Иқтисодий мустақиллигимиз тимсоли

01.07.14

Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм муомалага киритилганига 20 йил тўлди. Ўзбекистон мустақиллиги, ўз миллий валютасига эга экани халқимизнинг улкан ютуғидир.

1994 йил 1 июль мамлакатимиз солномасида тарихий сана. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1994 йил 16 июнда қабул қилинган фармонига мувофиқ шу куни миллий валютамиз – сўм юртимиз ҳудудида ягона тўлов воситаси сифатида муомалага киритилган.

Миллий валютани жорий этиш инқилоб билан тенгдир, деган эди Юртбошимиз. Дарҳақиқат, жаҳон тажрибасидан маълумки, бунга эришиш учун кўплаб давлатлар узоқ ва машаққатли йўл босиб ўтган. Кўп ҳолларда бу иқтисодий инқирозга, нархларнинг ўсиб кетиши ва маҳсулотлар танқислигига сабаб бўлган.

Юртимизда сўмни муомалага киритишда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Миллий тараққиёт тамойилларига мувофиқ бу жараён ҳам босқичма-босқич амалга оширилди.

Аввалига сўм-купон жорий этилиб, четдан кириб келаётган, қадрини йўқотган пулнинг йўли тўсилди. Юртимиздаги арзон маҳсулотларнинг бошқа республикаларга «оқиб кетиши»нинг олди олинди. Энг муҳими, сўм-купон орқали миллий пул бирлигини жорий этиш стратегияси ва ҳисоб-китоблар механизми ўрганилди. Инфляцияга қарши чоралар ишлаб чиқилиб, синаб кўрилди. Жаҳон валюталари билан муомалада пулимизнинг кучи, қадри ва харид қуввати аниқланди.

Миллий пулимизнинг барқарорлигини таъминлаш, тўлов қобилиятини ошириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсати юритилмоқда. Инфляция паст даражада сақланмоқда. Тижорат банкларининг жами капитали ҳажми ортиб бормоқда. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг изчил ўсаётгани, экспорт салоҳияти тобора юксалаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар самарасида саноат тармоқлари кенг ривожланмоқда. Импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтириладиган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўпаймоқда. Қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожи янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётир.

Бугун мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқларимиз ҳақида гапирганда, аввало, иқтисодиётимизнинг изчил ривожланиши, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро мутаносиблиги, инфляция даражасининг пастлиги, аҳоли фаровонлигининг юксалаётганлиги билан бир қаторда миллий валютамизнинг барқарорлашиб, банк тизимининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини ҳам фахр билан тилга оламиз.

Мамлакатимиз банкларининг ресурс базаси кенгайиб, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда. Банк тизимининг ликвидлиги 65 фоиздан зиёд бўлиб, бу жаҳон амалиётида умумий қабул қилинган, «юқори» деб аталадиган кўрсаткичдан 2,2 баробар ортиқдир.

Бу халқаро молия муассасалари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли барча тижорат банклари етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан бериладиган «барқарор» рейтинг даражасига эгадир.

Миллий валютамиз намуналари Халқаро валюта жамғармасининг Вашингтондаги бош қароргоҳида сақланади. Дунёдаги барча пуллар орасида бизнинг сўмимиз ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унинг кўриниши ҳам, номланиши ҳам кўнглимизга яқин. Уни кўрганимизда қалбимизда миллий ғурур жўш уради. Ўзбекистоннинг фарзанди эканимиздан фахрланамиз.

Бир дўстим Германияда бўлганини айтиб берганди. У ерга элликка яқин мамлакат вакиллари малака оширишга борган экан. Бир куни улар ўз юртлари ҳақида кўргазмали чиқишлар уюштирибди. Ҳамма ватанини нимаси биландир таништирибди. Кимдир суратларини кўрсатса, яна биров миллий кийимларини намойиш этибди.

«Менинг навбатим келганида, чўнтагимдан сўмимизни чиқардим, – дейди дўстим. – Бундай тақдимотни кутмаган хорижликлар мени ўраб олди, қўлимдаги пулларни бирма-бир томоша қилди. Уларда акс эттирилган миллий нақшлар, фақат ўзимизгагина хос бўлган безаклар ва суратлар йиғилганларга Ўзбекистон ҳақида тасаввур берди».

Миллий валютамиз нафақат мамлакатимиз иқтисодий қудратининг, балки халқимиз маънавий, маърифий ва маданий салоҳиятининг кўзгусидир. Унда юртимизнинг бой тарихи ва буюк келажаги ўз аксини топган. Ўзбек сўмини қўлига олган кишининг қадим Самарқанддаги Регистон майдони, Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидалар, Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри, «Истиқлол» санъат саройи, Соҳибқироннинг улуғвор ҳайкали, Олий Мажлис биноси тасвирларига кўзи тушади. Буларнинг барчаси халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод шуурида миллий ғурур туйғуларини шакллантириш, уларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, сўм ҳақидаги илк маълумотлар X-XI асрларга мансуб бўлиб, дунёдаги ҳеч бир валютанинг номи бунчалик қадимий эмасдир. Буюк Ипак йўлида савдо ривожланган ўрта асрларда, айниқса, Амир Темур даврида у халқаро аҳамият касб этган.

Узоқ йиллар давомида муомалада бўлмаган, турли босқинлар оқибатида унут бўлаёзган бу муқаддас сўз истиқлол шарофати билан яна тилимизга қайтди. Иқтисодий мустақиллигимиз асосига, миллий ифтихоримиз рамзига айланди.

…Поездда сафарга кетаётган эдик. Ҳамма бир-бири билан танишиб, суҳбатлашиб бормоқда. Икки йигитнинг гурунги соз келиб, телефон рақамлари, иш манзилларини алмашадиган бўлди. У ёқ-бу ёқни қараб, қоғоз тополмагач, чўнтагидан пул чиқариб, ёза бошлади. Шунда уларни кузатиб турган отахоннинг жаҳли чиқиб кетди. «Ҳой, ўғилларим, пулга ёзманглар – ношукрлик бўлади. Бир пайтлар биз бунга зор эдик, бошқаларнинг пулини пул, дердик. Энди ўзимизнинг сўмимиз бор. Бу пул элники, бугун сенда бўлса, эртага бошқанинг қўлида бўлади. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш керак”, дея насиҳат қилди.

Дарҳақиқат, ҳар бир нарсанинг қадр-қиммати инсонларнинг ўзига, ички маданиятига боғлиқ. Миллий валютамизни сифатли ва чиройли сақлаш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчига, виждон амрига айланмоғи лозим. Зеро, сўмимиз ҳам давлат байроғи, давлат герби каби мустақиллигимиз рамзларидан биридир.

Ўтган йили 1 июль санаси янги мазмун билан бойиди. Шу кундан бошлаб 5000 сўмлик купюра муомалага чиқарилди.

Миллий валютамизда мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз намоён. Бу валюта Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, ҳамюртларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилаверади.

Анвар Самадов

Манба:uza.uz