Норма ижодкорлигида янги талаблар

17.06.14

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида вазирлик ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган янги ўзгартириш ва қўшимчаларга бағишланган анжуман ташкил этилди.

Анжуманда қайд этилганидек, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш жараёнида қонун ҳужжатларини қабул қилишда давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган, умум мажбурий нормаларни ўз ичига олган идоравий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланилиши фуқаролар ва ташкилотларнинг, хусусан, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширилишига ортиқча бюрократик тўсиқлар қўйилишига, қонун ҳужжатларида белгиланмаган рухсат бериш тартибларининг амал қилишига, уларга ноқонуний мажбуриятлар юклатувчи нормалар мавжуд бўлишига олиб келади.

Бу борадаги ҳуқуқий асослар мустаҳкамланганлигига қарамасдан, умуммажбурий тусдаги кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда ижрога қаратиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган текширишлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш натижасида, 2010 йилда 18 та, 2011 йилда 11 та, 2012 йилда 15 та, 2013 йилда 10 та, жорий йилнинг 1 июнь кунига қадар эса 45 та ана шундай ҳужжатлар мавжудлиги аниқланиб, уларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш чоралари кўрилди.

Бу каби ҳолатлар мавжуд бўлишига йўл қўймаслик, уларга нисбатан янада қатъий чоралар кўриш зарурати пайдо бўлганлиги сабабли, 2012 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги қатъий норма белгилаб қўйилди.

Мазкур норма талабини амалга ошириш мақсадида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш” деб номланган янги 1983-модда киритилди.

Ушбу модда икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга киритиш – энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мазкур модданинг иккинчи қисмига мувофиқ энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, мазкур модданинг киритилиши муносабати билан Кодекснинг 245 ва 2452-моддаларига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Бундан ташқари, анжуман давомида иштирокчиларга мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кимларга нисбатан татбиқ этилиши, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши учун шарт-шароит яратувчи ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳамда бу борада вазирлик ва идораларнинг юридик хизмати ходимлари олдида турган долзарб вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралардан келган иштирокчилар ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар, шунингдек ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Ўзаро жонли мулоқот асосида ташкил этилган семинарда идоравий норма ижодкорлиги фаолиятига доир бошқа долзарб масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Манба: minjust.gov.uz