Матбуот анжумани

10.06.14


Матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида соҳага тегишли янги қонун ҳужжатларини кенг оммага эътиборига етказиш, шунингдек суднинг янги расмий веб-сайти (www.oxs.uz) ва ундаги “Электрон кутубхона” рукни ҳамда “Хўжалик судлари ҳал қилув қарорларига шарҳлар тўплами” тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентимиз И.Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” асосида юртимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзаро рақобатни кучайтириш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Ўз ўрнида, хўжалик судларининг фаолияти тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган айрим ҳолатларни бартараф этиш баробарида иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш мақсадида соҳага тегишли янги қонун ҳужжатларини кенг оммага етказишга қаратилмоқда.

Аввало, тадбирда 2014 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун билан Хўжалик процессуал кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар, хусусан, хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланганлиги, видеоконференцалоқа тизимининг имкониятлари ва афзалликлари ҳақида сўз юритилди.

Cуд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши - хўжалик ишини кўраётган суд мажлисига қатнашиши лозим бўлган бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектлари ушбу судга келмасдан ўзлари жойлашган ҳудуддаги хўжалик судининг биносига келиб, видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида иштирок этишларини англатади. Хўжалик процессуал кодексига киритилган бу борадаги қўшимчалар 2014 йилнинг 1 сентябридан эътиборан амалга киради.

Мазкур тизим суд ишида иштирок этувчи шахсларга ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмасдан, вақтлари ва маблағларини тежаган ҳолда суд жараёнларида иштирок этишларига имконият яратиши баробарида судда ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига замин ҳозирлайди. Видеоконференцалоқа тизимининг жорий этилиши вилоятлардаги тадбиркорлар, фуқаролар учун Олий хўжалик суди раҳбариятининг шахсий қабулларини ташкил этишда ҳам айни муддаодир.

Шундан сўнг тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 16 майдаги Қарори билан хўжалик судларига бериладиган даъво аризаларидан ундириладиган давлат божи ставкаларига киритилган ўзгартишлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Мазкур Қарорга мувофиқ, хўжалик судларига бериладиган мулкий тусдаги даъво аризаларидан ундириладиган давлат божи даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда белгиланди.

Қайд этиб ўтиш керакки, илгари мулкий тусдаги даъво аризаларидан, даъво баҳоси 1 млн. сўмгача бўлганда - даъво баҳосининг 3 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда; 1 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача бўлганда - даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида; 10 млн. сўмдан ортиқ бўлганда эса - даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида давлат божи ундирилар эди.

Мулкий тусдаги даъво аризаларидан ундириладиган давлат божи чет давлатларда анча юқори эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, Озарбойжонда даъво баҳосининг 10 фоизи, АҚШда 7 фоизи, Словакияда 6 фоизи, Польша, Беларусь республикаларида 5 фоизи, Россия, Япония, Хитой ва Чехияда 4 фоизи, Руминия, Қозоғистон ва Литвада 3 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда хўжалик судларига бериладиган даъво аризаларидан ундириладиган давлат божи ставкаларининг камайтирилиб, даъво баҳосининг 1 фоизи, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши хўжалик юритувчи субъектларга судларда ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Ҳозирга қадар хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талаблари асосида 2013 йил 1 январдан хўжалик судларида даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби йўлга қўйилган эди.

Бу мақсадда Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни қабул қилиш бўйича марказлаштирилган электрон дастурий таъминот ишга туширилган. Айни пайтда, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари мазкур дастурий таъминот орқали республиканинг исталган хўжалик судига нафақат даъво аризалари ва илтимосномаларни, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни қайта кўриш тўғрисидаги аризаларни ҳам ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда тақдим этмоқдалар.

Эътиборлиси, 2013 йилда хўжалик судларига электрон шаклда юборилган даъво аризалари, аризалар ва илтимосномалар сони 1800 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич 15 мингдан ошиб кетди. Бу эса, 2014 йилда хўжалик судларига келиб тушган даъво аризалари ва аризаларнинг 15 фоизи электрон шаклда жўнатилганлигини кўрсатади.

