Концепция тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг мустаҳкам кафолатига айланди

13.06.13

Иқтисодиётни янада либераллаштириш, модернизация қилиш жараёнларида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, қулай бизнес муҳити яратиш, шубҳасиз, амалдаги қонунчиликни изчил такомиллаштириш билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» асосида қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар айнан хусусий секторнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан асоссиз аралашувларни чеклашда муҳим бўлмоқда.

Бундан ташқари Президентимизнинг «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 10 апрелдаги, «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги, «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 18 июлдаги фармонлари рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми ҳам бўлди.

Бу эса, ўз навбатида, суд-ҳуқуқ тизими, жумладан, хўжалик судлари зиммасига ҳам улкан масъулият юклаб, хўжалик муносабатларида қонунчиликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш борасида белгилаб берилган вазифаларни янада такомиллаштириш талабини кун тартибига қўймоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга қаратилган норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш натижасида уларнинг қонунларга ва суд тизимига бўлган ишончи ортиб бораётганини хўжалик судларига мурожаатлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Агар 2011 йилда хўжалик судлари томонидан 309 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 345 мингдан ошган. 2013 йилнинг 1-чорагида эса 53602 та иш кўриб чиқилди.

Шу ўринда 2001 йилда хўжалик судлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатида кўрилган ишлар сони қарийб 2,2 мингтани ташкил этиб, улар фойдасига 3,5 миллиард сўмга яқин маблағлар ундирилган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич тегишлича 26,5 мингтага ва 247,8 миллиард сўмга етган. 2013 йилнинг 1-чорагида тадбиркорлар манфаатида кўрилган ишлар сони 4953 тага етиб, тадбиркорлар фойдасига ундирилган маблағлар миқдори 62,4 миллиард сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилнинг 1-чорагида 14146 та ёки 44,7 фоиз низоли иш бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўрилганини қайд этиш мумкин.

Маълумки, тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларида кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда уларнинг бу ҳуқуқлардан фойдаланишида, шунингдек, мажбуриятларнинг бажарилишида давлат органлари, хусусан, судларнинг ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот ишларидаги иштироки ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда судьяларимиз томонидан назорат қилувчи органлар вакиллари иштирокида жойларда семинарлар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда. Бундан ташқари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини тартибга солувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини кенг оммага, жумладан, тадбиркорларга тушунтириш мақсадида жорий йилнинг 1-чорагида оммавий ахборот воситаларида 452 маротаба чиқишлар, аҳоли орасида эса 5800 дан ортиқ маъруза ва суҳбатлар уюштирилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 5-банди биринчи қисмида 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларини ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Шунга асосан, Олий хўжалик судида тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини қабул қилиш бўйича марказлаштирилган электрон дастурий таъминот ишга туширилди ва «Хўжалик судларига тадбиркорлик субъектлари томонидан даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон кўринишда беришнинг Вақтинчалик тартиби» ишлаб чиқилди.

Унда ҳужжатларни электрон кўринишда бериш шартлари, жумладан, рўйхатдан ўтиш ва маълумотни тақдим этиш, бериладиган ҳужжатларга нисбатан умумий талаблар, биринчи инстанция судига ҳужжатларни бериш тартиби ўз ифодасини топган.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан эса Хўжалик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, хўжалик судларида электрон ҳужжатлар алмашинуви ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.

Хусусан, янги қонунда Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддасига қўшимча киритилиб, хўжалик судига мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкинлиги назарда тутилди. Шунингдек, Хўжалик процессуал кодексининг хўжалик суди томонидан суд ҳужжатларини процесс иштирокчиларига юбориш зарурлиги ҳақидаги қоидаларни ўзида мужассамлаштирган бир қатор моддаларига ўзгартиришлар киритилиб, ишда иштирок этувчи шахсларнинг электрон манзиллари бўлган тақдирда уларга суд ҳужжатлари нусхаларини электрон почта орқали жўнатишни назарда тутувчи нормалар белгиланди.

Хўжалик суди ва процесс иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви тизимининг жорий этилиши ишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаатларида ўзларининг электрон манзилларини кўрсатиш лозимлигини талаб этади, шу муносабат билан Хўжалик процессуал кодексининг мурожаатлар шакли ва мазмуни масалаларини тартибга соладиган бир қатор моддаларига қўшимчалар киритилиб, судга тақдим қилинадиган ҳужжатларда шахснинг ёки унинг вакилининг почта манзили, телефонлари, факс рақамлари билан бирга электрон манзили ҳам кўрсатилиши мумкинлиги қайд этилди.

Хўжалик процессуал кодекси 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар хўжалик судларига тааллуқлидир.

Аммо ана шундай ўзгариш ва қўшимчаларга қарамай, иқтисодиётнинг ривожланиши ва хўжалик юритувчи субъектлар сонининг кўпайиши натижасида жисмоний шахслар ва юридик шахслар (хўжалик жамиятлари, акционерлик жамиятлари ва ҳ.к.) ўртасида юридик шахснинг иқтисодий фаолияти бўйича келиб чиқадиган «корпоратив» низолар сони кўпайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Дивидентлар тўлаш, улуш ажратиш, акционерларнинг умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар шулар жумласидандир. Бундай низоларнинг ўзига хос хусусияти шунда-ки, уларда бир тараф жисмоний шахс бўлишига қарамасдан, низо юридик шахснинг иқтисодий фаолияти бўйича иқтисодиёт соҳасида вужудга келади.

Қайд этилганларга кўра, янги қонун билан Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддаси иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар (бундан меҳнатга оид низолар мустасно) хўжалик судларига тааллуқлилигини назарда тутувчи норма билан тўлдирилди. Бунда мазкур ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъий назар хўжалик суди томонидан кўриб чиқилиши алоҳида қайд этилди.

Хўжалик судларига корпоратив низоларни кўриб чиқиш ҳуқуқининг берилиши ушбу тоифадаги ишларнинг тааллуқлилиги муаммосини ҳал этади, уларни янада сифатли кўриб чиқиш ҳамда мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имкониятини яратади.

Хулоса қилиб айтганда, хўжалик судлари тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни қатъий амалга ошириш, иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳамда уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.


Нурмат Ахманов,
Олий хўжалик суди раисининг 
биринчи ўринбосари