Лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини хўжалик судлари томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида

14.12.15

2015 йил 27 ноябрь                                                                                                № 289

Хўжалик судлари томонидан лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми

қ а р о р   қ и л а д и:

1. Судларнинг эътибори, лизинг шартномаларидан келиб чиқадиган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига қаратилсин.

2. Қонун 2-моддасининг биринчи қисмига кўра лизинг – молиявий ижаранинг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб олади ва уни лизинг олувчига шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради.

ФК 364-моддасининг биринчи қисмида агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланиши назарда тутилган.

Судлар лизинг шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда ушбу шартномада Қонун 9-моддасининг учинчи қисмида санаб ўтилган муҳим шартлар назарда тутилган бўлиши лозимлигига эътибор қаратишлари керак.

3. ФКнинг 588-моддаси ҳамда Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган истеъмол қилинмайдиган ҳар қандай ашёлар, шу жумладан корхоналар, мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ҳамда бошқа кўчар ва кўчмас мулк лизинг объектлари бўлиши мумкин.

Судлар назарда тутишлари керакки, Қонунга кўра ер участкалари ва бошқа табиий объектлар, шунингдек муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мол-мулк лизинг объектлари бўлиши мумкин эмас. Бундай мол-мулк лизинг объекти сифатида шартномада кўрсатилган бўлса, шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Ушбу мол-мулклар бўйича тузилган лизинг шартномасининг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш суднинг ҳуқуқи эканлигидан келиб чиқиб, ушбу масала судлар томонидан муҳокама қилиниши мумкин.

Шуни инобатга олиш лозимки, корхона, мулкий комплекс, бино, иншоот лизинг объекти сифатида лизинг олувчига топширилган тақдирда, лизингга берилган муддатга ер участкасининг ана шу кўчмас мулк жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур қисмига бўлган фойдаланиш ҳуқуқи ҳам лизинг олувчига ўтади.

4. ФКнинг 590-моддаси ва Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ лизинг тўловлари лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади. Бунда судлар инобатга олишлари керакки, лизинг объекти қиймати лизинг берувчининг ушбу мулкни сотиб олиш билан боғлиқ харажатлари (етказиб бериш, транспорт харажатлари, монтаж ишлари ва бошқалар)ни ўз ичига олади.

5. Судлар лизинг субъектлари томонидан мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда лизинг субъектларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақидаги қонун нормалари ҳамда шартнома шартларини чуқур ўрганишлари лозим.

Бунда судлар эътиборга олишлари керакки, лизинг муносабатлари ФК 34-бобининг 6-параграфи ва Қонуннинг қоидаларига зид бўлмаган ФК 29-бобининг 1-параграфи ҳамда 34-бобининг 1-параграфи нормалари билан ҳам тартибга солинади.

6. ФК 597-моддасининг тўртинчи қисмига ва Қонун 11-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига кўра лизинг олувчи ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи бўлажак лизинг тўловларини тезлаштиришни ёки лизинг объектини қайтариб олган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, лизинг берувчига у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказилиши, лизинг шартномасини лизинг олувчи томонидан жиддий тарзда бузиш деб тушунилади. Шунингдек, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, лизинг олувчи лизинг объектини шартнома шартларини бузган ҳолда сақлаганлиги, лизинг олувчи лизинг объектини суғурталамаганлиги, лизинг тўловларини ўз вақтида тўламаганлиги, лизинг объектини ўз ҳисобидан жорий таъмирламаганлиги ҳам лизинг шартномасини жиддий тарзда бузиш ҳисобланади. Бунда лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасини жиддий тарзда бузилганлиги ҳолатини исботлаш мажбурияти лизинг берувчининг зиммасига юклатилади.

Судларга тушунтирилсинки, лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда, лизинг берувчи бир вақтнинг ўзида ҳам барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш, ҳам лизинг объектини қайтариб олган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Агар лизинг берувчининг даъво аризасида етказилган зарарни ундириш ва лизинг объектини қайтариб олган ҳолда шартномани бекор қилиш талаблари билан бирга барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш талаби ҳам қўйилган тақдирда, суд лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузганлиги ҳақида хулосага келса, ушбу талаблардан бири, яъни лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш талаби ёхуд етказилган зарарни ундириш ва лизинг объектини қайтариб олган тарзда шартномани бекор қилиш талаби қаноатлантирилиши керак.

Лизинг берувчининг зарари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий қоидаларига мувофиқ аниқланади.

Хусусан, лизинг берувчининг ҳақиқий зарари деганда лизинг объектини етказиб бериш, қайтариш, транспортда ташиш, сақлаш, таъмирлаш билан боғлиқ ва бошқа харажатларни, бой берилган фойдаси деганда эса, лизинг берувчи ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадларини тушуниш лозим.

Агар лизинг объектини қайтариб олиш ҳақидаги даъво аризасида келтирилган асослар қонун ҳужжатлари ёки лизинг шартномасида назарда тутилмаган бўлса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади.

6.1. Судлар инобатга олишлари керакки, шартномада белгиланган лизинг тўловлари муддати мунтазам равишда бузилганлиги лизинг шартномасини жиддий тарзда бузиш деб ҳисобланади.

ФК 34-бобининг 6-параграфида ва Қонунда лизинг тўловлари тартиби ва муддатларини мунтазам бузиш тушунчаси белгиланмаганлиги сабабли, судлар, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг шартномасидан келиб чиқадиган низоларни кўришда ФК 551-моддасининг қоидаларини қўллашлари лозим. ФК 551-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисига кўра, агар ижарага олувчи шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузиб, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаса, мулк ижараси шартномаси ижарага берувчининг талаби билан суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.

Шунинг учун судлар тўлов кечиктирилганлиги сабабларини шартномада белгиланган тўлов жадвалини ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан аниқлашлари керак.

6.2. ФК 422-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва сотилган товарни қайтаришни талаб қилишга ҳақли, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчидан олинган тўловлар суммаси товар баҳосининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Судлар инобатга олишлари керакки, агар лизинг шартномаси барча лизинг тўловлари тўланганидан кейин лизинг объектига нисбатан мулк ҳуқуқи лизинг олувчига ўтишини назарда тутса, бундай шартнома ижара ва олди-сотди шартномаларининг белгиларини ўз ичига олади. Бундай ҳолларда лизинг тўловлари жадвали бузилганлиги асосида лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини қайтариш ҳақидаги ишни кўришда, лизинг олувчидан қабул қилинган тўловлар суммаси барча лизинг тўловларининг учдан икки қисмидан ошганлиги аниқланган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, судлар даъво талабларини қаноатлантиришни рад этишлари лозим. Агарда лизинг берувчи томонидан ҳам етказилган зарарни ундириш ва лизинг объектини қайтариб олган ҳолда шартномани бекор қилиш, ҳам барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш талаблари билдирилган бўлса, фақат барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш ҳақидаги талаб қаноатлантирилиши лозим.

6.3. Судлар инобатга олишлари лозимки, лизинг шартномаси шартларининг жиддий равишда бузилганлиги сабабли унинг бекор қилиниши, лизинг берувчи лизинг олувчи томонидан шартнома шартларини лозим даражада бажарилганида олиши мумкин бўлган фойдасидан кўпроқ фойда олишини келтириб чиқармаслиги лозим.

Шу муносабат билан, амалда тўланган лизинг тўловлари ҳамда қайтарилган лизинг объекти қийматининг суммаси лизинг берувчининг лизинг объектини сотиб олиш учун қилган барча харажатлари, фоизли даромади ва бошқа харажатларининг суммасидан кам бўлса, лизинг берувчи лизинг олувчидан тегишли фарқни зарар сифатида ундиришни талаб қилишга ҳақли.

Агар лизинг объектига нисбатан мулк ҳуқуқининг лизинг олувчига ўтишини назарда тутувчи лизинг шартномаси бекор қилиниб, лизинг объекти қайтарилган ҳолда, амалда тўланган лизинг тўловлари ҳамда қайтарилган лизинг объекти қийматининг суммаси лизинг берувчининг лизинг объектини сотиб олиш учун қилган барча харажатлари, фоизли даромади ва бошқа харажатларининг суммасидан ошган тақдирда, лизинг олувчи лизинг берувчидан тегишли фарқни ундиришни талаб қилишга ҳақли.

