Қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омили

17.03.17

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Тадбиркорлар ва -ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси билан ҳамкорликда “Жиноят ва жиноят процессуал қонун ҳужжатларининг нормаларини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш — қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида конференция ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, қўмита ҳузуридаги жамоатчилик-эксперт гуруҳи аъзолари, судьялар, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари ва мутахассислар қатнашган тадбирда суд тизимини янада такомиллаштириш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг, хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, бугун юртимизда суд ҳокимияти мустақиллигини кафолатлаш, соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ҳамда 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилгани эътиборга моликдир.

— Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, қуйи суд тизимларидаги камчиликларни юқори суд инстанциялари томонидан мустақил равишда бартараф этиш ва бу бўйича якуний қарор қабул қилишдек ваколатларни кенгайтириш, процессуал қонунчиликни такомиллаштириш назарда тутилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Дониёр Абдуқодиров. — Бу, ўз навбатида, суд ишларини кўриб чиқишни асоссиз узайтиришнинг олдини олиш, суд иш юритувининг самарадорлиги ҳамда сифатини ошириш, пировардида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш кафолатларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳуқуқ-тартибот ҳамда назорат, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотларни йўлга қўйиши, уларнинг фуқароларга янада яқин бўлишини таъминлаш, келиб тушаётган мурожаатлар, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ҳамда эркинликлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида кўриб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ тартиботи ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ҳамда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш, мурожаатларни доимий таҳлил этиш ва уларнинг натижаларини ёритиб бориш, адвокатура институтини ривожлантириш, нотариат ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тизимини ислоҳ қилишга доир режалар муҳокама этилди.

— Фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда адвокатлар ролини ошириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Равшан Аҳмедов. — Шу нуқтаи назардан, адвокатура институтини такомиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда долзарб саналади.

Конференцияда жиноят ва жиноят-процессуал нормаларини либераллаштиришга қаратилган миллий қонунчиликни босқичма-босқич такомиллаштириш ҳақидаги ахборотни кенг жамоатчиликка етказиш, суд-ҳуқуқ соҳасига оид ҳуқуқий базани янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Манба: xs.uz