Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга

13.06.13

Маълумки, Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимизда бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг муҳим вазифалари белгилаб берилган эди.

Айни чоғда унда 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларида банк ҳисобварақларига масофадан туриб хизмат кўрсатиш тизими, жумладан, “Интернет-банкинг” хизмати орқали солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, юкларни божхонада расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни декларация қилиш, “бир ойна” тамойили бўйича юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини рўйхатга олиш тартиб-таомилларини ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқини берувчи қоидани ўрнатиш кўзда тутилган.

Мазкур Фармонда тадбиркорлик субъектлари хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларини ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда бериш ҳуқуқига эгалиги ҳамда суд муҳокамаси иштирокчиларини хабардор қилиш, уларга суд ҳужжатларини ёки бошқа хабарларни электрон воситалар орқали юбориш имкониятини берувчи электрон ҳужжатлар алмашинувини хўжалик судларида жорий этиш ҳам белгиланган.

Таъкидлаш керакки, ушбу ҳужжат асосида Олий хўжалик судида тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини қабул қилиш бўйича марказлаштирилган электрон дастурий таъминот ишга туширилди. Айни пайтда мазкур тартибга биноан, тадбиркорлик субъектлари Олий хўжалик судининг расмий веб-сайти орқали хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда тақдим этмоқда. Бунинг жорий қилиниши тадбиркорлик субъектларининг вақти ва маблағини тежаш баробарида, уларга қўшимча қулайликлар яратмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик судларига 350 дан ортиқ даъво аризалари электрон шаклда тақдим этилганлиги ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Хўжалик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, хўжалик судларида электрон ҳужжат алмашинуви ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Шу пайтгача хўжалик процессуал қонун ҳужжатларида суд ва суд процессида иштирок этувчи шахслар ўртасида маълумотлар (ёзишмалар) алмашишнинг электрон шакли назарда тутилмаган эди.

Янги Қонун билан Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддасига қўшимча киритилиб, хўжалик судига мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкинлиги белгиланди. Кодекснинг хўжалик суди томонидан суд ҳужжатларини жараён иштирокчиларига юбориш зарурлиги ҳақидаги қоидаларга бағишланган тегишли моддаларига ҳам ўзгартишлар киритилди. Унда жорий йилнинг 1 июнидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг электрон манзиллари бўлган тақдирда, суд ҳужжатлари нусхаларини электрон алоқа воситалари орқали жўнатишни назарда тутувчи нормалар белгиланди. Кодекснинг 124-моддаси эса ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш ва судга чақириш тартибини қамраб олган. Шу пайтгача ушбу моддада фақат ёзма шаклда хабардор қилиш имконияти назарда тутилган эди. Янги Қонун билан мазкур моддага ахборот технологиялари ривожланишининг ҳозирги босқичида ишда иштирок этувчи шахсларни электрон воситалар ва бошқа алоқа воситалари ёрдамида ҳам хабардор қилиш имкониятини назарда тутадиган қўшимчалар киритилди.

Хўжалик суди ва процесс иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви тизимининг жорий этилиши муносабати билан унда иштирок этувчи шахслар мурожаатларида ўз электрон манзилларини кўрсатиши талаб этилади. Шу асосда Кодекснинг мурожаатлар шакли ва мазмуни масалаларини тартибга соладиган моддаларига қўшимчалар киритилди. Яъни судга тақдим қилинадиган ҳужжатларда шахснинг ёки унинг вакилининг почта манзили, телефонлари, факс рақамлари билан бирга, электрон манзили ҳам кўрсатилиши мумкинлиги белгиланди.

Умуман, хўжалик судларида ҳужжатлар алмашинувининг электрон шакли жорий этилиши тадбиркорлик субъектларининг моддий ва вақт билан боғлиқ сарф-харажатларини камайтириш, суд ва ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида ёзишмалар алмашинуви тартибини соддалаштириш ва суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш имконини беради. Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш тезлашади ва процессуал муддатлар тежалади.

Ўз навбатида, янги Қонун билан хўжалик судларига тааллуқли ишлар доираси кенгайтирилганлигини ҳам таъкидлаш зарур. Унга кўра, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар ҳам хўжалик судларига тааллуқлидир.

Бироқ иқтисодиётнинг ривожланиши ва хўжалик юритувчи субъектлар сонининг кўпайиши натижасида жисмоний шахслар ва юридик шахслар (хўжалик жамиятлари, акциядорлик жамиятлари ва ҳ.к.) ўртасида юридик шахснинг иқтисодий фаолияти бўйича келиб чиқадиган корпоратив низолар сони кўпайиб бормоқда. Дивидендларни тўлаш, улуш ажратиш, акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар шулар жумласидандир. Мазкур низоларнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, буларда бир тараф жисмоний шахс бўлишига қарамасдан, низо юридик шахснинг иқтисодий фаолияти бўйича вужудга келади.

Шундан келиб чиқиб, Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддаси ҳам янги норма билан тўлдирилди. Яъни иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, жумладан, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар (бундан меҳнатга оид низолар мустасно) хўжалик судларида кўрилишини назарда тутувчи норма киритилди. Бунда мазкур ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилот ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъи назар, хўжалик суди томонидан кўриб чиқилиши алоҳида белгиланди.

Хўжалик судларига корпоратив низоларни кўриб чиқиш ҳуқуқининг берилиши ушбу тоифадаги ишларнинг тааллуқлилиги муаммосини ҳал этади, уларни янада сифатли кўриб чиқиш ва мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имкониятини беради.

Хулоса ўрнида айтганда, Хўжалик процессуал кодексига киритилган бу ўзгартиш ва қўшимчалар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш баробарида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шуҳрат САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари