Видеоконференцалоқа режимидаги хўжалик судининг мажлисини ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисида

26.08.14

Видеоконференцалоқа режимидаги хўжалик судининг мажлисини ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисида  

 ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ  

 I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Вақтинчалик Низом Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади)га мувофиқ, хўжалик судида видеоконференцалоқа (бундан буён матнда ВКА деб юритилади) режимидаги суд мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва тақдим этилган ҳужжатлар ишлаш тартибини белгилайди.

2. Хўжалик суди мажлиси ВКА режимида мазкур Вақтинчалик Низомда белгиланган тартибда ўтказилиши мумкин.

3. Шахсларнинг ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишига суд жараёнларини барча босқичларида йўл қўйилади.

4. ВКА режимидаги суд мажлиси хўжалик судларининг фақат тегишли ускуналар билан жиҳозланган суд мажлиси залида ўтказилиши мумкин.

5. Ушбу Вақтинчалик Низомда қуйидаги асосий тушунчалар фойдаланилади:

видеоконференцалоқа (ВКА) – икки ва ундан ортиқ хўжалик судларининг реал вақт давомида улар ўртасида ўзаро аудио ва видео ахборотлар алмашинуви имконияти мавжуд бўлган интерактив телекоммуникация техногияси;

ишни кўраётган хўжалик суди – хўжалик иши иш юритувида бўлган хўжалик суди;

ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди – ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказиш бўйича техник ва бошқа шартларни таъминлайдиган, ишни кўраётган хўжалик судидан бошқа ҳудудда жойлашган хўжалик суди;

ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ходими – ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишни ташкил этишга ва техник кузатувига масъул бўлган хўжалик суди ходими;

суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш жадвали – Олий хўжалик суди раисининг буйруғи билан тасдиқланадиган ҳар бир хўжалик судида суд мажлисларини ВКА режимида ўтказиш бўйича эфир вақти белгиланган жадвал.

 II. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш

 6. Хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларидан бирортаси ишни кўраётган хўжалик судига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятида (ҳудудида) жойлашган тақдирда ВКА режимидаги суд мажлиси ўтказилиши мумкин.

Судья ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда (ушбу Вақтинчалик Низомнинг 1-иловасида намунавий шакли келтирилган) ишда иштирок этувчи шахсларга, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқини кўрсатиб ўтади.

7. Иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларидан бирортаси ишни кўраётган хўжалик суди жойлашган вилоятда (ҳудудда) фаолият юритаётган бўлсада, бироқ ишни кўриш санасига бошқа вилоятда (ҳудудда) бўлган (хизмат сафари, меҳнат таътили ва бошқа ҳар қандай сабаблар бўйича ҳам) ҳолларда ушбу шахслар ҳам суд мажлисини ВКА режимида ўтказиш ҳақида илтимоснома билдиришга ҳақли ҳисобланади.

Бундай илтимоснома юзасидан судья томонидан ажрим қабул қилиниб, ишни судда кўришга тайёрлаш чораси сифатида унинг илтимосномасида кўрсатилган хўжалик суди орқали ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилади.

8. ВКА режимидаги суд мажлиси ўтказилишининг аниқ санаси ва вақти судья томонидан ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходими билан келишилган ҳолда “Суд мажлисларини ВКА режимида ўтказиш жадвали”дан келиб чиқиб белгиланиши лозим.

9. Ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходими ВКА режимидаги суд мажлисларини эфир вақти доирасида бўлишига, бир вақтнинг ўзида бир нечта суд мажлиси тайинланиб қолмаслигига ҳам масъул ҳисобланади.

10. Суд мажлиси котиби ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримни ишда иштирок этувчи шахсларга, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига ХПК 124-моддасида белгиланган тартибда юборилишини ҳамда бир нусхасини ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходимига рўйхат асосида имзо орқали топширилишини таъминлайди.

11. Ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходими ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримни ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик судининг электрон почта (Вақтинчалик Низомнинг 2-иловасида рўйхати келтирилган) манзилига юборади.

12. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик судига келиб тушган ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим “E-Hujjat” электрон маълумотлар базаси орқали рўйхатдан ўтказилиб, шу куннинг ўзида АКТ ходимига топширилади.

 III. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказиш

 13. Ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходими суд мажлиси ўтказилиши белгиланган вақтдан 5-10 дақиқа олдин ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди билан тўғридан-тўғри ВКА боғланишини ўрнатади, суд мажлисини техник имкониятлар даражасида ўтишини ташкил этади ва таъминлайди.

14. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик судининг АКТ ходими суд мажлиси ўтказилиши белгиланган вақтдан 5-10 дақиқа олдин ишни кўраётган хўжалик суди билан ВКА боғланиши ўрнатилганлигини текширади, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларини ВКА тизими ускуналари билан жиҳозланган хонага киришини, суд мажлисини техник имкониятлар даражасида ўтишини ташкил этади ва таъминлайди.

15. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди суд мажлисини ВКА режимида ўтказилишини бирор бир сабабга кўра таъминлай олмаган тақдирда АКТ ходими ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходимига зудлик билан телефон, факс ва бошқа алоқа воситалари орқали хабар беради. Ўз навбатида ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходими бу ҳақда иш бўйича маърузачи судьяни хабардор қилади.

16. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди билан видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган тақдирда, судья ХПК 131-моддасига асосан ишни кўришни кейинга қолдириш чораларини кўради.

