Суд кадрларини тайёрлаш ва суд этикаси

17.09.13

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори ва “Минтақавий диалог” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда «Суд тизими кадрларини тайёрлаш ва суд этикасига оид халқаро стандартлар» мавзусида хорижий экспертлар иштирокида халқаро семинар ўтказилди.

Мазкур тадбирда Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчи-профессорлари ҳамда тингловчилари, Олий суд, Олий хўжалик суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси, Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Судьялар Ассоциацияси, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази, ИИВ Академияси, Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирок этди.

Семинарда АҚШнинг Миннесота штатида Федерал округ судьяси Джон Танхайм, АҚШнинг Массачусетс штатидан Олий суд судьяси Роберт Корди, Польша Олий суди собиқ судьяси, Варшава университети профессори Мария Тереза Ромер маъруза билан иштирок этди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини амалга оширишга қаратилган чоралардан бири бўлди. Ушбу Фармонда юқори малакали хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб қилиш, хорижий тажрибани ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор берилган.

Семинар давомида тадбир иштирокчилари суд тизими кадрларини тайерлаш ва суд этикасига оид долзарб масалалар билан танишиб чиқишди.

Судяликка номзод Марказ тингловчилари суд этикасининг халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликнинг ҳуқуқий асосларини, судьяларнинг профессионал фаолиятини олиб бориш қоидалари ҳамда уларнинг хизматдан ташқари фаолиятига оид этик талаблар билан танишиб, уларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлишди.

АҚШдан ташриф буюрган федерал судьянинг нутқида судяларнинг этик одобларини умум эътироф этилган стандарти ҳисобланган ва суд органларига судялар фаолиятини аниқ белгилашда асосий тамойиллар сифатида фойдаланиш учун йўналтирилган судьялар фаолиятининг Бангалор тамойилларининг моҳияти очиб берилган. Мазкур тамойилларда судьялар фаолиятига оид қуйидаги кўрсатмалар белгилаб берилган: мустақиллилик, холислик, тўғрилик ва виждонийлик, этика нормаларига риоя қилиш, тенглик, чуқур билимга эгалик ва тиришқоқлик.

Польша Олий суди собиқ судьяси, Варшава университети профессори Мария Тереза Ромернинг суд этикасининг Европа стандартларига бағишланган нутқи алоҳида қизиқиш уйғотди. Хусусан, судьялар мақомига оид Европа хартиясига кўра, ўз вазифаларини бажаришда судья ҳар қандай вазиятда иш бўйича қарор чиқаришни талаб этадиган, ишга доир юқори даражадаги билимдонликни таъминлаши лозим.

Тадбир давомида суд этикасига оид халқаро стандартларни жорий этиш бўйича ривожланган давлатларнинг тажрибаси кўриб чиқилди.

Дунёнинг кўпчилик мамлакатларида судьянинг фаолияти суд этикасининг кодекслари билан тартибга солинади, унга кўра ўзини тутишнинг тўғри усулини танлаш, суд тизимидаги тегишли тузилмаларга ёрдам сўраб мурожаат қилиш имконияти судьянинг ўзига берилади. Семинар давомида юқори малакали ёндашувни таъминлаш нафақат давлат ва суд органларининг, балки қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга бевосита алоқадор судьянинг ҳам мажбурияти эканлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, хорижий экспертлар ҳам Ўзбекистонда суд кадрларини тайёрлаш ва суд этикасининг қонунчилик асослари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонун судьяларнинг ҳуқуқий ваколатларини аниқлаб беради ва улар олдига давлат ҳокимиятини амалга ошириш, адолатни қарор топтиришда фуқаро ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, ҳамда давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилишдек махсус мақомига мувофиқ талабларни қўяди. Судда иш кўриш тартибига апелляция, ярашув институтлари киритилди, судда иш кўриш тартибини енгиллаштириш учун чоралар қабул қилинди, шунингдек, суд ваколатларини кенгайтириш бўйича ҳамда суд тизимига янги ахборот технологиялари тадбиқ этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Судьялар томонидан ўз касбий мажбуриятларини адолатли ва виждонан бажариши, уларнинг қарор қабул қилишдаги мустақиллиги ҳуқуқбузарликларни самарали бартараф этилиши, жамиятнинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, суднинг холислиги ва мустақиллигини кафолатлайди.

Мустақил суд ҳокимиятини кучайтириш, кадрлар билан ишлашда демократик асосни мустаҳкамлаш, суд корпусининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолият юритаётган бўлиб, улар суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги халқаро ҳуқуқий тамойиллар ва умумэътироф этилган нормаларга мувофиқ келади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббусларига биноан судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблар кучайтирилди: яъни судья лавозимига ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ҳамда юридик ихтисосликда, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йил иш стажига эга фуқаролар тайинлани¬ши мумкинлиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларини амалиётга тадбиқ этиш мақсадида 2013 йил февраль ойида Судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидалар қабул қилинган бўлиб у, судьялар учун хизмат вазифаларини бажараётганда ва хизматдан ташқари пайтдаги мажбурий қоидаларни тартибга солади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг мустаҳкамланишига ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, мазкур касб эгаларининг нуфузини кўтаришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Тадбир давомида судьялар малакасини ошириш масаласининг долзарблиги таъкидлаб ўтилди, чунки судьяларнинг касбий билимга эга эканлиги суд тизимини яратиш ва шакллантиришда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади, шу билан бирга адолат даражасини кўтаришда суд кадрларини тарбиялаш, уларнинг касбий маданиятини ошириш, улар томонидан суд этикасига риоя қилиш асосий омиллар ҳисобланади.

Тадбир якунида миллий тажрибани ижобий саналган хорижий тажриба билан бойитиш бўйича таклифлар, суд кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар муҳокама қилинди. 

Манба: minjust.uz