Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

03.07.14

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида


Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг шонли тарихидаги буюк ва ўчмас санани – Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигини кенг нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрмоқда. Ана шу улуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш мақсадида бугунги кунда олиб бораётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини аввало биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканини, янги демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқ ва марраларнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англаш ташкил этиши даркор.

Шулар қаторида Ўзбекистонимиз барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани, қўлга киритган улкан натижаларимизни бутун дунё тан олаётгани, мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, ўзига муносиб ўрин эгаллаб олаётганини кенг ёритиш, бу ютуқларнинг асосий омили ва мезонини биринчи навбатда халқимизнинг дунёқараши, одамларимизнинг сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганида кўриш, ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳар томонлама асослаб бериш ва бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил қилиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш зарур.

Шу муносабат билан:

1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларига Мустақиллик байрамининг йигирма уч йиллигини юксак савияда нишонлаш учун жойларда ҳудудий комиссиялар тузиш, Республика дастуридан ўрин оладиган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилсин.

3. Мазкур дастурни тузишда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилсин:

тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш;

мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш. Бунинг тасдиғини мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ва бошқа шу каби рақам ва кўрсаткичлар мисолида қиёсий таҳлиллар орқали кўрсатиш;

юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда муносиб турмуш шароитини яратиш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамиятини ёритиш;

ҳеч шубҳасиз, вақт ўтиши билан тобора ёрқин намоён бўлаётган, биз биринчилар қаторида амалга оширган ва давом эттираётган, дунёда катта қизиқиш уйғотаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури, бир сўз билан айтганда, таълим-тарбия соҳасига энг устувор аҳамият берганимиз мамлакатимизнинг катта суръатлар билан барқарор ривож топишида ва юртимизнинг дадил қадамлар билан илгарилаб боришида мустаҳкам фундамент яратиб берганига алоҳида эътибор қаратиш;

биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қўлга киритган ютуқ ва марраларимизнинг ҳаётий омилларини очиб бериш;

мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, айниқса, қиз болаларни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизни ҳаётий ва таъсирчан мисолларда ифода этиш;

бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш, миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур акс эттириш;

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш бўйича ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;

юқорида баён этилган беқиёс натижалар, Ватанимизнинг изчил ва барқарор тараққиёти негизида турган асосий омил ва мезонларни очиб бериш амалга ошириладиган барча ахборот-информацион ишларимизда, маънавий-маърифий учрашув ва мулоқотларда, жонли суҳбатларда катта ўрин тутиши лозим. Ушбу қарорнинг кириш қисмида қайд этилган фикр ва ғояларни чуқур маъноли, шу билан бирга, содда тилда ёритиш, одамларнинг қалби ва онгига сингдириш бу борада алоҳида аҳамият касб этиши табиийдир.

Мухтасар айтганда, биз мустақиллик йилларида қандай оғир ва машаққатли синовлардан ўтиб, мисли кўрилмаган ютуқларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси замирида фақатгина халқимизнинг фидойи меҳнати, чидамлилиги, олижаноблиги ва бағрикенглиги, матонати ва жасорати, эртанги кунга мустаҳкам ишончи мужассам эканини теран акс эттириш зарур.

4. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.


5. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин.

6. Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган мутахассислар – сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.

7. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқлар, мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” анъанавий республика танловининг якуний босқичини ўтказсин. Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин.

8. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда август ойининг охирида “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик”, “Сени куйлаймиз, замондош”, “Ранглар жилосида – она диёр” каби кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин.

9. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

10. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси
Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри,
2014 йил 1 июль

Манба: uza.uz