Хўжалик судларига тааллуқли ишлар

Хўжалик судларига қуйидаги ишлар тааллуқлидир:

  1. иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар;
  2. иқтисодиёт соҳасида ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш) тўғрисидаги ишлар;
  3. ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар;
  4. иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар, бундан меҳнатга оид низолар мустасно.

Хўжалик судига шунингдек якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, тааллуқлидир.

Қонун билан хўжалик судига тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.

Хўжалик суди ўзига тааллуқли ишларни, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва фуқаролари, шунингдек чет эл ташкилотлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судида кўрилиши керак.

Юқоридаги 4-бандда кўрсатилган ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.