17. ВКА режимидаги суд мажлиси ХПК 126, 127-моддаларида белгиланган тартибда ўтказилади.

Бунда суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди биносига етиб келган ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ваколатларини текшириш, далилларни, ёзма фикр-мулоҳазаларни иш ҳужжатларига қўшиш масаласи ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

18. Суд мажлисининг қатнашчиларига суд мажлисини эшитиш ва кўриш, саволлар бериш ва жавоблар олиш, ХПКда белгиланган бошқа процессуал ҳуқуқларидан фойдаланиш, процессуал мажбуриятларини бажариш имконияти яратилган бўлиши лозим. 

19. Суд мажлисида раислик қилувчи судья томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказиш тартиби, жумладан:

- тараф вакиллари кўрсатмаларини баланд овозда ва тушунарли баён этишлари;

- саволларга жавоб беришда, сўзга чиқиш навбати бошқа шахсга берилганда бир неча сония танаффус билан гапиришлари;

- этика қоидаларига риоя этишлари тушунтирилмоғи лозим.

20. Ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан ишончномалар, аризалар, илтимосномалар, ёзма фикр-мулоҳазалар ва бошқа ёзма далиллар суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди АКТ ходими томонидан сканер ёрдамида элекрон шаклга келтирилиб, интернет тизими орқали ишни кўраётган хўжалик судига узатилади.

21. Ишни кўраётган хўжалик суди томонидан суд мажлисида қабул қилинган ишда иштирок этаётган шахслар томонидан тақдим этилган ашёвий далиллар (видеофайллар, аудио ёзувлар, расмлар ва бошқа ашёвий далиллар) техник имкониятлар мавжуд бўлган ҳолларда АКТ ходими томонидан ВКА тизими орқали намойиш этилиши мумкин.

22. Суд мажлиси жараёнида суд мажлисини ўтказишга тўсқинлик қиладиган техник носозликлар юзага келган ҳолларда АКТ ходими судьяга ВКА режими иш фаолиятини тиклаш учун зарур бўлган муддатни маълум қилган ҳолда хабар беради.

23. Суд мажлиси жараёнида алоқа сифати ёмонлашган ҳолатда судья техник сабабларга кўра алоқа сифати яхшилангунга қадар ишни кўришда танаффус эълон қилиши ёки шу асосларга кўра ишни кўришни кейинга қолдириши мумкин.

24. Суд мажлиси баённомаси ишни кўраётган хўжалик судида ХПК    134-моддаси талаблари асосида тузилади ва унда суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги ҳақидаги маълумот кўрсатилиши керак.

25. Ишни кўриш тамомланганидан сўнг, раислик қилувчи ишни текшириш тугаганлигини эълон қилади ва хўжалик суди суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиқиб кетади. Бунда, ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари суд мажлиси залида қолади ва ВКА режими фаолияти тўхтатилмайди. Маслаҳатдан сўнг суд ҳужжатининг хулоса қисми ХПКда белгиланган тартибда эълон қилинади.

26. Раислик қилувчи томонидан суд мажлиси ёпиқ деб эълон қилингандан сўнг АКТ ходими ВКА режимини тугатади.

 

IV. ВКА режимидаги суд мажлисида тақдим этилган

ҳужжатлар билан ишлаш

 

27. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди АКТ ходими кейинги иш кунидан кечиктирмасдан суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан ишончномалар, аризалар, илтимосномалар, ёзма фикр-мулоҳазалар ва бошқа ёзма далилларни кузатув хати орқали илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати асосида ишни кўраётган хўжалик судига юборади.

28. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди томонидан юборилган ҳужжатлар ишни кўраётган хўжалик суди суд мажлиси котиби томонидан хўжалик иши материалларига белгиланган тартибда қўшилади.

V. Якуний қоидалар

 29. Ишни кўраётган хўжалик судининг АКТ ходими ВКА режимидаги ўтказилиши режалаштирилган суд мажлисларининг ҳисобини алоҳида дафтарда (ушбу Вақтинчалик Низомнинг 3-иловасида намунавий шакли келтирилган) юритиб боради.

30. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик судининг АКТ ходими ВКА режимида ўтказилиши белгиланган суд мажлисларининг ҳисобини алоҳида дафтарда (ушбу Вақтинчалик Низомнинг 4-иловасида намунавий шакли келтирилган) юритиб боради.

31. Ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи кўрсатилган суд ажримлари ишни кўраётган хўжалик судида, шунингдек ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик судида ҳар бир хўжалик суди кесимида алоҳида белгиланган тартибда сақланиб борилиши лозим.

32. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди биносига ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари келмаган тақдирда бу ҳолат суд мажлиси баённомасида акс эттирилади ва ВКА режими ёпилиб, суд муҳокамаси умумий тартибда давом этади.

33. Агарда ВКА режимида суд мажлисида иштирок этиши лозим бўлган шахс ишни кўраётган хўжалик судига келса, бу шахс суд мажлисида умумий тартибда иштирок этади. Бунда, суд мажлиси котиби ишни кўраётган хўжалик суди АКТ ходимига ВКА режимида суд мажлисини ўтказишнинг зарурати йўқлигини билдиради. Ўз навбатида, ишни кўраётган хўжалик суди АКТ ходими бу ҳақда ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди АКТ ходимини хабардор қилади.