Ахборот-коммуникация технологиялари тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилмоқда

05.06.14
Юртимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзаро рақобатни кучайтириш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, у изчил такомиллаштирилаётгани соҳада муҳим аҳамият касб этаётир.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинган бир қатор қонунлар, хусусий секторга янги имтиёз ва қулайликлар бериши баробарида, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришда ҳал қилувчи ўрин тутаётгани барчага аён.

Шу ўринда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида давлат органларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, иқтисодий сарф-харажатларни қисқартириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мамлакатимизда устувор йўналишлардан бўлиб келаётганини ҳам айтиш зарур.

Ўтган йили иқтисодиётнинг барча тармоқларига ҳамда кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали муайян ютуқларга эришилди. Буни хўжалик судларида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аввало, хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш концепцияси қабул қилинганини айтиш ўринлидир. Ҳозир судларда иш юритиш самарадорлигини электрон ҳужжат алмашинувини кенг қўллаш орқали оширишга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга киритилмоқда.

Хўжалик судларига АКТни жорий этиш Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талаблари асосида жадал олиб борилаётганини айтиш жоиз. Натижада 2013 йил 1 январдан хўжалик судларида даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби йўлга қўйилди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни қабул қилиш бўйича марказлаштирилган электрон дастурий таъминот ишга туширилди. Айни пайтда хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари мазкур дастурий таъминот орқали республиканинг исталган хўжалик судига нафақат даъво аризалари ва илтимосномаларни, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш, шунингдек, янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни қайта кўриш тўғрисидаги аризаларни ҳам ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда тақдим этмоқдалар. Эътиборлиси, 2013 йилда хўжалик судларига электрон шаклда юборилган даъво аризалари, аризалар ва илтимосномалар сони 1800 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич 15 мингтадан ошиб кетди. Бу эса 2014 йилда хўжалик судларига келиб тушган даъво аризалари ва аризаларнинг 15 фоизи электрон шаклда жўнатилганлигини кўрсатади.

2013 йил 1 июндан бошлаб хўжалик судларига электрон шаклда мурожаат қилган шахсларга суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарларни маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юбора бошланди. Бунинг учун хўжалик судлари судьялари электрон рақамли имзо билан таъминланди. Суд ҳужжатининг ҳақиқийлиги мазкур электрон рақамли имзо билан тасдиқланади. Бу ҳам амалиётда самара бермоқда. Чунончи, суд муҳокамаси иштирокчиларига 2013 йилда 1600 тага яқин суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарлар судлар томонидан электрон воситалар орқали жўнатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 21 мингтадан ошди.

Ўз навбатида, хўжалик судларига электрон шаклдаги мурожаатлар ўсиши олдимизга Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтини тубдан модернизациялаш вазифасини қўйди. Айни пайтда веб-сайтни замонавий талабга мувофиқлаштириш баробарида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, иқтисодиёт соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қиладиган янги “Электрон кутубхона” дастурий таъминотини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Яъни унга тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларида фойдаланадиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати қарорлари, суд амалиёти умумлашмалари, суд ҳужжатлари ва уларнинг намуналари жойлаштирилаяпти.

Тизимда электрон ҳужжат айланишини, хусусан, ҳужжатларни қабул қилиш ва улар билан ишлаш, статистик маълумотларни тузиш, ижроси устидан назорат ва мониторинг олиб борувчи марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси амалиётга жорий қилингани эса фаолиятимизни янада кучайтирди.

Ҳозирги кунга қадар хўжалик судларида келиб тушган даъво ариза, ариза ва бошқа хат-хабарларни қайд этиш юзасидан фойдаланиб келинаётган электрон маълумотлар базаси замон талаби асосида тубдан модернизация қилинди. 2014 йил 1 январдан бошлаб синов сифатида Олий хўжалик суди ва барча қуйи хўжалик судлари фаолиятини бирлаштирган ягона электрон база ишга туширилди, бунинг учун зарур ускуналар ўрнатилди.

Натижада бугунги кунга келиб хўжалик судларига даъво аризалари, аризалар, шикоятлар ва илтимосномаларнинг келиб тушиши, муддатида рўйхатга олиниши, судьялар томонидан чиқарилаётган ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ва жўнатилиши, суд муҳокамаларининг бошқа кунга қолдирилиши, статистик ҳисоботлар ҳаққонийлиги, суд қарорларининг ижро этилиши ҳамда суд фаолиятига оид бошқа маълумотларни Олий хўжалик судида электрон тармоқ орқали мониторинг ва назорат қилиб бориш имконияти кенгайди. Мазкур ишларнинг давоми сифатида 2014 йил июль ойидан бошлаб Олий хўжалик суди ва қуйи хўжалик судларида янги электрон база тўлиқ ишга туширилиши ва ягона ҳимояланган корпоратив электрон почта тизими орқали электрон ҳужжатлар айланишини амалга ошириш режалаштирилган.

2014 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун билан Хўжалик процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилдики, бу хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имкониятини яратиш орқали соҳа фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Cуд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш ҳақида гапирадиган бўлсак, хўжалик ишини кўраётган суд мажлисига қатнашиши лозим бўлган бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектлари шу судга келмасдан ўзлари жойлашган ҳудуддаги хўжалик судининг биносига келиб, видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида иштирок этади. Хўжалик процессуал кодексига киритилган бу борадаги қўшимчалар 2014 йилнинг 1 сентябридан эътиборан кучга киради.

