Олий хўжалик суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди

20.06.14

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленум мажлисида Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизни демократик янгилаш, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини муттасил юксалтириб бориш йўлида изчиллик билан, босқичма-босқич амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганлиги таъкидланди.

Мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим бўғини бўлган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, судларнинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига кўмаклашиш, адолатни қарор топтириш, шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида жаҳон андозаларига тўла мос келадиган суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ва уни такомиллаштиришнинг ҳуқиқий асослари яратилиб, амалиётга татбиқ этилди.

Хўжалик судлари томонидан ишларни кўриш вақтида келиб чиқадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган саволларни тушунтириб бериш учун тайинланган экспертиза хулосалари қонуний қарорлар қабул қилинишида  муҳим аҳамият касб этади. 

Пленум мажлиси муҳокамасига киритилган “Хўжалик судлари томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётининг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси судда ишларни кўришда экспертиза тайинлаш, экспертиза хулосасининг асослантирилганлигини ўрганиб чиқиш ва уни ҳуқуқий баҳолаш каби масалаларда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш юзасидан хўжалик судларига аниқ тушунтиришлар бериш ҳамда бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган.

Қайд этиш лозимки, ушбу қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 2011-2013 йилларда хўжалик ишларини кўришда суд экспертизасини тайинлаш билан боғлиқ суд амалиёти умумлаштирилиб, экспертиза тайинланган барча хўжалик ишлари ўрганиб чиқилди ва таҳлил қилинди. Шунингдек, лойиҳа юзасидан Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бошқармаси ва бошқа экспертиза муассасаларининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинди. 

Қарор лойиҳасида суд томонидан тайинланадиган экспертиза турлари ва улар ўтказиладиган экспертиза муассасалари; экспертизани ўтказиш муддатлари тўғрисида; суднинг экспертиза тайинлаш ҳақидаги ажримида кўрсатилиши керак бўлган маълумотлар, эксперт олдига қўйиладиган саволлар, тадқиқот учун ҳужжатлар етарли бўлмаганда суд томонидан уларни ишда иштирок этувчи тарафлардан талаб қилиб олиш тартиби, суд эксперти хулосасининг мазмуни ва шакли бўйича қўйиладиган талаблар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилган.

Мажлисда суд амалиётидан келиб чиқиб, судда ишларни кўришда экспертиза тайинлаш билан боғлиқ масалалар бўйича юзага келаётган айрим хато ва камчиликлар, муаммолар ҳақида ҳам сўз юритилиб, уларни ҳал қилиш йўллари белгилаб олинди.

Шунингдек, Пленум мажлисида “Иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларни хўжалик судлари томонидан ҳал қилишнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

2013 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Хўжалик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, хўжалик судларига тааллуқли ишлар доираси кенгайтирилди. Унга кўра, тегишли иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар ҳам хўжалик судларига тааллуқлидир. 

Дивидендларни ундириш, улуш ажратиш, хўжалик жамияти бошқарув органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар корпоратив низо турларидан ҳисобланиб, ушбу низоларнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, буларда бир тараф жисмоний шахс ҳам бўлиши мумкинлигига қарамасдан, низо юридик шахснинг иқтисодий фаолиятидан вужудга келади. 

Шу муносабат билан эндиликда мазкур ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилот ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъи назар хўжалик суди томонидан кўриб чиқилмоқда.

Хўжалик судларига мазкур тоифадаги низоларни кўриб чиқиш ҳуқуқининг берилиши ушбу тоифадаги ишларнинг тааллуқлилиги муаммосини ҳал этиб, уларни янада сифатли кўриб чиқиш ва мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имкониятини бермоқда.

Пленум қарори лойиҳаси ушбу тоифадаги низоларни ҳал этиш давомида судлар томонидан инобатга олиниши лозим бўлган ҳолатлар, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш юзасидан батафсил тушунтиришларни ўз ичига олган.

Пленум мажлисида сўзга чиққанлар кўриб чиқилаётган масалаларнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда тутган ўрни, суд амалиётида шу соҳаларга оид қонун ҳужжатларини қўллашда юзага келаётган айрим муаммолар, уларнинг ечими борасида баҳс ва мунозара юритдилар.

Кун тартибидаги масалалар бўйича кўриб чиқилган ва қабул қилинган Пленум қарорлари хўжалик судлари томонидан суд ишларини кўришда тегишли қонун ҳужжатларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши юзасидан муҳим манбалардан бири бўлиб, қонунийлик ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.  
                     

Ўзбекистон Республикаси

                          Олий хўжалик суди

 Матбуот хизмати