Акциядорлар ҳуқуқлари – доимий ҳимояда

01.07.14

Мамлакатимиз иқтисодиётининг реал секторида акциядорлик жамиятлари фаолияти муҳим ўрин тутади. Зеро, бундай шаклда тузилган ташкилотлар молиявий жиҳатдан барқарор ҳисобланиб, бу, ўз навбатида, уларнинг бозор талабларига мослашувчанлиги ва чидамлилигини оширади.

Прeзидeнтимиз Ислом Кaримoв томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида акциядорлик жамиятларига оид қонун ҳужжатларини ривожлантириш, хусусан, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, унда корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатлари ва мажбуриятларини аниқ баён этиш зарурлиги белгилаб берилган.

Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни жорий йил 6 майда янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур қонунга биноан акциядорлик жамиятларининг кузатув кенгашлари, умумий йиғилишлари, тафтиш комиссияларининг роли ва аҳамияти оширилган. Шу билан бирга, миноритар, яъни акцияси кам бўлган акциядорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, барча акциядорлар ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниялари фаолияти тўғрисида ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича бир қатор янги нормалар жорий қилинган.

Мазкур янгиликлар акциядорлик компанияларининг фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, қонуннинг 17-моддасида акциядорлик жамияти устав фондини назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати акциядорлик жамияти давлат рўйхатидан ўтказилгандан эътиборан бир йилдан ошмаслиги қатъий белгиланган. Устав фондини қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш манбаларига аниқлик киритиш мақсадида 18-моддага қўшимчалар киритилди. Бунда жамиятнинг устав фонди акцияларнинг номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкинлиги, шунингдек, жамиятнинг устав фондини қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш жалб қилинган инвестициялар, жамиятнинг ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкинлиги мустаҳкамланган.

Қонунда акциядорлик жамиятлари бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини назарда тутувчи нормаларни такомиллаштириш ҳам эътиборга олинган. Хусусан, 59-моддада акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доираси жамият кузатув кенгашидан ташқари миноритар акциядорлар қўмитасининг сон таркибини белгилаш, аъзоларни сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш билан тўлдирилган.

75-моддада акциядорлик жамияти кузатув кенгашининг ваколати этиб аудиторлик текширувини ўтказиш, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш белгиланган. Шу билан бирга, ушбу моддада жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига ёки жамият уставига кўра жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилиши мумкинлиги мустаҳкамланган.

Қонунда Концепцияда белгиланган вазифалар асосида миноритар акциядорларнинг кафолатларини таъминлашга қаратилган нормаларнинг киритилиши муҳим янгиликлардандир. Миноритар акциядорлар институти тушунчаси қонунчилигимизда янги бўлиб, уни киритишда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой сингари ривожланган давлатларнинг акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари чуқур таҳлил қилинган.

Таъкидлаш жоизки, миноритар акциядор деганда акциядорлик жамиятини бевосита бошқариш ҳуқуқини бермайдиган кам сонли акцияга эга бўлган акциядор тушунилади. Уларнинг акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этмаслиги келгусида ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, қонун миноритар акциядорлар қўмитасига бағишланган 82-модда билан тўлдирилган. Унда миноритар акциядорлар қўмитанинг ваколатига акциядорлар умумий йиғилиши ёки жамият кузатув кенгаши кўриб чиқиши учун киритилаётган йирик битимлар ва аффилланган шахслар билан битимлар тузишга оид масалалар бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этиш, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солишда ваколатли давлат органига миноритар акциядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаатлар киритиш каби масалалар белгиланган.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур модда билан миноритар акциядорлар қўмитасининг фаолиятига жамият кузатув кенгаши ёки ижроия органининг аралашувига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги норма киритилган. Бундан ташқари, 113-моддада жамиятнинг акциядорларига тегишли бўлган дивидендлар тўланмаган тақдирда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи мазкур жамият акциядорининг ёки миноритар акциядорлари қўмитасининг мурожаати асосида судга ушбу жамият акциядорларига дивидендлар тўлаш мажбуриятини юклатиш тўғрисида даъво тақдим этиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Бу, ўз навбатида, миноритар акциядорлар қўмитасининг акциядорлик жамиятига бўлган таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Акциядорлик жамиятига акциядорлар ва салоҳиятли бошқа инвесторларни жалб этишнинг энг мақбул йўли – акциядорлик жамияти фаолияти ва унга доир маълумотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашдан иборат. Бунда акциядорлик жамиятининг махсус веб-сайтини ташкил этиш ва унга жамият фаолиятига доир маълумотларни жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис акциядорлик жамияти фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, акциядорлар ва инвесторларга зарур ахборотларни олиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида қонунда акциядорлик жамиятлари зиммасига тегишли маълумотларни веб-сайтда чоп этиш мажбурийлигини кўзда тутувчи нормалар киритилган.

Жумладан, 55-моддада жамият тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва жамиятнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш белгиланган. 62-моддада акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши, акциядорларга электрон почта орқали юборилиши мустаҳкамланган.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилиниши акциядорлик жамияти фаолияти ошкоралигини таъминлаш орқали салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш, кам сонли акция эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда акциядорлик жамиятлари бошқарув ва назорат органларининг акциядорлар олдидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.


Улуғбек Алоев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун
ҳужжатлари мониторинги институти
етакчи илмий ходими.

Манба: uza.uz