Суд тарихи

Хўжалик судлари тарих ва замон сарҳадларида

Мутахассисларнинг хулосаси ҳамда тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Ўзбекистонда хўжалик низоларини кўришнинг дастлабки қонуний механизми 1924 йилда шакллана бошлаган. Ўша йилнинг 28 декабрида Ўзинқилоб Қўмитаси (Ўзревком) қошида Олий ҳакамлик (арбитраж) комиссияси тузилган. Жойларда уч кишидан иборат таркибда тузилган ҳакамлик комиссиялари эса Олий ҳакамлик комиссиясига бўйсунган тарзда фаолият олиб борган. Комиссияларнинг иш кўришида манфаатдор хўжаликларнинг раҳбарлари, ҳуқуқшуноси иштироки кўзда тутилган. Бироқ, арбитраж комиссиялари муайян низони суд тартибида эмас, чекланган ваколатлар доирасида кўрган. Зеро, комиссия қарорлари мажбурий эмас, балки тавсиявий мазмун касб этган, қарор-тавсияларнинг ижро механизми деярли бўлмаган.

   Собиқ СССР Халқ комиссарлари совети ва Марказий ижроия қўмитасининг 1932 йил 7 июндаги қарори билан арбитраж комиссиялари тугатилиб, уларнинг ўрнига марказда ва қуйида – иттифоқдош республикалар Халқ комиссарлари советлари қошида Давлат арбитражи таъсис этилган. Мазкур идоранинг асосий вазифаси «халқ хўжалиги режаларини бажариш ва амалда татбиқ этишдан иборат» этиб белгиланади, унинг олдига «режавий ва ишлаб чиқариш интизомига риоя этилишини таъминлаш» мақсади қўйилади. Собиқ СССР ҳукуматининг юқоридаги қарори асосида Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети 1932 йил 29 октябрда ўз қарори билан «Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети қошида Давлат арбитражи ҳақида»ги Низомни тасдиқлайди ва амалга киритади. Аммо жойларда турли хилдаги хўжалик низолари кўпайиб боравергач, Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети 1935 йил 22 декабрда Давлат арбитражи фаолиятини тартибга солувчи янги Низомни тасдиқлашга мажбур бўлади. Мазкур Низомга кўра, Давлат арбитражи олдига хўжаликлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал қилиш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, халқ хўжалиги режалари ва шартномаларининг бажарилиши учун курашиш вазифа қилиб қўйилади, Давлат арбитражининг қарори «қатъийлиги ва шикоятга ўрин йўқлиги» белгиланади. Давлат арбитражига Халқ комиссарлари совети таркибида маслаҳат овози ҳуқуқи берилади.

   1950 йилнинг августига келиб, Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг қарори билан республика арбитражи тизими қайта кўриб чиқилади ва у қуйидаги таркибда ташкил этилади:

- Ўзбекистон ССР Министрлар Совети қошида Давлат арбитражи;

- Қорақалпоғистон АССР Министрлар Совети қошида Давлат арбитражи;

- Тошкент вилоят ижроия қўмитаси қошида давлат арбитражи (унга Тошкент шаҳри, Сирдарё вилояти бириктирилган);

- Самарқанд вилояти ижроия қўмитаси қошида Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига хизмат кўрсатувчи вилоятлараро давлат арбитражи;

- Андижон вилояти ижроия қўмитаси қошида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига хизмат кўрсатувчи вилоятлараро давлат арбитражи.

   1953 йил 23 апрелда Давлат арбитражи тўғрисида Ўзбекистон ССР Министрлар Совети янги қарор қабул қилади ва унга биноан давлат арбитражлари Адлия вазирлиги таркибига берилади. Министрлар Советининг 1953 йил 20 майдаги қарори билан эса Андижон ва Самарқанд вилоятлараро ҳамда Хоразм вилоят давлат арбитражлари тугатилади ва уларнинг вазифаси Адлия вазирлиги таркибидаги давлат арбитражи зиммасига юклатилади. 1954 йил 12 июлда Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг қарори билан давлат арбитражлари қайтадан Министрлар Совети ҳузурига ўтказилади, лекин таркиб, штат, ваколат ва таъминотда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. 1957 йил 17 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати қарори билан умумий юрисдикция судлари иш юритувида бўлган давлат, кооператив ва бошқа ташкилотлар, муассасалар, корхоналарнинг мулкий низоларга оид ишлари давлат арбитражига олиб берилади.

   Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1974 йил 7 июндаги қарори билан Давлат арбитражининг янги Низоми, таркиби ва штати тасдиқланади. Давлат арбитражи тўғрисидаги Низомга асосан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Министрлар Совети ҳузуридаги Давлат арбитражлари ва уларнинг ваколатлари аниқлаб берилади. Аммо бу ҳақдаги талаб ва қоидалар илгаригисидан деярли фарқ қилмайди. Фақат Республика Министрлар Совети ҳузуридаги Бош давлат арбитри, унинг ўринбосари ҳукумат томонидан тайинланиши, Давлат арбитражи ҳайъат таркиби ҳам Министрлар Совети томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилади, Бош давлат арбитрига арбитраж қошида Илмий-маслаҳат кенгаши тузиш ҳуқуқи берилади.

   1975 йилнинг 12 декабридаги республика ҳукумати қарори билан илгариги вилоят арбитражига қўшимча равишда Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ижроия қўмиталари қошида давлат арбитражлари ташкил этилади. 1978 йилнинг 29 мартидан бошлаб эса Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам арбитражлар фаолияти йўлга қўйилади.

   Кўриниб турибдики, ижроия қўмиталари қошида фаолият юритиб, асосан унинг кўрсатмаларини бажариш билан чекланган арбитражлар том маънодаги суд ҳокимиятига хос бўлган хусусиятларга эга эмас эди. Шу боис, бугун фаолият кўрсатаётган хўжалик судларини арбитражларнинг «меросхўри», уларнинг замирида шаклланган тизим сифатида талқин этиш учун ҳеч қандай асос йўқ.

   Албатта, барча даврларда ҳам мулкка оид, шунингдек иқтисодий характердаги низолар ҳамда уларни ҳал этишнинг у ёки бу кўринишдаги механизми мавжуд бўлган. Қадимда барча турдаги ихтилофлар, хусусан иқтисодий тусдаги низолар ҳам шариат қоидалари асосида ҳал этилган. Ҳатто, олди-сотди, ижара, ерга эгалик қилиш каби нисбатан чигал ва мураккаб муносабатлардан келиб чиқувчи низоларнинг ечими ҳам шариат қозилари томонидан ҳал этилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, 2009 йилда «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилган «Себзор даҳаси қозиси фаолиятига оид ҳужжатлар» тўпламида 1869–1892 йилларда Тошкент шаҳрининг Себзор даҳаси қозиси бўлган Муҳаммад Муҳиддин хўжа томонидан 1873 йилнинг март ойида кўриб чиқилган ер ижарасига оид низо тафсилотлари келтирилади. Яъни, ерни ижарага олган деҳқонлар шартномада кўрсатилган ижара ҳақини ер эгасига тўлашдан бош тортишади, бундан ташқари, ерга ҳақиқий эгалик қилиш даъвосини ҳам билдиришади. Шу боис, мулкдор даъвоси асосида ишни кўриб чиққан қози деҳқонларнинг важларини асоссиз деб топиб, ноқонуний эгаллаб олинган ерни тегишли муддатда ўз эгасига қайтариш тўғрисида ҳукм чиқаради. Бу каби мисолларни олис ва яқин тарихдан кўплаб келтириш мумкин.

   Демак, мустақил Ўзбекистон хўжалик судлари тизимининг ҳақиқий суд ҳокимиятининг ажралмас қисми сифатида шаклланиши 1991 йилнинг 20 ноябридан бошланади. Ана шу санада «Ҳакамлик суди ва хўжалик низоларини кўриш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун мулк шаклидан қатъи назар, хўжалик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қодир бўлган мустақил суд органининг дастлабки ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилди. Бирмунча кейинроқ бу судлар хўжалик судлари деб ном олди ва уларнинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, «Судлар тўғрисида»ги Қонунда, Хўжалик процессуал кодексида мустаҳкамланди.