2013 йил 1 июндан бошлаб эса хўжалик судларига электрон шаклда мурожаат қилган шахсларга суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарлар маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юбора бошланди. Бу ҳам амалиётда самара бермоқда. Чунончи, суд муҳокамаси иштирокчиларига 2013 йилда 1600 тага яқин суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарлар судлар томонидан электрон воситалар орқали жўнатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 21 мингдан ошди.

Ўз навбатида, хўжалик судларига электрон шаклдаги мурожаатларнинг ортиб бориши кун тартибига Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтини тубдан модернизациялаш вазифасини қўйди. Натижада жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб Олий хўжалик судининг янгича дизайндаги, замонавий талабларга жавоб берадиган веб-сайти ишга туширилди.

Тадбирда мазкур веб-сайтнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Сайт www.oxs.uz манзилида жойлашган бўлиб, Ўзбекистонда хўжалик судларининг фаолиятига оид янгиликлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда асосий восита вазифасини бажаради.

Сайт бир қатор ўзига хос қулайликлар ва замонавий имкониятларга эга. Масалан, фойдаланувчилар сайтга осон кириши, контентларнинг икки тилда – ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилиши шулар жумласидандир. Сайтдан хўжалик судлари тизими, улар томонидан ҳал этиладиган низолар, фаолиятга доир статистик маълумотлар, судларга мурожаат қилиш тартиби, мурожаат қилинганда ундириладиган давлат божи ставкалари ва реквизитлар, хўжалик судларининг хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида батафсил маълумот олиш имконияти мавжуд.

Айни пайтда веб-сайтда янги “Электрон кутубхона” рукни ҳам ишга туширилган бўлиб, тадбирда мазкур дастурий таъминотнинг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

“Электрон кутубхона”да тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларида фойдаланадиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бошқа сайтларга кирмасдан, бир жойга жамланган ҳолда олишлари мумкин. Шунингдек, унда Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати қарорлари, суд амалиёти умумлашмалари, суд ҳужжатлари ва уларнинг намуналари жойлаштирилган. Унда Олий хўжалик судининг Ахборотномаси, чет эл давлатларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва бошқа ҳуқуқий адабиётлар билан ҳам танишиш имконияти мавжуд.

Тадбирда сўзга чиққанлар веб-сайтда “Электрон кутубхона”нинг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда иқтисодиёт соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Йиғилишда веб-сайтнинг янги дизайни, ундаги янгиланишлар ва кенг имкониятлар, шунингдек “Электрон кутубхона” рукни он-лайн тарзда намойиш этилди.

Матбуот анжумани сўнггида Олий хўжалик суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори ҳамкорлигида нашрга тайёрланган ва чоп этилган “Хўжалик судлари ҳал қилув қарорларига шарҳлар тўплами” тақдим этилди. Тўплам солиқ, божхона, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш соҳаларидаги ҳуқуқий муносабатлар ва бошқа маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича хўжалик судлари томонидан қабул қилинган қарорларга берилган шарҳлардан иборатдир.

Хусусан, тўпламда давлат органлари ва бошқа органлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, тадбиркорлик субъектларига молиявий жазо чораларини қўллаш, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва унинг амал қилишини тугатиш, рақобат ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги низолар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларига тайёрланган шарҳлар жамлаб берилган.

Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу нашрнинг муҳим жиҳати - унинг суд амалиёти билан узвий боғлиқлигидалиги, ундаги материални ўрганиш маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг хўжалик судлари томонидан ҳал этилиши ҳақида тўлиқ тассавурга эга бўлиш имкониятини бериши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, ушбу шарҳлар тўпламида суд ишида иштирок этувчи шахсларнинг низо бўйича келтирган важлари ва уларга нисбатан суд томонидан берилган баҳо ҳамда қўлланилиши лозим бўлган қонун нормалари ҳақида батафсил сўз юритилганлиги хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини одил судлов йўли билан ҳимоя қилишларида ўзига хос қўлланма бўлиб хизмат қилишини кўрсатиб турибди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди
Матбуот хизмати