Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида

22.10.13

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда хўжалик судлари томонидан 2013 йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Раёсат мажлисида хўжалик судларининг мазкур даврдаги фаолияти одил судловни амалга ошириш, қонунчиликни мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилганлиги таъкидланди. Чунончи, ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорлар ва давлат идораларидан хўжалик судларига келиб тушган 163 мингдан ортиқ ариза ва даъво аризалари ҳал этилган. Тадбиркорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида эса 55 мингдан ортиқ хўжалик ишлари бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини амалга ошириш юзасидан 2013 йил 1 январдан эътиборан Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтида тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини электрон қабул қилиш бўйича марказлаштирилган дастурий таъминот ишга туширилиши ҳисобига тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилгани, бу эса уларнинг вақти ва маблағларини тежаётгани йиғилишда алоҳида эътироф этилди. Айни чоғда хўжалик судлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш юзасидан муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Йиғилишда жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар билан биргаликда, хўжалик судларида ишларни ташкил этиш борасида кузатилаётган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратилди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Олий хўжалик суди
Матбуот хизмати