6.4. Қонун 12-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига кўра лизинг объекти етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ёки сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилган тақдирда, лизинг олувчи, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, лизинг тўловлари тўлашни кечиктириш, етказиб бериладиган лизинг объектидан воз кечиш ва лизинг шартномасининг бекор қилинишини талаб этиш ҳуқуқига эга.

Лизинг объектидан фойдаланиш жараёнида унинг фойдаланишга яроқли эмаслиги ёки бундай фойдаланишни жиддий қийинлаштирадиган нуқсонлар аниқланган тақдирда ва булар хусусида лизинг объектини қабул қилиш пайтида лизингга олувчи билмаган ва билиши мумкин бўлмаганда, агар сотувчини лизинг берувчи танлаган бўлса, бу ҳолат лизинг шартномаси лизинг берувчи томонидан жиддий равишда бузилган деб ҳисобланади.

Судлар лизинг объекти етказиб берилмаганлиги ёки сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилганлиги сабабли лизинг шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ишни кўришда, Қонун 11-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ агар лизинг объекти лизинг берувчининг айби билан етказиб берилмаган ёки лизинг шартномаси шартларига номувофиқ бўлса, лизинг берувчи лизинг олувчининг розилиги билан ўзи лозим даражада бажармаган лизинг шартномаси шартларини тузатиб бажаришга ёки лизинг олувчига бошқа лизинг объектини таклиф этишга ҳақли эканлигига эътибор беришлари лозим. Бундай таклиф суд муҳокамасида ҳам билдирилиши мумкинлигини инобатга олиб, судлар тарафларни муросага келтириш чораларини кўришлари керак. Бунда ҳисобга олиш керакки, лизинг берувчи бундай ҳуқуқдан фақат лизинг олувчининг розилиги билан фойдаланиши мумкин. Агар лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси шартларининг йўл қўйилган бузилишларини бартараф этиш ёки бошқа лизинг объектини қабул қилиш бўйича таклифга норозилик билдирилган бўлса, низо мазмунан кўрилиши лозим.

Судлар лизинг олувчининг лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги сабабли ўзи илгари аванс сифатида тўлаган тўловларни ундириш ҳақидаги талабини кўришда, аванс тўлови лизинг олувчининг лизинг объектидан фойдаланишдан олинган фойданинг қийматини чегириб ташлаган ҳолда қайтарилиши мумкинлигига эътибор беришлари лозим.

ФК 420-моддасининг биринчи қисми мазмунидан келиб чиқиб, аванс (олдиндан тўланган сумма) деганда, лизинг олувчи томонидан лизинг объектини қабул қилиб олингунига қадар тўланган сумма тушунилиши лозим.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида лизинг олувчининг лизинг объектидан фойдаланишидан олинган фойда суммасини аниқлаш имконияти бўлмаса, ушбу сумма Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) назарда тутилган тартибда экспертиза тайинлаш йўли билан аниқланиши мумкин.

6.5. ФКнинг 597-моддаси, Қонуннинг 11 ва 12-моддалари мазмунидан келиб чиқиб, лизинг шартномаси билан лизинг объектини соз ҳолда сақлаш, уни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича мажбуриятлар ҳам лизинг олувчининг, ҳам лизинг берувчининг зиммасига юклатилиши мумкин.

Шунинг учун лизинг берувчининг лизинг олувчи томонидан лизинг объекти лозим даражада сақланмаганлиги, таъмирланмаганлиги ва техник хизмат кўрсатилмаганлиги сабабли лизинг шартномасини бекор қилиш
ва лизинг объектини қайтариш ҳақидаги даъвоси бўйича ишни кўришда судлар лизинг шартномаси бўйича ушбу мажбурият кимга юклатилганлигини аниқлашлари лозим.

6.6. ФКнинг 557-моддасига кўра мулк ижараси шартномасининг айрим турларига ва айрим турдаги мол-мулкни ижарага бериш шартномаларига (прокат, транспорт воситалари ижараси, корхоналар ижараси, молиявий маблағлар ижараси ва ҳоказолар), агарда ушбу Кодекснинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар қўлланади.

