Хўжалик судлари фаолиятига замонавий АКТ изчил татбиқ этилмоқда

24.03.14

Бугунги тезкор даврда мамлакат тараққиётини замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис кейинги йилларда юртимизда ҳар бир соҳага АКТ ютуқларини татбиқ этишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.

Хусусан, улар хўжалик судлари фаолиятига кенг жорий қилиниб, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда қўл келмоқда. “Халқ сўзи” газетаси мухбири бу жараёнларнинг бориши ва уларнинг натижалари хусусида Олий хўжалик суди раиси ўринбосари Собир ХОЛБОЕВ билан суҳбатлашди.

— Юртимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рақобатни кучайтириш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, салмоқли ютуқ ва натижалар қўлга киритилмоқдаки, бунда, шубҳасиз, соҳанинг истиқлол даврида яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асоси муҳим омил бўлмоқда, — дейди Собир Баратович. — Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётган қонун ҳужжатларининг бу борадаги ўрни, айниқса, катта бўлаётгани барчага аён ҳақиқат. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Улар бизнесни эркин бозор иқтисодиёти талаб ва тамойилларига жавоб берадиган даражада ташкил этиш ва юритиш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, улар йўлига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Муҳими, ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли бугунги кунга келиб, тадбиркорлик субъектлари ўзларининг банк ҳисобварақларига масофадан туриб хизмат кўрсатиш, шу жумладан, “Интернет-банкинг” тизими орқали солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, божхонада юкларни расмийлаштириш, товарларни декларация қилиш, кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқларини “бир ойна” тамойили бўйича рўйхатга олиш каби ҳаракатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишди. 

— Хўжалик судлари фаолиятига замонавий АКТни жорий қилиш ишлари қандай давом этмоқда?

— Аввало, бундан кўзланган асосий мақсад суд тизими фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, судга мурожаат қилган ҳар қандай ҳуқуқи бузилган шахснинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйиш, харажатларни камайтириш, судларда ишларни ташкил этиш, низоларни ҳал қилиш тартибини соддалаштириш, процессуал муддатларни қисқартиришга қаратилганлигини айтиб ўтиш зарур.

Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда, 2013 йил 1 январдан бошлаб хўжалик судларида даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби амалиётга татбиқ этилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг расмий сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни қабул қилиш бўйича марказлаштирилган электрон дастурий таъминот ишга туширилди. Айни пайтда тадбиркорлик субъектлари ана шу дастурий таъминот орқали хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларни ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда тақдим этмоқдалар.

Нафақат даъво аризаси ва илтимосномалар, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш, шунингдек, янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни қайта кўриш тўғрисидаги аризалар ҳам электрон шаклда қабул қилинмоқда. Шу ўринда 2013 йил мобайнида хўжалик судларига электрон шаклда 1805 та даъво аризаси ва илтимоснома келиб тушгани ва 2014 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 3713 тани ташкил этганини алоҳида таъкидлаш мумкин.

— Суд ҳужжатларини электрон воситалар орқали юбориш тартиби амалда қандай самара бермоқда?

— 2013 йил 30 апрелдаги Қонун билан Хўжалик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, хўжалик судлари ва иштирок этувчи шахслар ўртасида электрон шаклда маълумотлар, ҳужжатлар алмашинуви ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ўтган йилнинг 1 июнидан бошлаб эса хўжалик судларида суд муҳокамаси иштирокчиларига суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарларни маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юбориш тартиби йўлга қўйилди. Бунинг учун хўжалик судларининг ҳар бир судьяси электрон рақамли имзо билан таъминланди. Суд ҳужжатининг ҳақиқийлиги шу электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Амалда бу ўзининг кутилган самараларини бермоқда. Чунончи, хўжалик судлари томонидан суд мажлиси иштирокчиларига 2013 йилнинг 1 июнидан 2014 йилнинг 1 январигача 1580 та суд ҳужжати ва хабарномалар электрон шаклда юборилган. 2014 йил январь — февраль ойларида бундай ҳужжатлар сони 1154 тага етгани ҳам эътиборлидир.

