Ҳужжатлар шакли ва мазмуни

Хўжалик судига мурожаат қилиш Хўжалик процессуал кодексида белгиланган шаклларда амалга оширилади. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар хўжалик судига ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

I. Даъво аризаси хўжалик судига ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, уларнинг почта манзиллари;

3) агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;

4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;

5) даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;

6) ундириладиган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;

7) даъвогарнинг қонун ҳужжатларини далил қилиб келтирган талаблари, даъво бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса - уларнинг ҳар бирига қўйилган талаблар;

8) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

9) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар ҳам, шунингдек даъвогарда мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини;

2) даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганлигини;

3) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни.

Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, унинг даъво тақдим этишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.

Шартнома тузишга мажбур этганлик тўғрисидаги аризага шартнома лойиҳаси илова қилинади.

II. Апелляция шикояти (протести) хўжалик суди ҳал қилув қарорини қабул қилгандан кейин бир ой ичида берилади.

Хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.

Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят (протест) йўлланган хўжалик судининг номи;

2) шикоят бераётган (протест келтираётган) шахснинг номи;

3) устидан шикоят берилаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низонинг предмети;

4) шикоят бераётган (протест келтираётган) шахснинг талаблари ва ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблашининг асослари, бунга далил бўлган қонун ҳужжатлари ҳамда иш материаллари;

5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Апелляция шикояти шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан, апелляция протести эса прокурор томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома, агар у аввал шу иш бўйича берилмаган бўлса, илова қилинади.

Шикоятга (протестга) шикоят (протест) нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади. Бундан ташқари шикоятга давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи далиллар ҳам илова қилинади.

III. Кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди орқали берилади.

Ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди шикоят (протест) тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига иш билан бирга юбориши шарт.

Кассация шикояти (протести) хўжалик судининг ҳал қилув қарори ёки апелляция инстанциясининг қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой давомида берилиши мумкин.

Кассация шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят (протест) йўлланаётган хўжалик судининг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорининг ёки қарорни қабул қилган хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинган сана, низо предмети;

4) шикоят (протест) берган шахснинг талаблари, моддий ёхуд процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборатлиги;

5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Кассация шикоятида (протестида) ишнинг ҳолатлари исботланмаганлигини ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақиқий муносабатлари тўғрисида ҳал қилув қарори ёки қарорда баён қилинган хулосалар ишнинг ҳолатларига номувофиқлигини далил қилиб келтиришга йўл қўйилмайди.

Кассация шикояти уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома, агар у аввал ушбу иш бўйича тақдим этилмаган бўлса, илова қилинади.

Шикоятга давлат божи тўланганлигини ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоятнинг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади.

IV. Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза мазмунан ХПК 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Аризага суднинг ҳал қилув қарори нусхаси, агар иш апелляция, кассация тартибида ҳам кўриб чиқилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси судларининг қарорлари нусхалари ҳам илова қилинади.

Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилмайди.

Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза бир ойлик муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак.

V. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар томонидан шу ҳужжатни қабул қилган хўжалик судига суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай берилиши мумкин.

Аризага унинг нусхалари ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Ариза белгиланган муддат ўтгандан кейин берилса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса ёхуд ариза нусхалари ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаса, у судья томонидан аризачига қайтарилади.

VI. Суд буйруғи кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжатдир.

Суд буйруғи судья томонидан қуйидаги ҳолларда якка тартибда берилади:

1) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқимондаларни ундиришни ташкилотлар ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб қўйилса;

11) коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб қўйилса;

2) ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб қўйилса;

3) талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланса;

4) лизинг берувчи томонидан лизинг олувчидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиш тўғрисида талаб қўйилса.

Ариза хўжалик судига ёзма шаклда судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланадиган аризага ишончнома илова қилинади.

Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;

2) кредиторнинг, қарздорнинг номи ва уларнинг манзиллари;

3) кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;

4) талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар;

5) ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, лизинг объекти талаб қилиб олинган тақдирда эса лизинг шартномасида белгиланган, тўланмаган тўловларнинг лизинг берувчининг лизинг шартномаси муддати тугагунига қадар қолган даврдаги даромадини чегириб ташлаган ҳолдаги сумманинг ҳисоб-китоби;

6) илова қилинган ҳужжатлар рўйхати.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.