Суд-ҳуқуқ тизимининг мустаҳкам асоси

10.07.14

2014 йил 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва Бош прокуратура Олий ўқув курслари ҳамкорлигида «Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг моҳияти ва аҳамияти» мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда эътироф этилганидек, мамлакатимизнинг истиқлол йилларида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Муболағасиз айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бугун амалда кутилган самараларини бераётганига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Қувонарлиси, буни нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам якдиллик билан эътироф этишмоқда.

Тадбир иштирокчилари дастлаб шу йилнинг 17 апрелидан кучга кирган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Қонун давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали мажлисида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб берган маърузасида баён этилган қоидалар ва ғояларни ўзида акс эттирганлигини, Конституциямизга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» принципини босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Айтиш керакки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида ишлаб чиқилаётган ҳамда қабул қилинаётган қонунлар суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, концепция талабидан келиб чиқиб, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этишга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш институтини янада такомиллаштириш борасида қўйилган муҳим қадам бўлди.

Жумладан, жиноят ишини юритишда суд назоратини мустаҳкамлаш, ҳимоя ва айблов тортишувини таъминлаш тизими ва механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида «Хабеас корпус» институтини қўллаш амалиёти кенгайтирилди. Шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббиёт муассасасига жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколати судларга берилди.

Айниқса, Президентимизнинг суд тизими фаолияти самарадорлигини таъминлашга ва суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимоясини тубдан яхшилашга қаратилган фармонларининг қабул қилинганлиги, суд ҳокимияти нуфузини мустаҳкамлаш, бугунги кун талабларига жавоб берадиган суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг самарали тизимини йўлга қўйишда муҳим омил бўлди. Буларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида 2014 йил 20 январда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Солиқ кодекслари, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Судлар тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Жумладан, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилган сўнгги янгиликларга кўра, эндиликда судья бўлаётган шахс ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилиши, талаб қилинаётган ушбу муддат мобайнида ходим ўз билим ва малакасини ҳар жиҳатдан ошириши, суд-ҳуқуқ тизимидаги давлат сиёсатининг моҳиятини чуқур англаши баробарида, ўзига хос ҳаётий тажрибани ҳам қўлга киритиши зарурлиги қайд этиб ўтилди.

Шу билан бирга, эндиликда судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин аввал эгаллаб турган иши, бундай иш мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш берилиши, судьяларнинг ваколат муддати тугагандан сўнг уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи янги ваколат муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига жойлаштирилгунга қадар, кўпи билан уч ойгача сақлаб қолиниши каби масалаларнинг қонунда белгилаб қўйилганлиги судьяларни том маънодаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилувчи мезон сифатида эътироф этилди.

Буларнинг барчаси, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган бугунги демократик ислоҳотлар, аввало, дунёнинг энг илғор тажрибалари инобатга олиниб, суд тизими қонунчилик асосларини ва судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, шахс ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти илмий ходимлари, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Олий ўқув курслари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Манба: parliament.gov.uz