Судьялик лавозимига номзодларни танлаб олиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги Ф-3949-сонли Фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида”ги Низомдан кўчирма


СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМЛАРИГА БИРИНЧИ МАРТА ТАЙИНЛАНАДИГАН НОМЗОДЛАР ЗАХИРАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАНЛАШ ТАРТИБИ

 

7. Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш ишлари Комиссия томонидан адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари иштирокида амалга оширилади.

8. Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига тайёргарлик кўрган, катта ҳаётий тажрибага, бенуқсон обрў-эътиборга эга юқори малакали юристлар орасидан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотли, юридик ихтисослиги бўйича иш стажи камида беш йил бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари киритилиши мумкин.

Қуйидаги шахслар захирага қабул қилиниши мумкин эмас:

судланганлар;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилган шахслар.

Захира Комиссия томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ушбу минтақаларнинг ҳар бирида 30-50 кишидан, белгиланган тартибда тақдим этилган адлия, прокуратура, суд, ички ишлар органларининг таклифларига ҳамда фуқароларнинг аризаларига мувофиқ шакллантирилади.

9. Адлия, прокуратура, суд, ички ишлар органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари ҳар чоракда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судьялар малака ҳайъатлари, Ҳарбий судлар судьялари малака ҳайъати, Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъатининг ҳар бирига алоҳида судья кадрлари киритиш учун ўз ходимлари орасидан номзодлар бўйича таклифларни ҳамда зарур материалларни юборади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди, Олий хўжалик суди ва Ички ишлар вазирлиги ҳам ўз ходимлари орасидан судья кадрлари захирасига киритиш учун номзодлар бўйича таклифларни ҳамда зарур материалларни тегишли судьялар малака ҳайъатларига юборишлари мумкин.

Захирага кириш истагини билдирган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Комиссияга бевосита ёки тегишли судьялар малака ҳайъати орқали ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Таклифга (аризага) номзод томонидан шахсан тўлдирилган кадрларни ҳисобга олиш шахсий варағи ва таржимаи ҳол, фотосуратлар, паспорт нусхаси ва баҳолар тўғрисидаги маълумотлар илова қилинган нотариал тасдиқланган олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси, белгиланган тартибда тасдиқланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма, соғлиғи тўғрисида маълумотнома, иш жойидан маълумот-тавсифнома, идора номидан тавсия, фикрномалар (камида учта) илова қилинади.

Адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган материалларга қўшимча равишда номзоднинг обрў-эътибори, рағбатлантиришлари, интизомий жазолари ҳақида идоравий инспекция ёки кадрлар бўлимининг маълумотномаси ҳамда касбий, ишчанлик ва шахсий фазилатларини тавсифловчи бошқа маълумотлар, раҳбар томонидан номзоднинг судьялик лавозимига муносиблиги ҳақидаги хулосаси илова қилинади.

Судья кадрлар захирасига киритиш учун номзодлар бўйича таклифлар адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари республика ёки ҳудудий бўлимларининг бевосита биринчи раҳбарлари томонидан имзоланади ва улар материалларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун шахсан жавобгардирлар.

10. Судьялар малака ҳайъатлари бир ойлик муддатда номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларни (аризаларни), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг улар бўйича берилган хулосаларини умумлаштиради, захирага киритиш учун тавсия этиладиган шахсларнинг рўйхатларини тузади ҳамда ушбу рўйхатларни тегишли материалларни илова қилган ҳолда Комиссияга юборади.

11. Комиссия бир ойлик муддатда захирага киритиш учун тавсия этилаётган шахслар рўйхатини кўриб чиқади. Номзодларни захирага киритиш тартиби Комиссиянинг Регламенти билан белгиланади.

Захирага киритилган шахслар рўйхати уларнинг ўқиши ва стажировкасини ташкил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судига юборилади.

Шахсларнинг захирага киритилганлиги тўғрисидаги маълумот қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ҳафталик муддатда Комиссия томонидан номзодлар ва манфаатдор органларга етказилади.

Шахсни захирага киритиш рад қилинган тақдирда унинг ҳужжатлари тегишли судьялар малака ҳайъатига кейинчалик бу ҳақда манфаатдор органларни (шахсларни) хабардор қилиш учун қайтарилади.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди Адлия вазирлиги билан биргаликда турган шахсларнинг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида (бундан буён матнда Юристлар малакасини ошириш маркази деб юритилади) махсус курсларда ўқишлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг тегишли судларида стажировкадан ўтишларини ташкил этади.

Таълим олиш ва стажировкадан ўтиш дастурлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади, ушбу идоралар мазкур дастурларнинг амалга оширилиши устидан назорат олиб боради.

Судьялик лавозимларига номзодлар Юристлар малакасини ошириш марказида ўқиш, шунингдек тегишли судларда стажировкадан ўтиш даврида асосий иш жойларидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда, меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади.

Ўқиш (стажировка) натижаларига кўра Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан номзодга сертификат берилади ва Комиссия, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ёки Олий хўжалик судига номзоднинг судьялик лавозимларида ишлаш учун назарий ва амалий жиҳатдан тайёрлиги ҳақида хулоса тақдим қилинади.

Номзоднинг стажировкани ўтиши учун масъул бўлган раҳбар томонидан Юристлар малакасини ошириш марказига тегишли хулоса тақдим қилинади.

