ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИда учрашув

09.02.17

Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик судида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда 2015-2016 йиллардаги икки томонлама ҳамкорлик натижалари ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик суди раиси К.Камилов ва  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори Ж.МакГрегор "Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг информацион-технологик салоҳиятини такомиллаштиришда кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасидаги белгиланган тадбирлар муваффақиятли амалга оширилганлигини таъкидлашди.


Хусусан, лойиҳа доирасида автоматлаштирилган дастурий мажмуани ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича суднинг техник эҳтиёжларини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистонга ЕХҲТ хорижий экспертининг ташрифи уюштирилди.  

Шунингдек ўзаро ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари учун қўлланмалар нашр этилди, хўжалик судлари қарорларига шарҳлар тайёрланди ва суднинг веб-сайтида эълон қилинди. Суднинг ахборотлаштириш соҳасидаги ишлари самарасини ошириш ва судда иштирок этувчи шахслар учун интерактив хизматлар турларини оширишга йўналтирилган замонавий сервер ускунаси Олий хўжалик судига тақдим этилди.  

Франция судлари фаолиятида фойдаланилаётган ахборот технологиялари билан танишиш мақсадида Олий хўжалик суди ходимларининг ўқув-танишув сафари ташкиллаштирилди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келгусидаги режалар муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида тадбиркорлар учун махсус адабиётларни нашр этиш бўйича ишларни янада жадаллаштириш таклиф этилди. Жумладан, "Хўжалик суди ва тадбиркор" рисоласини, "Тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари: саволлар ва жавоблар" нашрининг қўшимча тиражларини, долзарб низо турлари бўйича хўжалик судларининг қарорларига шарҳлар тўпламини ва "Хўжалик суд иш юритуви: кеча, бугун, эртага" мавзусидаги қўлланмани нашр этиш келишиб олинди.  

Томонлар учрашув давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида минтақавий семинарларни ташкил этиш ва доимий ўтказиб бориш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.