Судьялик лавозимига номзод учун қўйиладиган талаблар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги Ф-3949-сонли Фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига кўра Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига тайёргарлик кўрган, катта ҳаётий тажрибага, бенуқсон обрў-эътиборга эга юқори малакали юристлар орасидан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотли, юридик ихтисослиги бўйича иш стажи камида беш йил бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари киритилиши мумкин.

Қуйидаги шахслар захирага қабул қилиниши мумкин эмас:

  • судланганлар;
  • белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
  • ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилган шахслар.

Захира Комиссия томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ушбу минтақаларнинг ҳар бирида 30-50 кишидан, белгиланган тартибда тақдим этилган адлия, прокуратура, суд, ички ишлар органларининг таклифларига ҳамда фуқароларнинг аризаларига мувофиқ шакллантирилади.