Суд ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

Мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасидаги, шунингдек тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш Олий хўжалик суди ва хўжалик судлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

111-модда

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди хўжалик суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида, кассация тартибида ва назорат тартибида кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг тушунтиришлари хўжалик судлари томонидан бажарилишини назорат қилади, қуйи хўжалик судлари фаолиятини текширади, хўжалик судларининг ишини ташкил этиш ижобий тажрибасини ўрганади, умумлаштиради ва оммалаштиради.

43-модда

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раис, унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, судлов ҳайъатларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда иш олиб боради:

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми;

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсати;

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати;

Маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати.

44-модда

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

 

Хўжалик суди иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган, ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар ҳамда бошқа ишларни ҳал қилиш йўли билан одил судловни амалга оширади.

2-модда

Хўжалик процессуал кодекси

 

Хўжалик судида суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:

1) иқтисодиёт соҳасида корхона,муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

2) иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш.

3-модда

Хўжалик процессуал кодекси

 

Хўжалик судига тааллуқли ишлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар хўжалик судлари томонидан кўрилади, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судловига тегишли ишлар бундан мустасно.

Олий хўжалик суди қуйидагиларни кўради:

республика бошқарув органлари билан вакиллик ва ижроия ҳокимияти маҳаллий органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар;

ҳокимият олий органларининг норматив характерга эга бўлмаган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар.

Олий хўжалик суди алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган хўжалик судидан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритишига қабул қилишга, ишни бир хўжалик судидан бошқасига ўтказишга ҳақли.

26-модда

Хўжалик процессуал кодекси