Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари

05.12.13

Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг “Тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий хўжалик суди ва Фарғона вилоят хўжалик суди судьялари ва суд ходимлари, адлия, солиқ, божхона органлари ва бошқа назорат қилувчи органлар, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Тадбирда мамлакатимизда мустақиллик йилларида бозор иқтисодиётининг асоси ҳисобланган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси шакллантирилганлиги ва у изчил такомиллаштирилаётганлиги, иқтисодиётни эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлок муҳити яратилганлиги таъкидланди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш, мавжуд бюрократик ғовлар ва тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан асоссиз аралашувларни янада чеклаш билан боғлиқ бир қанча имтиёзлар ва кафолатлар белгиланди, рухсат бериш тартиб-таомиллари ҳамда лицензия талаб этадиган фаолият турлари кескин камайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, давлат ва назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бевосита мулоқотсиз электрон шаклларини ҳамма жойда кенг татбиқ этишга йўналтирилган аниқ меъёр ва чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига даъво аризалари ва илтимосномаларини хўжалик судларига бериш тартиб-таомилларини ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Натижада айни пайтда тадбиркорлик субъектлари ўз мурожаатларини нафақат хўжалик судларига электрон шаклда юборишмоқда, балки, суд ҳужжатларини ҳам электрон воситалар орқали қабул қилиб олиш имкониятига эга бўлдилар.

2013 йил 7 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган, деб топиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи қонуний мустаҳкамланди.

Хусусан, Хўжалик процессуал кодексига тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилишини белгилайдиган норма киритилди.

Шунингдек, янги қонунда юридик шахслар учун солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаган молиявий санкциялар бекор қилинган бўлиб, унга мувофиқ, бундан буён тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан қўлланадиган жазо чораларини либераллаштириш мақсадида қонунни бузгани учун бутун ташкилот (юридик шахс) эмас, балки аниқ айбдор шахс жавоб берадиган бўлди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар мазкур янгилик тадбиркорлик субъектининг фаолиятига зарар етказувчи ҳолатларнинг олдини олиш ва мансабдор шахсларнинг ўз фаолияти учун масъулиятини янада оширишларига олиб келишини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир иштирокчилари янги қонунга биноан бир қатор қонун ҳужжатларидаги молиявий-иқтисодий санкциялар билан боғлиқ нормалар бекор қилиниб, уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилиши муносабати билан уларни амалиётда қўлланишини такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Шу билан бирга, давра суҳбатида юридик шахсларнинг жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан хўжалик судларида тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу тадбир натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш ва либераллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди
Матбуот хизмати