Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида

23.07.16

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида

 

 17 июнь 2016 йил                                                                                                                               № 299

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми

   қ а р о р    қ и л а д и: 

I. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши ҳақида” 2003 йил 25 июлдаги 111-сонли қарорига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 2-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

“Қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат этилганда, аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ариза бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Судларнинг эътибори суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг шу мазмунда қайтадан ариза билан мурожаат этиш аризани умумий тартибда кўриб чиқишга тўсқинлик қилмаслигига қаратилсин”;

2) 7-банд “бекор бўлиши” ва “бекор қилинган” деган сўзлардан кейин тегишинча “ёки ўзгартириши” ва “ёки ўзгартирилган” деган сўзлар билан тўлдирилсин;

3) ўзбекча матни 9-бандининг иккинчи хатбошисидаги “ариза” деган сўз “шикоят” деган сўз билан алмаштирилсин.

II. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида”2015 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарорининг 15.2-банди “даъво аризасини қайтариш,” деган сўзлардан кейин “апелляция шикоятини (протестини) қайтариш,” деган сўзлар билан тўлдирилсин.

III. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2016 йил 27 январдаги 142-сонли қарори қуйидаги мазмундаги 13.3-банд билан тўлдирилсин:

“13.3. Банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суд бошқарувчиси банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлашга доир ҳаракатларни амалга ошириши ва чора-тадбирлар кўриши ҳамда улар ҳақида кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 августдаги 224-сонли қарори билан тасдиқланган Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш Қоидаларининг (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) 9-бандига биноан, қарздорнинг аризасига кўра, банкротлик тўғрисида хўжалик суди томонидан иш қўзғатишнинг барча ҳолатларида сохта банкротлик аломатларини аниқлаш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади ҳамда кузатув тартиботи жараёнида рўёбга чиқарилади.

Шу муносабат билан судлар қарздорнинг аризаси бўйича банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганда ва кузатув жорий этилганда, ажрим билан муваққат бошқарувчисига қарздорнинг сохта банкротлиги белгилари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани судга тақдим этиш мажбуриятини юклаши лозим.   

Қоидаларнинг 21-бандига мувофиқ банкротликни яшириш аломатлари:

банкротлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги давр мобайнида, шунингдек банкротликнинг соддалаштирилган тартиботлари жараёнида давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан;

банкротлик тартиботлари жараёнида суд бошқарувчиси томонидан аниқланади.

Шу муносабат билан судлар кузатув жорий этиш тўғрисидаги ажрим (банкротлик тўғрисидаги иш қарздорнинг аризаси бўйича қўзғатилган ҳолат бундан мустасно), ташқи бошқарув ёки санация жорий этиш ҳақидаги ажрим, шунингдек қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни очиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори билан суд бошқарувчисига банкротликни яшириш белгилари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани судга тақдим этиш мажбуриятини юклаши лозим.   

Қоидаларнинг 25-бандига мувофиқ қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб эътироф этилган ҳамда тугатишга доир иш юритиш бошлангандан кейин  амалга оширилиши боис, судлар қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни очиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида суд бошқарувчисига банкротликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани тақдим этиш мажбурияти юкланиши тўғрисида кўрсатишлари лозим. 

Судларнинг эътибори Қоидаларнинг 39-42-бандларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида ташкил этилган хулосани ҳамда унга илова қилинган материалларни кўриб чиқиш ва улар бўйича фикрни тақдим этиш учун доимий ишловчи Комиссия хулосани ва унга илова қилинган материалларни хўжалик суди томонидан мурожаат тушган пайтдан бошлаб бир ой муддатда кўриб чиқиши ва ўзининг фикрини хўжалик судига тақдим этиши кераклигига қаратилсин.

Шу муносабат билан судлар сохта банкротлик (банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш) белгилари мавжудлиги тўғрисидаги суд бошқарувчисининг хулосасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни дарҳол  мазкур Комиссияга кўриб чиқиш учун юбориши лозим”. 

IV. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарори 11-бандининг биринчи хатбошисидаги “машинкада терилган” деган сўзлар “машинкада, компьютерда ёхуд бошқа электрон ускунада терилган” деган сўзлар билан алмаштирилсин.

V. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида”2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарорига қуйидаги ўзгартиш     ва қўшимчалар киритилсин:

1) 12-банддаги охирги жумла қуйидаги мазмунда баён қилинсин:

“Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли, кўриб чиқилмаслиги ва мазкур талаб мустақил равишда билдирилиши мумкинлиги ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида кўрсатилади”;

2) 16-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Судлар инобатга олиши лозимки, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажрим (қарор) ёки шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор, улар (ажрим, қарор) билан аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришда, хўжалик суди томонидан далил сифатида қабул қилиниши мумкин”;

3) 19-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

“Бироқ, ишга жалб қилинган низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахснинг юридик шахс мақомига эга эмаслигини ёки фуқаро (жисмоний шахс) эканлигини важ қилиб, иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди”;

4) 26-банднинг иккинчи хатбошисидаги “ва унинг ҳудудий бошқармаларининг” деган сўзлар “ва унинг ҳудудий бошқармаларининг палата аъзосининг манфаатларини кўзлаб берилган” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5) 27-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Прокурор, шунингдек қонунларда назарда тутилган ҳолларда давлат    ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида  судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органлар ҳам ХПКда белгиланган тартибда судга жавобгарнинг манфаатида қарши даъво бериши мумкин”.

VI. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2008 йил 8 апрелдаги 180-сонли қарорига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 4.3-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Иш ХПКнинг 33-моддасига асосан бошқа хўжалик судига кўриш учун ўтказилганда, суд томонидан аввал тўланган давлат божи (почта харажатлари) инобатга олиниши керак”;

2) 24-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Судлар шуни инобатга олиши лозимки, келишув битимини тасдиқлашда давлат божи даъво аризасида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб ҳисобланади”;

3) қуйидаги мазмундаги 26.5-банд билан тўлдирилсин:

“26.5. СК 330-моддасининг 25-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятлари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинган. Судларга тушунтирилсинки, бундай талаб қаноатлантирилганда давлат божи жавобгардан ундирилади, талабни қаноатлантириш рад этилган ҳолда, эса давлат божи аризачидан ундирилмайди”;

4) 29-банд:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 

“Хўжалик судига юридик ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларнинг манфаатида прокурор, давлат ва бошқа орган томонидан берилган даъвони қаноатлантириш рад этилганда (иш юритиш тугатилганда, даъво кўрмасдан қолдирилганда), манфаатлари ҳимоя қилиниб даъво берилган шахсдан давлат божи ундирилмайди, ХПК 86-моддасининг 7-бандига асосан келишув битими тасдиқланиши муносабати билан иш юритиш тугатилиши бундан мустасно. Мазкур қоида манфаатлари ҳимоя қилиниб даъво берилган шахснинг ўзи, яъни даъвогар томонидан ХПКнинг 40-моддаси тартибида даъвонинг предмети ўзгартирилганда ёхуд даъво талабларининг миқдори кўпайтирилганда, даъвонинг ушбу ўзгартирилган (кўпайтирилган) қисми бўйича қўлланилмайди, СКнинг 330-моддасига асосан давлат божи тўлашдан озод этилган ҳолатлар бундан мустасно”; 

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Давлат божидан озод қилинган даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори жавобгарнинг (белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганда) апелляция ёки кассация шикояти бўйича бекор қилиниб, даъво асоссизлиги сабабли рад этилган тақдирда, жавобгар томонидан тўланган суд харажатлари даъвогардан жавобгар фойдасига ундирилади”.

VII. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида”2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорига қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

 1) қуйидаги мазмундаги 14.1-банд билан тўлдирилсин: 

“14.1. ФК 179-моддасининг биринчи қисмига асосан давлат корхонаси ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни мулкдорнинг розилиги билангина бошқа шахсга беришга ёки уни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли.

“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида давлатга тўла ёки умумий мулк ҳуқуқида қисман қарашли баҳолаш объектлари битим тузишга жалб этилган тақдирда баҳолаш ўтказилиши мажбурийлиги назарда тутилган.

Шу боис, судлар келишув битимини тасдиқлаш масаласини кўриб чиқишда келишув битими объекти давлат мулки бўлса тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли давлат органининг розилиги олинганлигига  ва объект баҳоланганлигига эътибор қаратиши лозим”;

2) 19-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Агар суд томонидан тасдиқланган келишув битимини тарафлар ўзаро бекор қилиб ёки уни шартларини ўзгартириб, судга янги таҳрирдаги келишув битимини тасдиқлаш учун тақдим этса, суд бундай аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради ва бундай ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди)”.

VIII. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарорига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 20-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Судлар инобатга олишлари лозимки, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажрим (қарор) ёки шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор, улар (ажрим, қарор) билан аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришда, хўжалик суди томонидан далил сифатида қабул қилиниши мумкин”;

2) 35-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан Солиқ кодекси 54-моддасининг учинчи қисмига асосан, молиявий жаримани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган бўлса, солиқ тўловчи  бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган муддатга риоя қилмаган тақдирда, солиқ инспекцияси молиявий жаримани суд тартибида қўллаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши мумкин”;

3) қуйидаги мазмундаги 35.2-банд билан тўлдирилсин:

“35.2. Судларга тушунтирилсинки, Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари, 112-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидалар Солиқ кодексининг 17-бобида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва молиявий санкцияларгагина қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сонли Қарорининг 3-бандида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2000 йил 29 июндаги 245-сонли қарорининг 4-бандида, Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий санкцияларни қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда ушбу қоидалар татбиқ этилмайди”;

4) қуйидаги мазмундаги 42.1, 42.2-бандлар билан тўлдирилсин:

“42.1. Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссиясининг хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича пенялар ва молиявий жарималарни ҳисобдан чиқариш, қарзларини (асосий суммани, пеняларни, жарима санкцияларини) тўлаш муддатини кечиктириш тўғрисидаги қарорлари давлат солиқ хизмати органининг даъво аризасини (аризани) қаноатлантиришни рад қилиш учун асос бўлади.

Қарзларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш тўғрисидаги комиссия қарорида белгиланган муддатнинг тугаганлиги  давлат солиқ хизмати органи томонидан хўжалик судига янги асослар билан умумий тартибда даъво аризаси (ариза) тақдим этилишига тўсқинлик қилмайди.

42.2. Суд буйруғи берилганидан кейин давлат солиқ хизмати органи томонидан айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича даъво тақдим этилса, даъво аризасини қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 2-бандига асосан тугатилади”.

IX. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2010 йил 19 ноябрдаги 220-сонли қарорига қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

1) 11-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Агар ишни кўриш жараёнида қурилманинг ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланса, суд ФКнинг 187-моддасига асосан бундай қурилмага мулк ҳуқуқини белгиламайди, ФК 212-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларидаги ҳолатлар бундан мустасно”;

2) 12.4-банд қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

“Агар ўзбошимчалик билан қурилган иморат архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига жавоб бериши, иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги даъвогар томонидан исботлаб берилса ёки бу ҳолат суд томонидан аниқланса, низоли иморат фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги масаласига судлар ҳуқуқий баҳо бериши лозим.

Судларнинг эътибори ФКнинг 212-моддасида шахс ўзига қарашли бўлган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкинлиги назарда тутилмаганлигига қаратилсин”.

X. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2011 йил 30 июндаги 229-сонли қарорининг 24-бандидаги “ўн” деган сўз “беш” деган сўз билан алмаштирилсин.

XI. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мулк ижараси шартномаси тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2011 йил 1 декабрдаги 234-сонли қарорининг 13.4-бандидаги “шартномани рад этиши” деган сўзлар “прокат шартномасини бажаришни рад этиши” деган сўзлар билан алмаштирилсин.

XII. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2013 йил 5 декабрдаги 254-сонли қарорининг 9-банди“унинг раҳбари ёки ходимининг муҳр (штамп)” деган сўзлардан кейин “(муҳр мавжуд бўлган тақдирда)” деган сўзлар билан тўлдирилсин.

XIII. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 24 апрелдаги 197-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

 

Олий хўжалик суди

              раиси                                                                     К. Камилов

 

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья                                            К. Давлетова