Лизинг хизматлари ҳажми ортмоқда

08.07.14

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида фермер хўжаликларини лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси бошқаруви раиси Н.Отажонов ва бошқалар мамлакатимизда молиявий хизматлар кўрсатиш кўлами тобора кенгайиб бораётгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хусусан, фермерлар фаолияти самарадорлигини оширишда кенг имкониятлар яратаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда лизинг хизматининг ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва кенг имтиёзлар яратилган. Техникани лизингга олишда фермер хўжаликлари, машина-трактор парклари ҳамда ҳудудий “Қишлоқхўжаликкимё” акциядорлик жамиятлари учун қатор имтиёзлар яратилган. Лизинг муддатининг 7 йилдан 10 йилгача экани, техника қийматининг 15 фоизи олдиндан тўланиши ва лизинг даромади йиллик фоизининг банк молиялаштириш ставкасининг эллик фоизидан ошмаслиги шулар жумласидандир.

“Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси ўз фаолиятини бошлаган даврдан буён 37 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхонасига 1 триллион 108,8 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги 50 мингга яқин техника воситасини лизинг асосида етказиб берди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, лизинг фаолияти солиқ имтиёзлари бериш орқали ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, лизинг тўловлари қўшилган қиймат солиғидан, лизингга бериш учун хориждан юртимиз ҳудудига олиб келинган техника ва ускуналар божхона тўловидан озод қилинган. Лизинг шартномаси амал қиладиган муддатларда лизингга берилган мулкка солиқ тўланмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 майдаги “2012-2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

“Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси томонидан жорий йилда тўрт мингдан ортиқ фермер хўжалигига қирқ турдаги тўрт ярим минг донадан зиёд қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш режалаштирилган. Компания томонидан консальтинг хизмати кўрсатиш ҳам йўлга қўйилгани фермерлар учун қулайлик яратмоқда.

Компания соҳага оид олий ўқув юртлари ва коллежлар билан фаол ҳамкорлик ўрнатган. Пойтахтимиздаги Турин политехника университети, Тошкент молия институти, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган коллежлар шулар сирасидандир. Бўлғуси ёш мутахассислар назарий билим ва амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида компания тизимида ишлаб чиқариш амалиётини ўтамоқда.

Тадбирда фермерларни лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.


ЎзА, Б.Хидирова

Манба: uza.uz