ФК 555-моддасининг биринчи-учинчи қисмларига мувофиқ агарда мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан мол-мулкнинг ажратиб олса бўладиган тарзда яхшиланиши унинг мулки ҳисобланади. Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ўз маблағлари ҳисобидан ва ижарага берувчининг розилиги билан яхшилаган, бу яхшилашни мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаган тақдирда, ижарага олувчи шартнома бекор бўлганидан кейин, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бу яхшилашлар қийматини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ижарага олувчи томонидан ижарага берувчининг розилигисиз амалга оширилган ва ижарага берилган мол-мулкдан ажратиб олиб бўлмайдиган яхшилашларнинг қиймати тўланмайди.

Шу сабабли, агарда лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг объекти лизинг берувчининг розилиги билан яхшиланган тақдирда, лизинг олувчи шартноманинг амал қилиш муддати тугаши ёки шартнома бекор қилиниши муносабати билан лизинг объекти лизинг берувчига қайтарилганидан кейин ана шу мақсадларда сарфлаган барча харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имконияти бўлмаган, лизинг берувчининг розилигисиз амалга оширилган лизинг объектининг яхшиланишлари, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг шартномасининг амал қилиш муддати тугаши ёки у бекор қилиниши муносабати билан лизинг объекти лизинг берувчига қайтарилган ҳолда лизинг берувчига ўтади.

6.7. Агар лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлиб, бироқ лизинг берувчи лизинг олувчи томонидан барча лизинг тўловлари амалга оширилганлигига қарамасдан лизинг олувчига лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиришдан бош тортса, лизинг олувчи судга лизинг берувчини лизинг объектини унга мулк ҳуқуқи асосида ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришга мажбурлаш ҳақидаги даъво билан мурожаат этишга ҳақли.

7. ХПК 103-моддасининг 4-бандига кўра лизинг берувчи томонидан лизинг олувчидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиш тўғрисида талаб суд буйруғи тартибида ҳам кўрилиши мумкин.

Судлар эътиборга олишлари лозимки, лизинг шартномаси бекор қилингандагина бундай талаб қаноатлантириши мумкин.

Агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада лизингга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги талабдан ташқари лизинг тўловларини ундириш тўғрисидаги талаб ҳам билдирилган бўлса, аризани қабул қилиш, агар лизинг тўловлари бўйича қарздорлик ҳужжатлар асосида тан олинмаган бўлса, ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан рад этилади.

Лизинг берувчи томонидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиш ҳақида ариза берилганда лизинг олувчининг лизинг шартномаси бўйича қарздорликни тан олиши талаб этилмайди.

8. Судларга тушунтирилсинки, лизинг шартномаси ва (ёки) лизинг объектини олди-сотди шартномаси мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, ҳуқуқи бузилган лизинг субъекти айбдор шахсдан қонунда ёки шартномада белгиланган неустойкани ундиришни талаб қилишга ҳақли. Бунда, агар неустойка билан бирга зарарни ҳам ундириш ҳақидаги талаб билдирилган бўлса, зарарни ундириш ФКнинг
325-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

9. ФКнинг 591-моддаси ва Қонун 14-моддасининг учинчи қисмига кўра лизинг объекти олди-сотди шартномасини тузиш пайтида лизинг берувчи лизинг объекти қайси мақсадда олинаётганлигидан сотувчини олдиндан хабардор қилиши, буни олди-сотди шартномасида қайд этиши шарт.

Судларга тушунтирилсинки, лизинг берувчи лизинг объекти қайси мақсадда олинаётганлигидан сотувчини олдиндан хабардор қилиш тўғрисидаги талабга риоя этмаганлиги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолатда ФКнинг 591-моддаси ва Қонун 14-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя этилмаганлигининг барча оқибатлари лизинг берувчига юклатилади.

