Жаҳон пахта ва тўқимачилик бозоридаги муносиб рақобатчи

19.06.14

Жорий йилнинг 13-14 октябрь кунлари пойтахтимизда X Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу нуфузли ярмарка жаҳон пахта саноати етакчилари, тўқимачилик корхоналари вакиллари ва савдо агентларига мамлакатимиз пахта комплексини ривожлантириш стратегияси билан танишиш, савдоларда қатнашиш, шартномалар тузиш имкониятини яратади. 

Ўзбекистонда пахта форумининг юксак савияда ўтказилиши анъанага айланган. Бунга мамлакатимизда серҳосил ғўза навларини яратиш, замонавий агротехнологиялардан фойдаланган ҳолда тола ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати билан боғлиқ хусусиятларни узлуксиз оширишда пахта етиштиришнинг барқарор ҳажмини сақлаш, пахта тозалаш саноатини тўлиқ модернизация қилиш, барча хизмат турлари кўрсатишни таъминлайдиган ҳудудий терминалларни ўз ичига олган замонавий пахта сотиш инфратузилмасини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ёрдамида эришилмоқда.

Бунинг самарасида пахта бизнесида мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Масалан, дастлабки пахта форумида дунёнинг 30 мамлакатидан саноат ва савдо компанияларининг 170 вакили иштирок этган бўлса, 2013 йилда 40 давлатдан мингдан зиёд вакил қатнашди. Унинг якунида мамлакатимизда етиштирилган 680 минг тоннадан ортиқ пахта толасини харид қилиш бўйича шартномалар имзоланди. 

Мамлакатимиз енгил саноат корхоналари томонидан тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд шартномалар имзоланди. 

Экспертларнинг таъкидлашича, хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотни экспорт қилишга изчил ўтилаётгани мамлакатимиз енгил саноати салоҳиятини юксалтириш имконини бермоқда. Масалан, 90-йилларда етиштирилган пахтанинг атиги 7 фоизи юртимизда қайта ишланган бўлса, ўтган давр мобайнида бу кўрсаткич қарийб 6 баробар ошиб, 2013 йилда деярли 40 фоизни ташкил этди.

Бугунги кунда “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси таркибида 385 минг тонна калава, 284,5 миллион квадрат метр газлама, 88,3 минг тонна тўқимачилик полотноси, 225,8 миллион дона тикувчилик-тўқимачилик маҳсулотлари, 43,1 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга 296 корхона фаолият юритмоқда. 

Барқарор хомашё базаси, пахта толасининг юқори сифати, ресурслар нархининг арзонлиги, юқори малакали ишчи кучининг мавжудлиги тармоққа чет эл инвестицияларини жалб этиш имконини бераётир. Шу боис дунё тенденциялари доирасида ҳар йили мамлакатимизда пардозлаш, тўқимачилик ва тикувчилик ишлаб чиқаришини ўз ичига олган қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Сифатли тайёр тикувчилик-тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун замонавий талабларга мос полотнони бўяш ва пардозлашга ёрдам берадиган бўяш-пардозлаш қувватлари ўрнатилмоқда.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, сўнгги 4 йилда мамлакатимизда Жанубий Корея, Швейцария, Сингапур, Япония, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар инвесторлари иштирокида саксондан ортиқ корхона ташкил этилган.

Айни пайтда тўқимачилик саноати салоҳиятини янада ошириш ишлари давом эттирилмоқда. Ўзбекистонда 2020 йилга қадар тўқимачилик ва енгил саноат тармоғида қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ саксондан зиёд лойиҳанинг амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун 2015-2020 йилларда тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши пахта толасини мамлакатимизда қайта ишлаш даражасини 60 фоизга етказиш ва енгил саноатнинг экспорт салоҳиятини 1,8 баробардан кўпроқ ошириш имконини беради.

X Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилади. Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 23 майда қабул қилинган тегишли фармойиши доирасида ўтказиладиган мазкур форумга қизғин тайёргарлик кўрилаётир.

Тадбир кўламининг муттасил кенгайиб, иштирокчилар, жумладан, хорижий қатнашчилар сони ортиб бораётгани инобатга олинган ҳолда, ярмарканинг ҳар бир ташкилотчиси унга алоҳида ҳозирлик кўрмоқда. Ушбу ярмарка Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси, “Сифат” пахта толасини сертификатлаш маркази, “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси ва бошқа тузилмалар кўмагида ташкил этилади. 

Кўргазма майдонларида асосий тадбирлар ўтказиладиган “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма компанияси ҳам катта тайёргарлик ишларини амалга оширмоқда. 

“Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси форум доирасида мамлакатимиз енгил саноати салоҳиятини, жумладан, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, қулай инвестиция муҳити, малакали кадрлар ва хомашё базасининг мавжудлиги, ривожланган ишлаб чиқариш, молия-банк, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари тақдимот маросимларининг юксак савияда ўтказилишини таъминлайди. 

“Cotton Outlook” халқаро нашриёти кўмагида мамлакатимиз пахта ва енгил саноати, пахтачиликни ривожлантириш истиқболлари ва эришилган сўнгги ютуқларга бағишланган махсус журнал чоп этилади.
Навбатдаги ярмаркада нафақат экспозициялар, балки технология ва дизайн соҳасидаги инновацион таклифлар тақдим этилади, давра суҳбатлари, семинарлар, конференциялар ўтказилади, либослар коллекцияси намойиш қилинади.

Мухтасар айтганда, X Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси дунё пахта саноатининг марказий тадбирларидан бирига айланади ва мамлакатимиз иқтисодиётини изчил ривожлантириш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга салмоқли ҳисса қўшади.

Манба: uza.uz