Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми

20.05.13

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг навбатдаги Пленум мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари раислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленум мажлисида Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида мамлакатимизни демократик янгилаш, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини муттасил юксалтириб бориш йўлида изчиллик билан, босқичма-босқич амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, хўжалик судлари фаолиятида асосий эътибор қонунийлик ва адолатни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилмоқда.

Судга мурожаат қилаётган шахслар учун қулайликлар яратиш, суд муҳокамасини ва қабул қилинган қарорларини ижрога қаратиш муддатини қисқартириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексига судда иш кўришнинг соддалаштирилган тартиби - суд буйруғи бериш институти киритилган. 

Суд буйруғи - кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжат бўлиб, у ижро ҳужжати кучига эга. 

Пленум муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг суд буйруғи ҳақидаги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси суд буйруғи бериш билан боғлиқ ишларни ҳал этишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бир хилда ҳамда тўғри қўлланилиши юзасидан хўжалик судларига аниқ тушунтиришлар бериш баробарида низосиз тартибда ҳал этиладиган суд ишларини қонуний, тез ва қисқа муддатларда кўриб чиқишни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Хусусан, қарор лойиҳасида Хўжалик процессуал кодексининг 103-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш бўйича талабларнинг рўйхати тугал ҳисобланиши ва у кенгайтирилган тарзда талқин қилинмаслиги, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилганда, қарздорлик суммаси қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши алоҳида қайд қилинган.

Бундан ташқари, лойиҳада суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани тақдим этиш тартиби ва унда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича, истеъмол қилинган электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар, алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ҳамда ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисидаги аризаларга илова қилинадиган ҳужжатлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилган.

Мажлисда сўзга чиққанлар суд амалиётидан келиб чиқиб, суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни ҳал этишга оид қонун ҳужжатларини қўллашда юзага келаётган айрим ноаниқликлар ва муаммоларни ҳам муҳокама қилиб, уларни ҳал қилиш йўлларини белгилаб олдилар.

Шунингдек, мажлисда Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларини янги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш мақсадида тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. 
Кун тартибидаги масалалар бўйича кўриб чиқилган ва қабул қилинган Пленум қарорлари хўжалик судлари томонидан суд ишларини кўришда тегишли қонун ҳужжатларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши юзасидан муҳим манбалардан бири бўлиб, қонунийлик ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди 
Матбуот хизмати