Ўқиш (стажировка), шунингдек ҳар томонлама ўрганиш натижалари бўйича Олий суд ва Олий хўжалик суди номзодни захирадан чиқариш тўғрисида Комиссияга таклиф киритиши мумкин.

13. Комиссия тегишли судларнинг малака ҳайъатлари билан биргаликда доимий равишда номзодлар фаолиятини мониторинг қилиб боради, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил қилади.

Адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этганлиги, шунингдек ўзи ва унинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида Комиссияни ўз вақтида хабардор қилади.

14. Шахс қуйидаги ҳолларда Комиссия томонидан захирадан чиқарилиши мумкин:

ўқиш ва стажировка натижалари қониқарсиз баҳоланганда;

шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлар содир этганда;

Юристлар малакасини ошириш маркази сертификатининг амал қилиш муддати (беш йил) тугаганда.

15. Захира Комиссия томонидан белгиланган тартибда ҳар йили янгилаб турилади.

Номзод захирага икки йилдан ошмаган муддатга киритилади. Захирага киритилган шахс ушбу муддат ичида судьялик лавозимига кўрсатилмаган тақдирда чиқарилади.

16. Судьялик лавозими бўшаб қолган тақдирда Комиссия захирага киритилган ҳамда ўқиш ва стажировкани муваффақиятли ўтган шахсларни бевосита ёки тегишли судьялар малака ҳайъати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди орқали хабардор қилади.

Бўшаб қолган судьялик лавозимлари тўғрисидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтларида ҳам жойлаштирилади.

17. Захирада турган шахс Комиссияга бевосита ёки судьялар малака ҳайъати орқали бўш судьялик лавозимларини эгаллаш учун танловда қатнашиш тўғрисида ариза беради.

18. Комиссия бўш лавозимларни эгаллаш учун танловда қатнашиш тўғрисида ариза берган номзодларнинг касбий, ишчанлик ва шахсий фазилатлари даражасини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни, шу жумладан ваколатли органларни жалб қилган ҳолда амалга оширади.

19. Ўрганиш натижалари ижобий бўлган номзодлар Комиссияда суҳбатдан ўтади.

Комиссия суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимнома киритади.

Қорақалпоғистон Республикасининг судьялик лавозимларига суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар бўйича Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун хулоса киритади.

20. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда мажбурий тайёргарликдан (стажировкадан) ўтадилар.

Судьяни биринчи ваколат муддатига танлаш ва тайинлаш мазкур Низомнинг келтирилган Схемага асосан амалга оширилади.

21. Зарур малака, юксак ишчанлик ва шахсий фазилатлар, бенуқсон обрў-эътибор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органларида масъул лавозимларда етарли иш тажрибасига эга бўлган шахслар, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта судьялик лавозимига мазкур Низомнинг назарда тутилган тартибни ўтмасдан туриб тайинланишлари мумкин.

 

СУДЬЯЛАРНИ ЯНГИ ВАКОЛАТ МУДДАТИГА ВА БОШҚА СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМЛАРИГА ТАНЛАШ ТАРТИБИ

 

22. Комиссия Олий малака ҳайъати ва Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъати билан биргаликда судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлаш ишларини ташкил этади.

23. Комиссия бўшаб қолган судьялик лавозимлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судини хабардор қилади, ушбу маълумот уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.

24. Судьялар ваколат муддати тугашига камида олти ой қолганда Комиссияга бевосита ёки Олий малака ҳайъати ёхуд Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъати орқали янги ваколат муддатига кўрсатиш ёки кўрсатмаслик тўғрисида аризалар ва зарур ҳужжатларни беради.

Бошқа судьялик лавозимларига номзодини кўрсатиш истагини билдирган судьялар Комиссияга бевосита ёки Олий малака ҳайъати ёхуд Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъати орқали ариза ва зарур ҳужжатларни беради.

Олий малака ҳайъати ва Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъати номзодга нисбатан тегишли хулосани Комиссияга тақдим қилади.

25. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий суди ёки Олий хўжалик суди билан биргаликда судьялик ваколатларига янги муддатга ёки бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилган номзодларнинг касбий, ишчанлик ва шахсий фазилатлари даражасини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.

Номзод кўрсатилаётган лавозим талабларига жавоб бермаган тақдирда Комиссия уни қуйи судьялик лавозимига кўриб чиқиш масаласини кун тартибига киритиши мумкин.

26. Комиссия судьяларни янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимига кўрсатиш масаласини кўриб чиқиш бўйича Олий малака ҳайъати ёки Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъати билан қўшма мажлис ташкил этади. Мажлисда номзодларга оид тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилади, суҳбат ўтказилади ва тегишли хулоса қабул қилинади.

Қўшма мажлис Комиссия томонидан умумий юрисдикция судларининг судьялик лавозимларига Олий малака ҳайъати билан, хўжалик судларининг судьялик лавозимларига Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъати билан ўтказилади.

Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар бўйича Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимнома киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Олий суд ва Олий хўжалик судининг судьялик лавозимларига суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар бўйича Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун хулоса киритади.

27. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги билан биргаликда қайта тайинланган судьяларнинг Юристлар малакасини ошириш марказида қонун ҳужжатларига киритилган сўнгги ўзгартишлар, илғор ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан таништириш бўйича махсус курсларни ўтишини ташкил этади.