10. Қонун 2-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ лизинг уч тарафлама (сотувчи-лизинг берувчи-лизинг олувчи) ёки икки тарафлама (лизинг берувчи-лизинг олувчи) лизинг шартномаси бўйича амалга оширилади. Лизинг берувчи ва сотувчи ўртасида икки тарафлама лизинг шартномаси тузилаётганида қўшимча равишда лизинг объектининг олди-сотди шартномаси тузилади.

10.1. Лизинг объектини олди-сотдиси билан боғлиқ лизинг субъектлари ўртасидаги муносабатлар, агар ФК 34-бобнинг 6-параграфида ва Қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ФКнинг 29-боби нормалари билан тартибга солинади.

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи томонидан лизинг объектини олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятларини бажармаслик хавфи ва бу билан боғлиқ зарарлар сотувчини танлаган лизинг шартномасининг тарафига юклатилади.

10.2. Қонун 12-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисига кўра лизинг олувчи сотувчига лизинг объекти олди-сотди шартномасидан келиб чиқувчи талабларни, жумладан унинг сифати ва бутлиги, топшириш муддати, кафолатли таъмирлаши ва ҳоказолар хусусида талаблар қўйиш ҳуқуқига эга.

Судлар назарда тутишлари лозимки, лизинг олувчи бундай талабларни, гарчи у ушбу шартноманинг тарафи бўлмаса ҳам, билдириши мумкин. Бундай ҳолда лизинг олувчи сотиб олувчининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади, шартномани бекор қилиш ҳуқуқи ҳамда товар учун ҳақ тўлаш мажбурияти бундан мустасно.

10.3. Олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар сотувчи томонидан бажирилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда (етказиб бермаганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик, етказиб бериш муддатини ўтказиб юборганлик, тегишли даражада сифатли бўлмаган мол-мулкни етказиб берганлик), агар сотувчини танлаш учун жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлса, сотувчи ва лизинг берувчи лизинг олувчи олдида жавобгар бўладилар. Бундай ҳолда лизинг олувчи ўзининг хоҳишига кўра сотувчи ва (ёки) лизинг берувчига талаблар билдиришга ҳақли.

10.4. ФК 392-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи сотувчи товарни сотиб олувчига топшириш бўйича ўз мажбуриятини қонун ёки шартномага мувофиқ бажарган деб ҳисобланган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади.

Қонун 19-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, лизинг объекти билан боғлиқ барча хавфлар, шу жумладан, унинг тасодифан йўқолиши (нобуд бўлиши) ёки тасодифан бузилиши, шунингдек ўғирланиши, барвақт эскириши, шикастланиши хавфлари лизинг шартномасида назарда тутилган тартибда лизинг олувчига ўтади. Хавфлар лизинг олувчига ўтган дақиқадан эътиборан лизинг олувчи лизинг объекти ҳар қандай тарзда йўқотилиши ёки шикастланиши учун лизинг шартномаси амал қиладиган муддат давомида жавобгар бўлади. Агар хавфларнинг лизинг берувчидан лизинг олувчига ўтадиган вақти лизинг шартномасида белгиланган бўлмаса, хавфлар лизинг олувчига у лизинг объектини олган дақиқадан эътиборан ўтади.

Мазкур нормаларнинг мазмунидан келиб чиқиб, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг объектининг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи лизинг объектини лизинг олувчига топширилишига қадар сотувчи ёки лизинг берувчининг, топширилганидан кейин эса лизинг олувчининг зиммасида бўлади.

10.5. Қонун 24-моддасининг учинчи қисмига кўра лизинг берувчи ва лизинг олувчи сотувчига нисбатан лизинг объектининг олди-сотди шартномаси бўйича солидар кредиторлар сифатида иш кўрадилар.

ФК 255-моддасининг учинчи қисмига кўра мажбуриятларни солидар кредиторлардан бирига нисбатан тўла бажариш қарздорни мажбуриятни бошқа солидар кредиторларга нисбатан бажаришдан озод қилади.

Шу муносабат билан судларга тушунтирилсинки, лизинг олувчи ёки лизинг берувчи сотувчига нисбатан лизинг объектининг олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан даъво тақдим этса, ишга тегишинча лизинг берувчи ёки лизинг олувчи низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиниши лозим.

Судлар бундай даъво бўйича ишни кўришда сотувчи ўз мажбуриятини лизинг олувчи ёки лизинг берувчига нисбатан бажарган ёки бажармаганлиги ёхуд лозим даражада бажармаганлиги ҳолатларини текширишлари, агар сотувчи ўз мажбуриятини улардан бирига нисбатан бажарганлиги ҳолати аниқланганда – даъвони қаноатлантиришни рад этишлари лозим.

11. Қонун 6-моддасининг биринчи қисмига кўра лизинг олувчи лизинг берувчи олдида лизинг шартномаси юзасидан жавобгар бўлиб қолгани ҳолда, лизинг шартномаси бўйича олган лизинг объектини лизинг берувчининг ёзма розилиги билан вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланиш учун учинчи шахсга қўшимча лизингга топширишга ҳақли.

11.1. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, агар низо қўшимча лизинг шартномасидан келиб чиққан бўлса, ишга мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида лизинг берувчи жалб қилиниши, шунингдек, лизинг объектини қўшимча лизингга топшириш учун унинг ёзма розилиги олинганлиги аниқланиши лозим.

Лизинг берувчининг олдиндан розилиги олинмай тузилган қўшимча лизинг шартномаси ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

11.2. Судлар инобатга олишлари керакки, қўшимча лизинг шартномасига ФК 550-моддасининг қоидалари қўлланилади. Хусусан, лизинг шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши қўшимча лизинг шартномасининг бекор бўлишига олиб келади. Бу ҳолда қўшимча лизингга олувчи қўшимча лизинг шартномасининг қолган муддати давомида ўзи фойдаланиб келган мол-мулкни бекор бўлган лизинг шартномасининг тегишли шартлари асосида лизингга олиш ҳақида шартнома тузиши мумкин.

12. Судлар Қонун 21-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ лизинг берувчи лизинг олувчининг олдиндан розилигини олмай туриб, лизинг объектидан гаров сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслигига эътибор қаратишлари лозим. Лизинг олувчининг олдиндан розилиги олинмай тузилган лизинг объектининг гаров шартномаси ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Шунга кўра, судлар қарздорликни ундириш ва ундирувни лизинг объекти бўлган гаров нарсасига қаратиш тўғрисидаги талабларни кўришда лизинг олувчини ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилишлари, шунингдек лизинг объектини гаровга қўйиш учун лизинг олувчининг розилиги олинганлиги ҳолатини аниқлашлари лозим.

13. Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ учинчи шахс ундирувни лизинг объектига қаратганда лизинг олувчи лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини мулк қилиб олиш билан бир пайтда лизинг шартномаси бўйича тегишли лизинг тўловлари қолдиғини лизинг берувчининг қолган даврда оладиган даромадини чегириб ташлаган ҳолда бир йўла тўлашга ҳақли.

Шу муносабат билан судлар назарда тутишлари лозимки, лизинг олувчи бундай ҳуқуқдан фойдаланиб лизинг шартномаси бўйича лизинг тўловлари қолдиғини лизинг берувчининг қолган даврда оладиган даромадини чегириб ташлаган ҳолда муддатидан олдин тўлаганлиги учинчи шахснинг ундирувни лизинг объектига қаратишни тугатилишига олиб келади.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, агар лизинг шартномасида барча лизинг тўловлари тўлангандан сўнг лизинг объекти лизингга олувчига мулк ҳуқуқи асосида ўтиши назарда тутилган бўлса, лизинг олувчи лизинг шартномаси бўйича тегишли лизинг тўловлари қолдиғини лизинг берувчининг қолган даврда оладиган даромадини чегириб ташлаган ҳолда бир йўла тўлашга ҳақли. Агар лизинг шартномаси лизинг объектини лизинг олувчига мулк ҳуқуқи асосида ўтишини назарда тутмаган бўлса, учинчи шахс ундирувни лизинг объектига қаратган тақдирда лизинг шартномаси ФКнинг 599-моддасига мувофиқ ўз кучини сақлаб қолади.

 

Олий хўжалик суди

             раиси                                                                  К. Камилов

 

 

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби вазифасини 

вақтинча бажарувчи, судья                                        З. Қурбонова