Яна бир янгилик. Жорий йилнинг дастлабки кунларидан бошлаб хўжалик судлари тизимидаги барча компьютерлар ягона корпоратив электрон тармоққа бирлаштирилди. Натижада ҳар қандай вилоят хўжалик судига даъво аризалари, ариза, шикоят ва илтимосномаларнинг келиб тушиши, муддатида рўйхатга олиниши, судьялар томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар вақтида тайёрланиши ва жўнатилиши, суд муҳокамаларининг бошқа кунга қолдирилиши, процессуал муддатлар бузилиши, статистик ҳисоботлар ҳаққонийлиги, суд қарорларининг ижро этилиши ва суд фаолиятига оид бошқа маълумотларни Олий хўжалик судида электрон тармоқ орқали кузатиш имконияти пайдо бўлди. Ҳозир бу босқич билан боғлиқ дастурий таъминотни амалиётга татбиқ этиш ишлари якунланиш арафасида турибди.

— Хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференция усулида ўтказиш жорий қилинмоқда. Ушбу услубга бўлган зарурат ҳамда унинг афзалликлари нималардан иборат?

— Маълумки, амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг қоидаларига биноан, хўжалик судида муайян ишни кўриш шу ишни кўраётган суд биносидаги мажлисда амалга оширилади. Ана шу талабдан келиб чиқиб, 2011 — 2013 йиллар давомида хўжалик судлари томонидан биринчи инстанцияда 529725 та иш даъво тартибида кўриб чиқилган бўлса, шундан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўрилган 245846 та ишнинг 24750 тасида, яъни 10,06 фоизида бир тараф суд муҳокамасида иштирок этиш учун хўжалик судига бошқа ҳудудлардан келган. Бундан ташқари, шу ишларнинг 7 мингга яқинида ишни кўриш турли сабабларга кўра бошқа кунга қолдирилган.

Қолаверса, 2011 — 2013 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят хўжалик судларида кўрилган 3268 та иш Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилган. Мазкур ишларнинг 873 тасида ишни кўриш кейинга қолдирилган. Иш кассация тартибида Олий хўжалик судида кўрилаётганида тарафлар суд мажлисида иштирок этишлари талаб қилинади. Шу боис кўрсатилган давр ичида бошқа ҳудуддан кассация инстанцияси суди суд мажлисида қатнашиш учун жами 8 мингдан зиёд тарафлар вакиллари Тошкент шаҳрига келиб-кетишган.

Бу эса иш кўрилаётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тарафлар, шу жумладан, тадбиркорлар, давлат органлари ва бошқа ташкилот вакиллари учун ортиқча мураккабликлар туғдирмоқда, яъни ортиқча вақт ва маблағ сарф бўлмоқда. 

Шу нуқтаи назардан, суд мажлисларини видеоконференция усулида ўтказишнинг афзалликлари кўзга яққол ташланади. У амалиётга жорий этилгач, бундай сарф-харажатлар кескин қисқаради ва ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади. Мисол учун, агар даъвогар Фарғона вилоятида, жавобгар эса Хоразм вилоятида жойлашган бўлса, даъвогар суд муҳокамасида иштирок этиш учун Фарғона вилояти хўжалик суди биносига, жавобгар эса Хоразм вилояти хўжалик суди биносига келишининг ўзи кифоя қилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, тизимга замонавий АКТни муваффақиятли тарзда жорий этиш, албатта, соҳа қонунчилигини такомиллаштиришни тақозо қилади. Шундан келиб чиқиб, Олий хўжалик суди томонидан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. 

Қонун лойиҳасида суд мажлисларини видеоконференция усулида ўтказиш ва бошқа бир қатор янгиликлар билан боғлиқ меъёрлар ҳам ўз аксини топмоқда. Қонун ижодкорлиги жараёнида ўзимиздаги мавжуд ҳолат ҳамда ривожланган давлатлар тажрибаси инобатга олинганини ҳам айтиш даркор.

Умуман, хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли муҳофазалаш, улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади, албатта.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.