чиқиш ва улар бўйича фикрни тақдим этиш учун доимий ишловчи Комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил қилинади.

40. Комиссия хулосани ва унга илова қилинган материалларни хўжалик суди томонидан мурожаат тушган пайтдан бошлаб бир ой муддатда кўриб чиқади ва зарур ҳолларда Комиссия суд бошқарувчисидан қўшимча материалларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

41. Комиссия кўриб чиқиш натижалари бўйича, тақдим этилган материаллар асосида хулосани тасдиқлайди ёхуд унинг асоссизлигини тасдиқлайди.

42. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Комиссиянинг фикрини хўжалик судига тақдим этади.

VI. Якунловчи қоида 

43. Ушбу Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.