Олий хўжалик судининг хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган низоларни ҳал қилиш билан боғлиқ ривожланган чет давлат судларининг тажрибасини ўрганиш ва ютуқларини ўз фаолиятига татбиқ этиш, суд ходимлари малакасини ошириш ва бошқа бир қатор соҳаларда халқаро хамкорликни амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунда Олий хўжалик судининг Германия халқаро ҳамкорлик маркази (GIZ), Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Германиянинг федерал адлия вазирлиги қошидаги халқаро ҳамкорлик Фонди, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори каби бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган икки томонлама ҳамкорлиги самарали ривожланмоқда.

Халқаро ҳамкорликнинг ижобий натижалари сифатида қуйдагиларни келтириш мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Германиянинг халқаро ҳамкорлик маркази (GIZ) билан 1998 йилдан бошлаб ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Ўзаро ҳамкорлик доирасида 1999-2005 йиллар давомида хўжалик низоларни ҳал этишнинг самарадорлигини ошириш, чет давлат судларининг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш каби долзарб масалаларига бағишланган бир қатор амалий семинарлар ташкиллаштирилган ва ўтказилган.

Германиянинг халқаро ҳамкорлик маркази (GIZ) билан яқин келажакдаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қуйдагилардан иборат:

  • амалдаги корпоратив қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда судлар томонидан қонун нормаларини тўғри қўлланилишини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва ечим топишга қаратилган қонунчилик, шунингдек, корпоратив мунособатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
  • корпоратив қонунчиликни такомиллаштириш ва корпоратив муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўриш масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш;
  • “Хўжалик судлари суд амалиёти умумлашмаси тўпламини” тайёрлаш ва чоп этиш;
  • Европа Иттифоқида оммавий-ҳуқуқий муносабатларни ўрганиш мақсадида Германия Федератив Республикаси (молиявий ҳамда маъмурий ишлар бўйича судлари)га ишчи гуруҳи хизмат сафарини ташкиллаштириш;
  • судья ва суд ходимларининг Германия Федератив Республикасининг молиявий ишлар бўйича судларига ташрифини ташкиллаштириш.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик 2002 йилда бошланган бўлиб, 2005-2007 йиллар мобайнида ҳамкорлик натижасида “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига шарҳлар тайёрланган ва уни тақдимот қилиш мақсадида бир қатор минтақавий семинарлар ўтказилган. 2012 йилда “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига шарҳлар янгидан нашр этилиб, унга процессуал ҳужжатлар намуналари ҳам киритилиб, фойдаланиш учун қулай кўринишда чоп этилган.

Олий хўжалик суди томонидан Германиянинг Федерал адлия вазирлиги қошидаги ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексига шарҳлар”, судьялар учун “Хўжалик низолари бўйича суд амалиёти” махсус қўлланмаси ва “Суд ҳужжатлари намуналари” тўпламини тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ва Германиянинг техник ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиё давлатларида ҳуқуқ ва суд ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги 2008 йилда имзоланган ҳужжатга асосан икки томонлама келишилган устувор йўналиш ва лойиҳалар доирасида ўзаро ғоя ва маълумот алмашиш учун қулай шарт-шароит яратиш, қўшма тадқиқотлар ва тадбирларни ташкиллаштириш ҳамкорликнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган. Ҳамкорлик давомида Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг янги таҳрири лойиҳаси ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан “Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари шаффофлигини оширишда ёрдам” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қуйидаги йўналишларни ўз ичига олган:

  • Олий хўжалик судида автоматлаштирилган дастурий комплексни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • нашрларни тайёрлаш ва чоп этиш, хусусан, фуқаролик-ҳуқуқий мунособатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича хўжалик судларининг ҳал қилув қарорларига шарҳларни тайёрлаш ва мунтазам равишда уларни Олий хўжалик судининг расмий манбаларида чоп этиш хамда лойиҳанинг натижалари бўйича шарҳлар тўпламини нашрдан чиқариш;
  • тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаларига бағишланган семинар ва давра суҳбатларини ўтказиш, суд вакиллари учун ЕХХТ ҳудудидаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш учун ташриф ташкиллаштириш.