Амалдаги Хўжалик процессуал кодекси қоидаларига кўра, хўжалик судида муайян ишни кўриш шу ишни кўраётган суднинг биносидаги мажлисда амалга оширилади. Бундай тартиб иш кўрилаётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тарафлар учун, кассация шикояти Олий хўжалик судида кўрилаётганда иккала тараф учун ҳам анча вақт ва кўп миқдордаги маблағларни талаб этади.

Маълумотларга қараганда, 2011 — 2013 йиллар мобайнида хўжалик судлари томонидан биринчи инстанцияда фуқаролик ҳуқуқий ¬муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўриб чиқилган 245 846 та ишдан 24 750 таси, яъни 10,06 фоизида бир тараф ишни кўраётган хўжалик судидан бошқа ҳудудда жойлашган. Бундан ташқари, шу ишларнинг 7 мингтаси бўйича ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган. Натижада ишни кўраётган хўжалик суди суд мажлисида иштирок этиш учун 30 минг¬дан ортиқ тараф вакиллари бошқа ҳудуддан, яъни бошқа вилоятлардан келган.

Яна бир мисол: кейинги уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар хўжалик судларида кўрилган (Тошкент вилояти ва шаҳридан ташқари) 3268 та иш Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси суди томонидан кўрилган. Улардан 900 га яқинида ишни кўриш кейинга қолдирилган. Натижада кассация инстанцияси суд мажлисида иштирок этиш учун жами 8 мингдан ортиқ тарафлар вакиллари бошқа ҳудуддан пойтахтга келиб кетган.

Шу жиҳатдан қарасак, 2014 йилнинг 1 сентябридан бошлаб суд мажлисларининг видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб қулайликлар яратади. Аввало, сарф-харажатлар кескин камаяди, ортиқча вақт йўқотиш ҳамда оворагарчиликларнинг олди олинади. Аниқ айтадиган бўлсак, даъвогар Андижон вилоятида, жавобгар Хоразм вилоятида жойлашган бўлса, даъвогар суд муҳокамасида қатнашиш учун Андижон вилояти хўжалик суди биносига, жавобгар эса Хоразм вилояти хўжалик суди биносига келиши кифоя қилади.

Таъкидлаш керакки, видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишга доир Хўжалик процессуал кодексига киритилган қўшимчалар ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни кўраётган суд биносидаги мажлисда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини чекламайди. Хусусан, мазкур янги нормаларда шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланиб, шу тизимнинг процессуал хусусияти мустаҳкамланди.

Жумладан, шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқлари ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши белгиланди. Бу ажрим ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ва уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган, улар жойлашган ҳудуддаги хўжалик судига юборилади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди эса суд жараёни пайтида ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа қатнашчилари вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган ёзма далилларнинг ишни кўраётган хўжалик судига юборилишини таъминлайди. Яъни ишни кўриш вақтида суд томонидан ҳар қандай ҳужжатларнинг нусхасини зудлик билан олиш имконини берадиган техник воситалар суд мажлиси залларига ўрнатилади. Ҳужжатларнинг асл нусхалари эса кейинчалик ишга қўшиш учун видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд томонидан ишни кўрган судга юборилади.

Бундан ташқари, давлат сири ёки тижорат сирини сақлаш мақсадида ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида кўришга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Суд харажатлари таркибига ишни кўриш билан боғлиқ чиқим сифатида суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш харажатларини акс эттириш мақсадида Кодекснинг 90-моддасига қўшимча киритилиб, мажлисни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатни қоплаш тартиби белгиланди. Унга кўра, бундай харажат суммаси хўжалик суди томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича, қоида тариқасида, қаноатлантирилган даъво талабларига мутаносиб равишда ундирилади.

Бу харажатларга фақатгина видеоконференцалоқани таъминловчи интернет харажатларини киритиш режалаштирилган. Муҳими, бу харажатлар тарафлар бевосита бошқа ҳудуддаги судга қатнаганларида сарфланадиган харажатлардан бир неча маротаба кам бўлади.

Умуман, Хўжалик процессуал кодексига киритилган қўшимчалар процесс иштирокчиларига ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмасдан, вақт ва маблағини тежаган ҳолда, суд мажлисида иштирок этишларига имконият яратиши баробарида, судда ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига замин ҳозирлайди.

Шунингдек, видеоконференцалоқа тизими Олий хўжалик судининг хўжалик судлари тизими фаолиятини ташкиллаштириш ва унинг устидан назорат ҳамда мониторингни олиб бориш борасидаги ваколатлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Мазкур тизим жойларда видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётган суд мажлисини кузатиб бориш, маълумотларни судларга тезкорлик билан етказиш, масофавий йиғилишлар, семинарлар ва конференцияларни ўтказиш, уларда қуйи хўжалик суди судьяларининг масофадан туриб иштирок этишларида қўл келади.

Видеоконференцалоқа тизимининг жорий этилиши вилоятлардаги тадбиркорлар, фуқаролар учун Олий хўжалик суди раҳбариятининг шахсий қабулларини ташкил этишда ҳам айни муддаодир.

Айни пайтда хўжалик судларида видеоконференцалоқа тизимини амалиётга татбиқ этиш ишлари изчил олиб борилмоқда. “Ўзбектелеком” компанияси билан ҳамкорликда оптик толали алоқа тармоғини хўжалик судларига улаш ишлари якунига етказилди. Судья ва суд ходимларининг малакасини ошириш, ахборот хавфсизлигини, тизимлар ва ресурсларни ҳимоя қилиш мақсадида эса ўқишлар ташкил қилинди.

Хулоса ўрнида айтганда, Хўжалик процессуал кодексига киритилган ушбу қўшимчалар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, одил судлов фаолияти сифат ва самарадорлигини ошириши баробарида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини тўла таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Козимжон КАМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди раиси.