Судьялар аҳоли билан очиқ мулоқотда

20.04.17

Навоий вилоят хўжалик суди томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармони ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, республикада амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини халқчил тилда тушунтириш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш бўйича 2017 йил 13 апрель куни Хатирчи тумани маданият саройида тарғибот ишлари ва сайёр қабул амалга оширилди.

Сайёр қабулда “Махмуд бобо Собиров” МЧЖ раҳбари Д.Собиров ҳокимият томонидан тадбиркорларга барча шароитлар яратилаётганлиги, лекин бошқа ташкилотлар билан олди-сотди шартномалар тузиб, бўёқ маҳсулотларини  етказиб берганлигини, ушбу ташкилотлар товар учун пул маблағларини тўламай келаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди.


Мурожаат этувчига ушбу ҳолатда ХПКда белгиланган тартибда даъво аризаси ва унга асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Сайёр қабулда “Gold door servis” хусусий корхонаси раҳбари З.Эрматов банк, ҳокимият ва монополия ташкилотлар томонидан унга ер ажратилиб, “ноль” қийматда эски бино инвестиция киритиш шарти билан берилганлигини, ушбу имкониятдан фойдаланиб, тадбиркорлигини, яъни мебель ва эшик ромларини ишлаб чиқараётганлигини, ҳозирги кунда 38 кишига иш жойи яратиб, фаолиятини ривожлантираётганлигини айтиб, етказиб берган товарлари  учун пул маблағларини бошқа ташкилотлардан ололмаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди.

Мурожаат этувчига ушбу ҳолатда ХПКда белгиланган тартибда даъво аризаси ва унга асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги ҳақида тушунтириш берилди.


Сайёр қабулда Хатирчи туман қишлоқ хўжалик касб хунар коллежи ўқитувчиси М.Хамраева фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан унинг пластик карточкасига тақиқ қўйилганлиги тўғрисида мурожаат қилди.

Мурожаат этувчига ушбу ҳолатда Фуқаролик процессуал коедксига асосан тегишли тартибда ариза билан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги ҳақида тушунтириш берилди.

2017 йил 13 апрель куни Хатирчи туман ҳокимлигида ўтказилган сайёр қабулда “Саттор Бўри” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси Э.Халилов солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳисобланиб, устидан шу миқдорда пеня ҳисобланганлиги тўғрисида мурожаат қилди.

Мурожаат этувчига Солиқ кодексининг 120-моддасига асосан тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлишини, бунда бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммага тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмаслигини, пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмаслигини, пеня ундирилиши солиқ тўловчини солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод қилмаслигини, юридик шахс — тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тугатилган тақдирда, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилинган кундан эътиборан барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пенялар ҳисоблаш тўхтатилишини, ихтиёрий тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тугалланмаган ёки тугатиш тартиб-таомили тўхтатилган ва фаолият қайта бошланган тақдирда, пеня белгиланган тартибда қўшиб ҳисобланади ҳамда ҳисоблашлар тўхтатиб турилган бутун давр учун ундирилиши ҳақида тушунтириш берилди.


Сайёр қабулда “Хатирчи савдо плюс” МЧЖ бош ҳисобчиси М.Бобомуродов жамиятни ихтиёрий тугатишга амалий ёрдам бериш тўғрисида мурожаат қилди.

Мурожаат этувчига жамиятни ихтиёрий тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сон Қарори бўйича тугатилиши ва ушбу жараённи амалга ошириш учун адлия органлари ҳузуридаги “Ягона дарча” марказларига мурожаат қилиш лозимлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Сайёр қабулда “Отамурод Жаббор” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси М.Буриев бир солиқ туридан қарздорлиги мавжуд бўлиб, иккинчи солиқ тури бўйича пул маблағлари кўп тўланганлиги ва ушбу суммани биринчи қарздорлик учун солиқ идораси томонидан ўтказмаётганлиги билдириб, ўтказишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.

Мурожаат этувчига Солиқ кодексининг 56-моддасида солиқнинг бюджетга тўланган ҳамда тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ солиқнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилишини, ортиқча тўланган сумма солиқ қарзини кетма-кетлиги узиш ҳисобига ҳисобга олиниши кераклиги ва жараён давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида хулоса тақдим этилган тақдирда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилиши ҳақида тушунтириш берилди.