Инсон ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш йўлида

25.06.14

Пойтахтимизда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш — жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг устувор йўналиши” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Олий Суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирликлари билан ҳамкорликда ҳамда қатор халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, ижро ва суд ҳокимияти вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, шунингдек, халқаро экспертлар, Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари ва АҚШдан амалиётчи юристлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Анжуманда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг изчил, босқичма-босқич рўёбга чиқарилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим қилинди.

Жумладан, истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизими яратилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси унинг юрагига айланди. Саккизта конституциявий қонун, ўн олтита кодекс, олти юздан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Уларнинг барчасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ўз ифодасини топди.

Бинобарин, суд-ҳуқуқ соҳасидаги барча ислоҳотлар, биринчи навбатда, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликда инсонпарварлик тамойилларини кучайтиришга йўналтирилди. 2008 йилда ўлим жазосининг бекор қилиниши, қамоққа олиш санкциясининг судларга берилиши улкан ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди. Жиноий жазоларни либераллаштириш асносида, оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Суд амалиётига яраштирув институтининг татбиқ этилиши натижасида юз мингдан ортиқ фуқаро жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур дастуриламал ҳужжатга мувофиқ, қатор қонунлар ҳаётга жорий этилди. Улар инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлади. Хусусан, суднинг жиноят ишини қўзғатиш, айблов хулосасини ўқиб эшиттириш ваколатлари жиноят-процессуал қонунчилигидан чиқарилди. Судга қадар иш юритув босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилди.

Лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби жорий этилди. Ўз навбатида, 2012 йили тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишга йўналтирилган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Тадбирда тўхталиб ўтилганидек, мамлакатимизда суд тизими ижро ҳокимияти органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди. Суд тизими учун кадрлар масалалари билан шуғулланиш вазифаси ижро ҳокимияти тузилмаларидан мустақил орган — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига юклатилди.

Айтиш лозимки, халқаро конференция иши кенг миқёсда тажриба алмашиш шаклида ташкил этилди. Чунончи, мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органлари масъул раҳбарларининг маърузалари мавзуни ҳар томонлама очиб беришга бағишланди. Уларда “Конституциявий суд назорати ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси”, “Суд ҳокимияти мустақиллигини янада таъминлашнинг долзарб вазифалари”, “Ўзбекистон ички ишлар органларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги фаолияти”, “Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда Адлия вазирлигининг иштироки”, “Аҳоли, айниқса, фуқароларнинг ижтимоий кўмакка муҳтож тоифаларига самарали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг замонавий модели” каби масалалар қамраб олинди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан нашр қилинган янги адабиётлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Айни чоғда анжуманда хорижлик экспертлар ва мутахассислар чиқиш қилдилар. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларнинг жиноят-процессуал қонунчилигига таъсири бўйича Хитой тажрибаси, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини судларнинг бетарафлиги, прокурор ва ҳимояга тенг шароитларни таъминлаш йўли билан ҳимоя қилиш бўйича АҚШ тажрибаси, озодликдан маҳрум этилган шахслар ҳуқуқлари ҳимоясининг превентив механизмлари бўйича Буюк Британия тажрибаси, “Хабеас корпус” институтини қўллашни ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича Германия тажрибаси ва бошқа мавзулар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузачилар нафақат ўз давлатлари тажрибалари билан ўртоқлашдилар, балки Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бориши ҳақида фикр билдириб, уларга ижобий баҳо бердилар.

Тадбирда ислоҳотлар муваффақияти, кўп жиҳатдан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданияти даражаси, ҳуқуқий тарғибот самарадорлигига боғлиқ эканлигига алоҳида урғу берилди. Мамлакатимизда бу борада ҳам муайян ютуқлар қўлга киритилгани қайд этилди. Жумладан, узлуксиз ҳуқуқий таълим тизими яратилди. Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилдан бошлаб барча мактаб, коллеж ва лицейлар, олий таълим муассасалари ўқув дастурларига “Инсон ҳуқуқлари” курси киритилди. Қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролар, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиб келинаяпти. “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, одамлар суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан уйғун тарзда кечаётган давлат ва жамият ҳаётидаги реал ижобий ўзгаришларни, ҳақиқатан ҳам, ҳис этмоқдалар. Сўров иштирокчилари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноятчиликка қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадор ва муваффақиятли бўлаётганини қайд этдилар. Фуқаролар ўртасида ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушуниш ва чуқур англаш суръати ўсиб бораётир. Ислоҳотлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш мақсадида ўтказилаяпти, деб ҳисоблайдиган респондентлар сони ошмоқда.

Анжуманда эътироф этилганидек, жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги индексини эълон қилган “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилоти тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон юзлаб давлатлар орасида “Тартиб ва хавфсизлик” йўналиши бўйича учинчи ўринни олди. Бу мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари самараларининг ёрқин тасдиғи ва халқаро миқёсда тан олинишидир.

Маълумот ўрнида келтириш жоизки, турли мамлакатларда ҳуқуқ устуворлиги индекси социологик сўровлар ва эксперт манбаларини ўрганишга асосланади. Тартиб ва хавфсизлик омили давлат томонидан шахс хавфсизлиги ҳамда хусусий мулк муҳофазаси қай даражада яхши кафолатлангани билан ўлчанади. Ушбу тамойиллар ҳар бир жамият учун қонун устуворлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Уларни қўлламасдан туриб инсоннинг энг оддий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам рўёбга чиқариб бўлмайди, албатта. “WJP” экспертларининг тан олишича, бундай юксак баҳо Ўзбекистондаги тизимли -ишларнинг ҳаққоний ифодасидир.    

Шундай қилиб, дунё ҳамжамияти юртимиздаги узлуксиз ислоҳотларнинг самарадорлиги, жумладан, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, айрим турдаги иқтисодий жиноятларни декриминализиция қилиш,   суриштирув-тергов органлари устидан суд органлари роли ва назоратини кучайтиришга йўналтирилган салмоқли қадамларни алоҳида қайд этмоқда. Бу халқаро анжуманда ҳам ўз тасдиғини топди.

Давлат ва жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик, тартиб ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиши эса мамлакатимиз танлаган тараққиёт модели ҳар томонлама чуқур ўйлангани ва тўғри эканлигидан далолат беради.

Манба: xs.uz