Халқаро давра суҳбати

16.06.14

«Конституциявий суднинг бошқа судлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро муносабатини такомиллаштириш: Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари тажрибаси» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Европа Иттифоқининг Венеция комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий, Олий ва Олий хўжалик судлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар, мутахассислар, Франция, Германия, Латвия ҳамда Лихтенштейндан экспертлар иштирок этди.

Давра суҳбатида суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш бўйича кенг кўламли туб ўзгаришларни амалга оширишда Ўзбекистон тажрибаси таҳлил қилинди. Қайд этилдики, Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ушбу жараённи ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

12

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Б.Мирбобоев ва бошқалар истиқлол йилларида Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказ ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатларини ва назорат вазифаларини кенгайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш мамлакатимизни демократик янгилаш йўлидаги муҳим йўналишлардан бири бўлганини таъкидлади.

Мамлакатимизни жадал ривожлантириш шартлари ва халқаро ҳуқуқ стандартларига мос тегишли қонунчилик базаси яратилди. Ушбу қонунчилик асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонунлар ташкил этади. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ мамлакатимизда Конституциявий суд, умумий юрисдикция судлари, хўжалик судлари ташкил этилиб, улар ўз фаолиятини мустақил, бир-бирининг ишига аралашмаслик тамойили асосида амалга оширмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар судларни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган ҳақиқий мустақил давлат институтига айлантириш имконини берди.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди алоҳида ўрин тутиши қайд этилди. Асосий Қонунимиз ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриб чиқадиган суд ҳокимияти органидир. Ушбу йўналишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 30 ноябрда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси бу борада судларнинг самарали ҳамкорлигига мисол бўла олади. Ушбу ҳужжатда умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьялари учун энг кам ёш 30 ёш этиб белгиланган. Олий суд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимча киритишни кўзда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлади. Лойиҳани муҳокама қилиш чоғида бу ёшни Конституциявий суд судьяларига нисбатан ҳам қўллаш таклиф этилди. Олий суд буни инобатга олиб, ушбу таклифни қонун лойиҳасига ишлов бериш учун киритди. Энди «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, 30 ёшга тўлган фуқаро Конституциявий суд судьяси этиб сайланиши мумкин.

Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш билан бирга суддан ташқари ҳимоя қилиш тизими ҳам такомиллаштирилаётгани ва бу вазифани Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ амалга ошираётганини қайд этди. Шу муносабат билан Конституциявий суднинг ушбу фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик тажрибаси муҳокама этилди.

Тадбирда Конституциявий суд ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасидаги ҳамкорлик асосини 1998 йил 2 декабрда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги шартнома ташкил этиши таъкидланди. Унда Конституция ва қонунлар устуворлиги, ушбу органлар мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш каби тамойиллар асос қилиб олинган. Буларнинг барчаси 15 йилдан буён инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Конституциявий суд Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорликда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролар иштирокида илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ташкил этмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ва одил судловни демократлаштириш ҳамда такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида амалга оширилган улкан ишлар хорижлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Давра суҳбати якунида Конституциявий суднинг бошқа судлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро муносабатларини янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.

Манба: www.ksu.uz