Хўжалик судлари томонидан ҳал этиладиган низолар

Хўжалик суди қуйидагиларни ҳал этади:

  1. тузилиши қонунда назарда тутилган шартнома юзасидан чиққан келишмовчиликлар ёки шартнома юзасидан чиққан бўлиб, ҳал этиш учун хўжалик судига топшириш ҳақида тарафлар ўзаро келишган ихтилофлар;
  2. шартнома шартларини ўзгартириш ёки шартномани бекор қилиш ҳақидаги низолар;
  3. мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги низолар;
  4. мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар;
  5. мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги низолар;
  6. мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлиги тўғрисидаги низолар;
  7. етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар;
  8. шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги низолар;
  9. давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;
  10. ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;
  11. давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан берилган шикоят;
  12. агар қонунда сўзсиз (акцептсиз) тартибда жарима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса назорат қилувчи органлар томонидан ташкилотлар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги низолар;
  13. назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар.

Хўжалик суди ўзининг ваколат доирасига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилади.

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ёки келиб чиқиши мумкин бўлган ҳамда хўжалик судига тааллуқли бўлган низо тарафларнинг келишувига биноан, хўжалик суди қарор чиқаргунга қадар ҳакамлик судига кўриш учун топширилиши мумкин.

Хўжалик суди томонидан кўриладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларга қуйидагилар киради:

  1. ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар;
  2. ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар.