ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ

19.11.13
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти хўжалик судининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
 
Барча шароитларга эга уч қаватли замонавий бинонинг очилишига бағишланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, фахрий ҳуқуқшунослар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одил судлов ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Суд-ҳуқуқ тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соҳа ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик ифодаси экани қайд этилди.

Замонавий ва миллий архитектура ечимига эга кўп қаватли бинони “Термиз-таъминот” саноат қурилиш таъминот хусусий корхонаси тез, сифатли барпо этди. Янги бинода судьялар ва иш юритувчи ходимлар учун барча қулайликлар яратилган. Маънавият хонаси, хўжалик низоларини кўриб чиқишда биринчи ва апелляция инстанцияси ишларини муҳокама этадиган алоҳида хоналар замонавий усулда жиҳозланган.

– Юртбошимиз ташаббуси билан суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва мустақиллигини таъминлаш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз, – дейди вилоят хўжалик суди судьяси Шерзод Аминқулов.
– Бу ерда яратилган замонавий шароитлар ишимиз самарадорлигини янада юксалтириб, одил судловни амалга оширишимизда муҳим омил бўлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Н.Чориев сўзга чиқди.

ЎзА, Х.Маматрайимов